Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Путин ядро бомбаси синовларига тайёрланишни топширди

5 ноябр куни Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишида қатнашган Владимир Путин «агар бошқа давлатлар ядро синовларини бошласа, Россия ҳам шундай қилишга тайёрлигини» маълум қилди.

Путин хавфсизлик ходимларига АҚШнинг ядро синовлари билан боғлиқ хабарларни текширишни, агар у тасдиқланса, Россиянинг ўз синовларига тайёргарлик кўришни буюрди. Россия охирги марта 1990 йилда, ҳали СССР таркибида бўлган пайтда ядро синовларини ўтказган эди.

«Шу муносабат билан махсус хизматларга ва тегишли фуқаролик идораларига ушбу масала бўйича қўшимча маълумот тўплашни, уни таҳлил қилишни ҳамда ядро қурол синовларини тайёрлашни бошлаш имконияти юзасидан мувофиқлаштирилган таклифларни киритишни топшираман», деган Путин.

Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов Путинга АҚШнинг сўнгги ҳаракатларини инобатга олиб, тўлиқ кўламли ядро синовларига дарҳол тайёргарлик кўришни мақсадга мувофиқ деб айтди.

Белоусовга кўра, Россиянинг Новая Земля оролларидаги синов майдони тайёргарлик ҳолатида ва бу жойда қисқа муддат ичида синовлар ўтказиш мумкин.

Россия шимолида жойлашган бу ороллар мажмуасида СССР тарихдаги энг қудратли ядро портлаши — «Цар-бомба» синови ҳам ўтказилганди.

Русларнинг бу баёноти — АҚШ президенти Доналд Трампнинг ядро бомбаси синовлари ҳақидаги эълонидан кейин янграмоқда.

АҚШнинг ракета синови

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Minuteman III туридаги ядро каллагини олиб юриш қобилиятига эга қитъалараро баллистик ракетасини жанговар каллаксиз синовдан ўтказди.

Синов парвози Калифорниядаги Ванденберг Космик Кучлари базасидан амалга оширилди. Ракета тахминан 6,7 минг км масофани босиб ўтиб, ўз нишонига етиб борди. «GT 254 деб номланган ушбу синов Америка миллий мудофааси таянчларидан бири бўлган «Қитъалараро Баллистик Ракета» тизимининг доимий ишончлилиги, жанговар тайёргарлиги ва аниқлигини баҳолашга қаратилган», дейилади баёнотда.

Бир неча кун аввал президент Доналд Трамп Вашингтоннинг ядро синовларига қайтишини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, АҚШда «сайёрани 150 марта портлатишга етадиган» миқдорда ядро қуроллари мавжуд.