Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ-Эрон дастлабки келишуви ва Британия қўлга олган Россия танкери – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ ва Эрон дастлабки келишувга эришди
АҚШ ва Эрон расмийлари – урушни тугатиш, Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан блокадасини тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш бўйича келишиб олди.
«Эрон Ислом Республикаси билан келишув энди тўлиқ якунланди» деб ёзди АҚШ президенти якшанба куни кечга бориб.
Трампнинг айтишича, Эрон бир неча ойдан бери амалда ёпиб қўйган, жаҳон нефт ва газ таъминотининг асосий юк ташиш йўналиши бўлган Ҳўрмуз бўғози жума куни очилади. Унинг ўзи ҳам АҚШ ҳарбийларига Эрон портлари блокадасини тугатиш ҳақида буйруқ берган.
«Дунё кемалари, двигателларингизни ишга туширинг. Нефт оқсин!» деб ёзди Трамп.
Reutersʼга кўра, бу хабардан кейин нефт нархи пасайди. Хусусан, Брент маркали нефт фючерслари 4 фоизга арзонлашди. Осиё фонд бозорларида кескин кўтарилиш кузатилди.
Урушда воситачилик вазифасини бажарган Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф эса ушбу пакт «барча жабҳаларда, шу жумладан, Ливанда ҳам ҳарбий операцияларни зудлик билан ва бутунлай тўхтатишини» айтди.
Ливан музокаралардаги энг баҳсли масалалардан бири бўлиб келаётган эди. Чунки Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» Трамп ва бошқаларнинг ҳужумларни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларини инобатга олмаётганди.
Англашув меморандуми 19 июн куни Женевада расман имзоланиши режалаштирилган. Аммо келишувнинг батафсил шартлари ҳозирча маълум эмас.
Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котибияти ҳам душанба оқшомидан бошлаб барча жабҳаларда уруш ва ҳарбий операциялар бутунлай тўхтатилишини тасдиқлади.
Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосарига кўра, 60 кунлик оташкесим даврида уларга нисбатан санкцияларни юмшатиш ва ядро дастури тақдири ҳам кўриб чиқилади.
Музокараларда қатнашмаган Исроил ушбу эълонга нисбатан ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдирмади.
Янги келишув эълонидан сўнг можарони кузатиб келаётган халқаро етакчилар ушбу эълонни мамнуният билан кутиб олди.
Буюк Британия, Германия, Франция ва Италия қўшма баёнотда Эрон ядро дастурини чеклаш бўйича «қадам қўйилиши»га жавобан Теҳронга нисбатан санкцияларни бекор қилишга тайёр эканини билдирди.
Россия–Украина ҳужумлар алмашди
Душанбага ўтар кечаси Россия Украинага сўнгги икки ҳафта ичидаги энг кучли ҳаво ҳужумини уюштирди. Оқибатда камида 9 киши ҳалок бўлди, Украинанинг маънавий ҳамда маданий тарихи рамзи ҳисобланган монастирда ёнғин чиқди.
Киев ҳарбий маъмуриятига кўра, 1051 йилда асос солинган ва ЮНEСКО рўйхатига киритилган Киев-Печерск Лавра монастири тўғридан тўғри ҳужум натижасида жиддий зарар кўрган. Монастир узра баланд олов кўтарилаётган бир пайтда, аҳоли ерости бошпаналарига яширинган.
Киев расмийларига кўра, дрон ва ракеталар бир нечта кўп қаватли уйлар ва электр узатиш линияларига зарар етказган. Оқибатда 140 мингга яқин аҳоли электр энергиясиз қолган. Киевда жами тўрт киши ҳалок бўлган ва 23 киши жароҳатланган.
Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харковга берилган Россия зарбалари оқибатида фавқулодда хизматнинг беш нафар қутқарувчиси ҳалок бўлди, яна беш нафари жароҳатланди. Сумида эса уч киши, жумладан, бир бола яраланган.
Душанба куни эрта тонгда Россия ҳам Украина дронларини қайтаришига тўғри келди. Хусусан, Москвадан жанубда жойлашган саноат маркази — Россиянинг Тула шаҳрига уюштирилган дрон ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди ва яна уч киши, жумладан, бир ёшли бола жароҳатланди.
Украина, шунингдек, тунда Қрим яриморолини Россия назоратидаги ҳудудлар билан боғлайдиган иккита кўприкка зарба берди. Киев Қримни таъминотдан узиб қўйишга ҳаракат қилмоқда.
Бразилияда икки вертолёт тўқнашди
Бразилияда икки вертолёт ҳавода тўқнашиб кетиши оқибатида олти киши ҳалок бўлди. 14 июндаги фожиа Рио-де-Жанейро шаҳри осмонида содир бўлган: тонгда икки вертолёт ҳавода тўқнашиб кетган ва шундан сўнг ерга қулаб тушган.
Вертолётлардан бирида беш нафар йўловчи, иккинчисида эса фақат учувчи бўлган. Ҳодиса оқибатида барча йўловчилар ва пилот ҳалок бўлган.
Халқаро ахборот агентликларига кўра, қурбонлар орасида 32 ёшли америкалик хонанда Оливер Три ҳам бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида, шунингдек, бразилиялик мусиқа продюсери, аргентиналик видеорежиссёр ва YouTube блогери Гаспар Прим ҳам борлиги айтилмоқда.
Тўқнашувдан кейин ҳар икки вертолёт электромобиллар автосалони ҳудудига қулаб тушган. Зарба оқибатида ёнғин келиб чиққан ва қарийб 20 та автомобил ҳам ёниб кетган.
Қутқарувчилар ҳозирда ҳодиса сабабларини ўрганмоқда. Терговнинг дастлабки босқичида техник носозлик, инсон омили ёки парвозларни мувофиқлаштиришдаги хатолар эҳтимоли кўриб чиқилмоқда.
Расмийларнинг билдиришича, қурбонларнинг жасадлари қаттиқ куйгани сабабли уларни дарҳол таниб олиш имкони бўлмаган. Шу боис шахсларни аниқлаш учун қўшимча экспертизалар ўтказилмоқда.
Британия Россия танкерини қўлга олди
Якшанба куни Ла-Манш бўғозида Буюк Британия Россиянинг «яширин флоти»га тегишли нефт танкерини қўлга олди. Бу Британия томонидан Россия кемасига қарши мустақил равишда амалга оширган биринчи операциядир.
Ҳукумат томонидан эълон қилинган рейд видеосида Британия ҳарбийлари арқонлар ёрдамида кемага тушаётгани, расмийлар эса ҳужжатларни кўздан кечираётгани акс этган.
Камерун байроғи остида сузаётган «Smyrtos» кемасига қарши Қироллик денгиз пиёда кучлари ва Жиноятчиликка қарши кураш миллий агентлиги вертолётлар, фрегат ва мина қидирувчи кема кўмагида рейд уюштирган. Подполковник Том Куин ҳарбийлар ҳеч қандай қаршиликка дуч келмаганликларини айтди.
«Ушбу муваффақиятли операция Россияга яна бир зарба бўлди ва Путиннинг Украинадаги урушини оловлантираётганлар яширинишига йўл қўймаслигимизни эслатиб қўяди», деди бош вазир Кир Стармер.
Ҳукумат баёнотида айтилишича, тергов давомида танкер Англиянинг жанубий қирғоқларида ушлаб турилади ва назорат қилинади. Буюк Британия шу кунгача Россия «яширин флоти»га тегишли 600 га яқин кемаларига қарши санкция жорий қилган.
Украина президенти Володимир Зеленский танкер ушлангани учун Британияга миннатдорлик билдирди. Киев ўз иттифоқчиларини Россиянинг «яширин флоти»га қарши чораларни кучайтиришга ундаб келмоқда.
Францияда G7 саммити
Бой давлатларнинг «Катта еттилик» (G7) гуруҳи етакчилари Франциядаги курортда учрашмоқда.
Эрон бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилиш 15-17 июн кунлари бўлиб ўтадиган саммитда ҳал қилиниши керак бўлган масалалардан бири бўлади. Ушбу саммитда Украинадаги уруш бўйича умумий тил топишиш ва глобал иқтисодий номутаносибликларга қарши курашиш ҳам кўриб чиқилади. Шунингдек, асосий етказиб берувчи бўлган Хитойдан ташқарида муҳим фойдали қазилмаларни қидириб топиш масаласи ҳам долзарб.
АҚШ президенти Доналд Трамп душанба куни Эвиан-ле-Бенга ушбу йиғилиш учун етиб келиши кутилмоқда. Саммит давомида Трамп Яқин Шарқ етакчилари билан учрашиши ва Украина президенти Володимир Зеленский билан ишчи сессияда иштирок этиши режалаштирилган.
Душанба куни Трампни Франция президенти Эммануэл Макрон кутиб олади. Макрон учун ушбу саммит келгуси йили якунига етадиган охирги президентлик муддатида ўзига хос дипломатик чўққи вазифасини ўтайди.
G7ʼга — АҚШ, Канада, Франция, Германия, Буюк Британия, Италия ва Япония расман аъзо. Бу йилги тадбирга Бразилия, Ҳиндистон, Кения ва Жанубий Корея ҳам мунозараларга қўшилиш учун таклиф қилинган.
Мавзуга оид
14:40 / 12.06.2026
Трампнинг «ажойиб келишуви» ва Мексикада бошланган футбол байрами – кун дайжести
16:14 / 11.06.2026
Яқин Шарқда уруш ҳаракатлари тикланяпти, Покистон яна қўшнисини бомбалади – кун дайжести
14:23 / 10.06.2026
Ҳўрмузда уриб туширилган «Apache» ва Доғистонда катта портлаш – кун дайжести
15:29 / 09.06.2026