Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ—Марказий Осиё
6 ноябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Марказий Осиёнинг беш давлати: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари билан учрашди.
Трамп Марказий Осиёни «ниҳоятда бой минтақа» деб атаб, АҚШнинг бу беш давлат билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашни исташини айтди.
«Кун тартибимиздаги энг муҳим масалалардан бири — стратегик минераллар», деди Трамп. «Сўнгги ҳафталарда маъмуриятим дунё бўйлаб иттифоқчилар ва дўстлар билан битимлар тузиш орқали АҚШнинг иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлади, бу бизнинг стратегик минерал таъминот занжирларимизни кенгайтириш имконини берди».
Учрашув Марказий Осиёнинг бой табиий ресурслари — уран, мис, олтин ва «камёб ер элементлари» учун кучайиб бораётган рақобат фонида ўтди. Ғарб давлатлари Москва ва Пекинга қарамликни камайтириш мақсадида янги таъминот йўлларини излаётган бир пайтда, АҚШ ҳам стратегик минераллар билан ўзини таъминлаш учун янги шерикликлар изламоқда.
Учрашув арафасида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Исроил ва мусулмон давлатлари ўртасида муносабатларни нормаллаштирган «Иброҳим келишувлари»га қўшилишини билдирди. Ўзбекистон эса Трампга Марказий Осиёда доимий котибият ташкил этишни таклиф қилди.
АҚШ ва C5 давлатлари вакиллари стратегик минераллар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзолаши кутилмоқда.
Хусусан, Қозоғистон ва Ўзбекистон биргаликда дунёдаги уран ишлаб чиқаришнинг ярмидан ортиғини ташкил этади — бу эса АҚШ атом энергетикаси учун муҳим манба, чунки ядро энергияси АҚШ электр энергиясининг сезиларли қисмини таъминлайди.
Трамп маъмурияти даврида АҚШ стратегик минералларни ҳимоя қилиш ва Хитойга қарамликни камайтириш учун кўп йўналишли стратегияни амалга оширмоқда.
Исроил яна Ливанга ҳужум қилди
Исроил ҳарбий ҳаво кучлари 6 ноябр куни жанубий Ливандаги бир нечта шаҳарларни бомбардимон қилди. Ҳарбийлар бу амалиётни «Ҳизбуллоҳнинг қайта қуролланишига йўл қўймаслик» деган баҳона билан оқламоқда.
Исроил қирувчи самолётлари 3 шаҳарни зарбага тутди. Бу ҳужумлардан бир соат аввал аҳолини эвакуация қилиш бўйича огоҳлантиришлар юборилган.






