Жаҳон | 23:27 / 08.11.2025
11235
2 дақиқада ўқилади

Хитой лабораторияси кексайишга қарши дори ишлаб чиқди

Тадқиқотларда узум данагидан олинган процианидин C1 (PCC1) сичқонларнинг умр кўриш давомийлигини узайтириши аниқланди.

Фото: Cfoto / Keystone Press Agency / Global Look Press

Хитойда узоқ умр кўриш технологияларига ихтисослашган Lonvi Biosciences лабораторияси мавжуд, деб ёзди The New York Times (NYT).

Lonvi Biosciences - узоқ умр кўриш тиббиёти соҳасидаги стартап. Лаборатория Хитойнинг жанубидаги Шенчжен шаҳрида жойлашган. Компания узум данаги экстракти таркибидаги бирикма асосида кексайишга қарши таблеткалар ишлаб чиқди.

Компания усуллари бир гуруҳ шанхайлик олимлар томонидан эълон қилинган тадқиқотларга асосланган бўлиб, улар узум данагидан олинган процианидин C1 (PCC1) сичқонларнинг умр кўриш давомийлигини 9,4 фоизга ошириши ва даволаниш бошланганидан бери уларнинг умрини 64,2 фоизга узайтиришини аниқлади.

«150 ёшгача яшаш мумкин. Бир неча йилдан кейин бу ҳақиқатга айланади», деди бош техник директор Лю Цинхуа.

Узум данаклари Ғарбда фойдали маҳсулот сифатида аллақачон маълум бўлган, уларнинг мойи косметологияда терини ёшартириш учун ҳам ишлатилади.

Илгари Хитойда узоқ умр кўриш бизнеси фирибгарликка яқин деб ҳисобланган, деб ёзди NYT. Бироқ, давлат ва хусусий компанияларнинг инвестициялари, шунингдек, Хитой раҳбарияти ва жамоатчилик томонидан унга бўлган қизиқишнинг ортиши уни тиббиётнинг қонуний ва баъзи ҳолларда даромадли соҳасига айлантирди, дея таъкидламоқда газета.

2024 йилда Хитойда ўртача умр кўриш давомийлиги 79 ёшга етди, бу дунёдаги ўртача кўрсаткичдан беш йилга юқори, дейилади материалда.

Шу йил 3 сентябрь куни Пекиндаги ҳарбий параддан олдин Хитой раиси Си Жинпинг ва Россия президенти Владимир Путиннинг 150 йил яшаш ёки умрбоқийлик ҳақидаги суҳбати тасодифан жонли эфирга тушиб қолди. 72 ёшли Си ва Путин таржимонлар орқали инсоннинг узоқ умр кўриши ёки тана аъзоларини кўчириб ўтказиш орқали умрбоқийликка эришиш ҳақида гаплашган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид