Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Филиппинда янги тўфон, Украинадаги «оғир тун» ва муваффақиятсизликка юз тутаётган Саудия мегалойиҳалари – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШда «shutdown» якунланиши мумкин
9 ноябр куни АҚШ Сенати федерал ҳукуматни қайта очиш ва 40 кундан буён давом этаётган «shutdown»ни тугатишга қаратилган чорани илгари сурди.
Сенаторлар муҳокама жараёнида Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасини олдинга сурди. Агар Сенат бу лойиҳани маъқулласа, Вакиллар палатаси томонидан қайта тасдиқланиб, президент Доналд Трампга имзо учун юборилиши керак. Бу жараён бир неча кун давом этиши мумкин.
Reutersʼнинг музокаралар билан таниш манбасига кўра, ўз партияси раҳбариятига қарши чиққан бир неча демократлар республикачилар билан келишган. Республикачилар декабр ойида «Obamacare» дастури бўйича субсидияларни узайтириш юзасидан овоз беришга рози бўлишган.
Конгрессдаги баҳслар давом этаётганда Трамп якшанба куни «Obamacare» субсидияларини бекор қилиб, уларнинг ўрнига тўғридан тўғри фуқароларга тўловлар йўналтириш таклифини яна илгари сурди. «Ўйлайманки, биз «shutdown» якунига жуда яқинмиз», - деди Трамп Оқ уйда овоз беришдан аввал журналистларга.
Агар ҳукумат фаолияти тез орада қайта тикланмаса, АҚШ иқтисодий ўсиши тўртинчи чоракда манфий кўрсаткичга ўтиши мумкин, деб огоҳлантирди Оқ уй иқтисодий маслаҳатчиси Кевин Ҳассетт.
Якшанба куни АҚШда ҳукумат ёпилганига 40 кун тўлди. Тўхталишлар сабабли АҚШда минглаб федерал ходимлар ишсиз қолган, озиқ-овқат ёрдами кечиккан ва ҳаво қатнови издан чиққан.
Украинанинг кўплаб ҳудудлари электрсиз қолди
Россия Қуролли кучларининг «Центрэнерго» ташқи иссиқлик электр станциялари ва бошқа энергетик инфратузилмаларга ҳужумидан кейин Украина бўйлаб электр таъминоти бўйича оммавий муаммолар қайд этилди. «Укрэнерго»нинг 9 ноябрдаги баёнотига кўра, якшанба куни мамлакатнинг кўп минтақаларида электр таъминотидаги танаффуслар 16 соатгача бўлди.
Хусусан, Киевда ўчиришлар давомийлиги сутка давомида 9,5-13,5 соат оралиғида бўлиши мумкин. Маҳаллий пабликларда айрим объектлар қоронғиликка чўмгани акс этган кадрлар эълон қилинмоқда. Бироқ кўплаб дўкон ва дорихоналар генераторлар ва муқобил таъминот манбаларига уланган.
Харкивда қисман блэкаут кузатилган. «Харкивда электр энергияси етишмовчилиги сезиларли. ʼУкрэнергоʼ мажбурий авариявий ўчиришларни жорий этмоқда», — деб ёзди мэр Игор Терехов. Тереховга кўра, метро паноҳгоҳ режимида ишлаяпти.
«Бутун мамлакат бўйлаб — Лвивдан Сумгача, Одессадан Черниховгача — энергетиклар навбатдаги Россия зарбалари оқибатларини бартараф этмоқда», - деди у.
Полтава вилояти ҳарбий маъмурияти раиси Владимир Когут ҳам шаҳарда электр, сув ва иссиқлик таъминотида узилишлар борлигини маълум қилди. Аҳоли камида 10 соат электрсиз қолиши мумкин.
Украина энергетика вазири Светлана Гринчук Россиянинг тунги ҳаво ҳужумидан сўнг, 8 ноябрга ўтар тун – 2022 йил февралдан бери «энг оғир тунлардан бири» бўлганини таъкидлади.
Британия Белгияга ҳарбийларини юборди
Буюк Британия Белгияга дронлар билан боғлиқ хавф ва парвозлар узилишига қарши курашишда ёрдам бериш учун мутахассислар ҳамда техник жиҳозлар юбормоқда.
«Белгия Қуролли кучлари раҳбари биздан ёрдам сўради, ўтган ҳафтанинг охирида мудофаа вазири билан биргаликда биз одамларимиз ва жиҳозларимизни Белгияга юборишга қарор қилдик», - деди Британия қуролли кучлари бошлиғи Ричард Найтон.
У юбориладиган техника тури ёки ҳарбийлар сони ҳақида аниқ маълумот бермади.
Найтон шунингдек, дронлар ким томонидан бошқарилаётгани ҳали номаълумлигини айтиб, Россия сўнгги йилларда «гибрид уруш» услубларини қўллаб келаётганини эслатди. Россия эса бу ҳодисаларга алоқадорлигини қатъиян рад этди.
Сўнгги ҳафталарда Белгияда аэропортлар ва ҳарбий базалар устида номаълум дронлар пайдо бўлди. Бу ҳодисалар Европанинг турли ҳудудларида юз берган катта узилишларнинг давоми сифатида баҳоланмоқда.
Саудия мегалойиҳалари
Саудия Арабистонининг Neom каби футуристик мегалойиҳалари нефт иқтисодиётидан рақамли иқтисодиётга ўтишдаги тўхтовсиз тараққиёти рамзига айланиши керак эди. Бироқ лойиҳа илгарилаган сари реалликка дуч келмоқда.
The Line — саудларнинг Neom лойиҳаси марказий элементи бўлиб, 170 километр узунликдаги, фақат пиёдалар ва жамоат транспорти учун мўлжалланган чизиқсимон шаҳар сифатида лойиҳалаштирилганди.
Горизонтал осмонўпар бино сифатида мўлжалланган лойиҳа меъморлари бундай иншоотни режадагидай барпо этиш мумкинми ёки йўқми, деган шубҳаларни билдирди. Қиймат ошди, муддатлар сурилди, Ар-Риёд умид қилган чет эл инвестициялари эса келмади.
Бугунга келиб, камида 50 миллиард доллар сарф этилганига қарамай, қурилиш ишлари саҳрода қатор ҳавозалар ўрнатиш билан чекланди, манзара бўйлаб чуқур хандақлар тортилган.
Financial Times нашри билан суҳбатлашган кўплаб инсайдерлар: меъморлардан тортиб муҳандислар ва собиқ топ-менежерларгача — ғоянинг физика қонунлари, нарх-наво ва сиёсий реалликлар босимида амалда муваффақиятсизликка юз тутганини қайд этди.
Келажакда баландлиги бир километрга етиши режалаштирилган Jeddah Tower минораси қурилиши эса шу йил қайта тикланди ва ҳафтасига бир қават суръатига чиқди. Ҳозирда 76-қават барпо этилмоқда.
Филиппинда янги тўфон
«Fung-wong» тўфони якшанба кечаси шимолий Филиппинни вайрон қилиб ўтди, камида икки кишининг ўлимига сабаб бўлди ва айрим шаҳарларни ташқи дунёдан узиб қўйди. Душанба тонгида аҳолининг кўпи уйқусиз кечадан сўнг зарар миқдорини баҳолашга киришди.
Тайфун сабабли қарийб бир миллион киши хавфсиз жойларга кўчишга мажбур бўлган. Ҳукумат вакилларининг маълумот беришича, об-ҳавонинг ёмонлашиши оқибатида ишхона ва таълим муассасалари вақтинчалик ёпилган. Мамлакатнинг марказий ва жануби-шарқий қисмларида энг юқори – бешинчи даражадаги хавф эълон қилинган.
Давлат об-ҳаво агентлиги хабарига кўра, тайфун ҳозир Жанубий Хитой денгизи устида ҳаракатланмоқда ва Тайванга қараб шимоли-шарққа бурилиши кутилмоқда.
Фуқаролик авиация бошқармасининг маълум қилишича, якшанбадан бери 400 дан ортиқ рейс бекор қилинган.
«Fung-wong» бу йил Филиппинга зарба берган 21-бўрон бўлиб, ўтган ҳафтада келган Калмаэги тўфони эса Филиппинда 224 киши, Ветнамда эса яна 5 кишининг ҳаётига зомин бўлганди. Аслида ҳали бу тўфон оқибатлари ҳам ҳали бартараф этилмаганди.
Мавзуга оид
14:41 / 17.06.2026
G7'да кўтарилган масалалар ва Россия нефт саноатини нишонга олаётган Украина – кун дайжести
15:42 / 16.06.2026
АҚШ ва Россияда бомбардимончилар қулади, Швецияда муҳожирлар учун янги тартиб – кун дайжести
13:51 / 15.06.2026
АҚШ-Эрон дастлабки келишуви ва Британия қўлга олган Россия танкери – кун дайжести
14:40 / 12.06.2026