Жаҳон | 13:38 / 13.11.2025
1573
3 дақиқада ўқилади

ГФР: Киевга ёрдам коррупция можаросидан қатъи назар сақланади

ГФР ТИВ раҳбари Йоханн Вадефул Украинада коррупцияга кескин кураш олиб бориш зарурлигини таъкидлади. «Еттилик» мамлакатлари Киевни қўллаб-қувватлашга содиқ эканини тасдиқлади.

Йоханн Вадефул Фото: Juliane Sonntag/AA/photothek.de

Германия ва унинг Европа ҳамкорлари Украинадаги коррупция можаросига қарамасдан, Киевни Россиянинг қуролли тажовузига қарши мудофаа курашида қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул 12 ноябр куни Канадада бўлиб ўтган «еттилик» ТИВ раҳбарлари учрашуви доирасида маълум қилди.

«Биз Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибихага Ғарб томонидан қўллаб-қувватлаш ишончли бўлиб қолиши учун Украинада коррупцияга қатъий кураш зарурлигини аниқ етказдик», — деди Вадефул журналистларга.

Вадефул аввалроқ Ниагара-он-зе-Лейк шаҳридаги G7 анжумани доирасида ЕИнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Кая Каллас, шунингдек Франция ва Италия ташқи ишлар вазирлари Жан-Ноэл Барро ва Антонио Таяни билан учрашди. Унинг айтишича, қатнашчилар Украина ва унинг мустақил антикоррупция органларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришини тасдиқлади.

Украина президенти Володимир Зеленский энергетика соҳасидаги коррупция можароси фонида адлия вазири Герман Галушченко ва энергетика вазири Светлана Гринчукни истеъфога чиқишга чақирди. Зеленский антикоррупция идораларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришини тасдиқлади.

Тергов маълумотларига кўра, кўп миллион долларлик иш фақат энергетикадаги поралар ҳақида эмас, мудофаа саноати ҳақида ҳам кетмоқда. Асосий гумонланувчи — президент Зеленскийнинг бизнес ҳамкори Тимур Миндич ҳибсдан қочиб, чет элга чиқиб кетган.

Вадефулнинг айтишича, Онтарио провинциясидаги учрашув якуни бўйича G7’нинг Украинага нисбатан илгариги позициясини тасдиқловчи қўшма баёнот қабул қилиниши кутилмоқда. «G7 гуруҳи Украина томонида. Илгари айтган ва позициямиз бўлиб қолган барча баёнотларни ушбу конференцияда тасдиқлаяпмиз», — деди у.

Канада ташқи ишлар вазири Анита Ананднинг таъкидлашича, мамлакат Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий этади. Улар, жумладан, Россия дронлари ишлаб чиқиш ва қўллашда иштирок этувчи шахс ва компанияларга, шунингдек суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналарга қаратилган бўлади. Шунингдек, Россия энергия чекловларини четлаб ўтишда қўллаётган «соя флот»нинг 100 та кемаси ҳам санкциялар рўйхатига киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид