Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ғазода чодирлар ёмғир сувларига тўлди
Куни кеча Ғазода кучли ёмғир ёғди. Ёмғир сувлари юзлаб чодирлар ва бошпаналардан оқиб ўтиб, икки йиллик уруш давомида кескин ёмонлашган ҳуманитар вазиятни янада оғирлаштирди.
Анадолу нашрининг ёзишича, ҳеч қандай инфратузилма бўлмагани сабабли лагерларда жойлашган оилалар ухлаш жойларини ердан кўтаришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун улар чодирларга тош ва қум ташиб киришга мажбур бўлган.
Кўчирилган тинч аҳоли асосан эскирган чодирларга таянади. Ғазо ҳукумати медиа идорасига кўра, барча чодирларининг қарийб 93 фоизи — 125 минг чодир яшашга яроқсиз бўлиб қолган.
Икки йиллик уруш давомида ўн минглаб чодирлар Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида шикастланган. Яна минглаб чодирлар эса табиий сабабларга кўра — жазирама ёз иссиғи ва кучли шамоллари туфайли вайрон бўлган.
Шундай оғир шароитлар ичида қолган Абу Аъло ўз чодирини сув босганидан сўнг нима қилишини билмаслигини айтган. Унинг Ғазонинг шимолидаги уйи вайрон бўлган. Исроил армияси унга вайрон бўлган уйига қайтишга ҳам рухсат бермайди.
Энг бирламчи эҳтиёжларини ҳам қопланмаслик орқали Ғазо аҳолиси — икки йиллик уруш ва геноциднинг оғир оқибатлари ҳар куни ўз танасида ҳис қилмоқда.
Япония ва Хитой дипломатик можароси
Агар Япония Тайван масаласига аралашиш учун куч ишлатадиган бўлса, «яксон қиладиган» ҳарбий мағлубиятга учрайди. Бундай таҳдидона огоҳлантириш жума куни Хитой томонидан янгради.
Япония бош вазири Санаэ Такайичи ўтган ҳафта парламентдаги чиқишида агар Хитой Тайванга ҳужум қилса, бу «оролни хавф остига қўювчи вазият» бўлиши ва Токиодан ҳарбий жавобни келтириб чиқариши мумкинлигини айтганди. Шу билан Токио ва Пекин ўртасида дипломатик тортишув бошланганди.
Шундан сўнг, Хитойнинг Осакадаги бош консули Хуэ Сзян «ўзини суқиб кирган бу ифлос бўйин кесиб ташланиши керак» дея Япония бош вазирига «жавоб берди. Кейин бу хабарини ўчириб ташлади.
Япония бу баёнотларни «жуда ноўрин» деб атади ва Пекиндан «мос чоралар кўришни» сўради.






