Жаҳон | 09:10 / 18.11.2025
3227
3 дақиқада ўқилади

Германия Исроилга қурол етказиб беришга қўйилган чекловни бекор қилди

Германия ҳукумати 8 август куни жорий этилган, Исроил армияси Ғазо секторида қўллаши мумкин бўлган қурол-яроғ етказиб бериш тақиқини бекор қилди. Қарор, жумладан, ўт очишни тўхтатиш режими "барқарорлашгани" билан изоҳланди.

Фото: Global Look Press/Ayal Margolin/JINI

Германия ҳукумати Исроилга, бу мамлакат армияси Ғазо секторида қўллаши мумкин бўлган қуролларни етказиб беришга 8 августдан амал қилган тақиқни бекор қилди. Қарор 24 ноябрдан кучга киради, деб хабар бермоқда dpa агентлиги ҳукумат расмийси Штефан Корнелиусга таянган ҳолда.

Чекловларни бекор қилиш, 10 октябрдан буён амал қилаётган Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш режими "сўнгги ҳафталарда барқарорлашгани" билан изоҳланди. Шу билан бирга, Германия ҳукумати эндиликда ҳар бир қурол етказиб бериш тўғрисидаги сўровни автоматик равишда маъқулламайди, балки "умуман олганда, ҳар бир экспорт аризасини алоҳида кўриб чиқишга ва вазиятнинг кейинги ривожига қараб ҳаракат қилишга" қайтади.

Корнелиус шунингдек, Германия минтақада барқарор тинчлик ўрнатиш устида ишлашни давом эттиришини ва Ғазо аҳолисига инфратузилмани тиклашда ёрдам беришини қайд этди.

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Берлиннинг қурол етказиб беришга қўйилган "қисман эмбарго"ни бекор қилиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлади. "Мен Германия намунасидан ўрнак олган ҳолда, бошқа ҳукуматларни ҳам шунга ўхшаш қарорлар қабул қилишга чақириб қоламан", – деб ёзди у X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрда амалга оширган ҳужуми, Ғазо секторида уруш бошланишига баҳона бўлганидан сўнг, Германия ҳукумати Исроилни ташкилотга қарши курашда фаол қўллаб-қувватлади. 2025 йил 6 майгача фаолият юритган Олаф Шолц ҳукумати Исроилга деярли 500 миллион евро қийматида қурол-яроғ етказиб берган эди.

Фридрих Мерц бошчилигидаги янги ҳукумат даврида ҳам етказиб бериш давом этди, аммо анча кам миқёсда. Шу билан бирга, расмий Берлин Ғазо секторида Исроилнинг ҳарбий стратегиясини тез-тез танқид қила бошлади, қўшинлар ҳаракатлари катта гуманитар инқирозга сабаб бўлаётганини таъкидлади.

Мерц август ойида эълон қилган эмбарго қарорини Исроил расмийлари ҳам, Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ)/Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) блоки вакиллари ҳам танқид қилган эди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу йўл билан "Германия терроризмни рағбатлантирмоқда", деб баёнот берган. ХДИнинг хавфсизлик масалалари бўйича эксперти Родерих Кизеветтер эса эмбаргони "Германиянинг йирик сиёсий ва стратегик хатоси" деб атаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид