Жаҳон | 09:13 / 19.11.2025
3364
3 дақиқада ўқилади

Германияда минглаб бўлажак чақирилувчиларда Россия ва Қозоғистон паспортлари бор

Германияда 2008 йилдан кейин туғилганлар учун чақирувни тиклаш режалаштирилмоқда. Die Welt нашри аниқлашича, минглаб бундай ёш йигитлар ГФР фуқаролигидан ташқари, Россия ёки Қозоғистон паспортларига ҳам эга. Улар "конституцияга садоқат" бўйича текширувдан ўтказилади.

Фото: Federico Gambarini/dpa/picture alliance

Германиянинг минглаб ёш фуқаролари, янги қоидаларга кўра бундесверга чақирилиши мумкин бўлганлар рўйхатига киритилади, улар орасида икки фуқаролик – жумладан Россия ва Қозоғистон фуқаролигига эга бўлганлар жуда кўп. Бу ҳақда 18 ноябр куни Die Welt газетаси Федерал статистика идораси маълумотларига таяниб ёзган.

Декабр ойида Бундестаг чақирувнинг янги қоидаларини тасдиқлаши керак: 2026 йилдан бошлаб Германиядаги барча 18 ёшли шахслар анкета тўлдириши, сўнгра ҳарбий хизматга яроқлилик тоифасини аниқлаш учун шифокор кўригидан ўтиши лозим бўлади. Агар етарли миқдорда ихтиёрий хизматга борадиганлар топилмаса, армияга чақиришни қуръа ташлаш орқали амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Die Welt аниқлаган маълумотларга кўра, 2022 йил май ойи ҳолатига Германияда 2008 йил туғилган 340 859 нафар эркак жинсли фуқаро истиқомат қилган. Улардан 56 693 нафари ГФР фуқаролигидан ташқари яна бир ёки бир неча бошқа фуқароликка ҳам эга. Шу жумладан, 3691 нафари Россия паспортига, 1620 нафари эса Қозоғистон паспортига эга бўлган. Яна 14 463 нафарида Туркия, 4141 нафарида Полша, 3857 нафарида Италия, 1888 нафарида Сербия, 1640 нафарида Марокаш фуқаролиги бўлган.

Газета маълумотларига кўра, анкета тўлдиришда бошқа фуқароликлар ҳақидаги маълумотни кўрсатиш талаб этилади. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш босқичида Мудофаа вазирлиги бу "ишончсизлик ифодаси эмас"лигини таъкидлаган эди: маълумот бундесвер учун зарур, чунки гап Германия олдидаги мажбуриятлар ҳақида кетмоқда.

Die Welt ёзишича, Украинадаги уруш шароитида Россия фуқаролигига ҳам эга бўлган бўлажак чақирилувчиларида садоқат ва махфий маълумотлардан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар туғилиши мумкин. Мудофаа вазирлиги вакили газетага маълум қилишича, биринчи марта ихтиёрий равишда хизматга чақирилаётганлар учун "конституцияга садоқат бўйича текширув ўтказилиши" лозим.

Юрист Фердинанд Вебернинг фикрича, икки фуқароликка эга бўлган ёшлар тиббий кўрикдан сўнг, эҳтимол, хавфлар туфайли хизматга умуман қўйилмаслиги ҳам мумкин. Германия Ташқи ишлар вазирлиги эса ГФР ва РФнинг икки фуқаролигига эга бўлганларни анчадан бери Россияга сафар қилиш хавфли экани, у ерда уларни Россия армиясига чақириб олишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб келмоқда.

"Ҳарбий хизматни модернизация қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси август ойи охирида консерватив ХДИ/ХСИ блоки ва социал-демократлардан иборат ҳукмрон коалиция томонидан қабул қилинган. Ҳозирча гап 2011 йилда тўхтатиб қўйилган умумий мажбурий ҳарбий хизматни тўлиқ тиклаш ҳақида эмас, балки армияга кўнгилли хизматчиларни жалб этиш ҳақида бормоқда.

Бундесвер ҳарбий хизматчилари сони яқин йилларда 180 мингдан 260 минггача оширилиши лозим. Сабаб сифатида Россиянинг Украинага қарши уруши ва келаси йилларда РФ томонидан НАТОга ҳужум хавфи қайд этилган. Қонун лойиҳаси матнида "Россия яқин келажакда Европада хавфсизликка энг катта таҳдид бўлиб қолади", дея таъкидланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид