Жаҳон | 14:30 / 19.11.2025
4668
9 дақиқада ўқилади

Оқ уйдаги Бин Салмон, Ливанга яна зарба берган Исроил ҳамда АҚШ ва Россиянинг махфий режаси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

МБС Оқ уйда

18 ноябрь куни АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни катта дабдаба билан қабул қилди. Кутилганидек, учрашувда журналистлар 2018 йилда Жамол Қошиқчининг саудиялик агентлар томонидан ўлдирилиши юзасидан саволлар берди. Трамп бин Салмон ҳеч нарсадан хабардор бўлмаганини айтиб, валиаҳд шаҳзодани кескин ҳимоя қилди. Аслида унинг гаплари АҚШ разведкасининг баҳосига зид.

Бундан ташқари, Трамп Қошиқчи ҳақидаги саволни берган мухбирни «меҳмонни ноқулай вазиятга солиш»да айблади ва МБСни инсон ҳуқуқлари борасида «ажойиб» иш қилаётганликда мақтаб қўйди.

Бин Салмоннинг ўзи эса Қошиқчининг ўлими ҳақида эшитиш «оғриқли» бўлганини айтди, аммо унинг ҳукумати «текширувнинг барча тўғри босқичларини бажарганини» билдирди.

Бин Салмон нафақат Қошиқчининг ўлдирилиши, балки Саудиянинг ичидаги норозиликларни бостириш бўйича ҳам инсон ҳуқуқлари гуруҳлари томонидан кескин танқид қилиниб келади.

Шунингдек, учрашувда Трамп Саудия Арабистонининг Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришига доир истиқболлардан «ижобий сигнал» олганини айтди. Аммо валиаҳд шаҳзода, Иброҳим келишувларига қўшилишни истаётган бўлса ҳам, Исроил Фаластин давлатига йўл очиши керак деган талабида қатъий эканини билдирди.

Оқ уйда бўлиб ўтган тантанали тушликда Трамп АҚШнинг Саудия билан ҳарбий ҳамкорлиги — НАТОда бўлмаган иттифоқчи даражасига кўтарилганини айтди. Бу мақом Саудияга ҳарбий ва иқтисодий имтиёзлар беради, бироқ хавфсизлик бўйича АҚШга мажбурият юкламайди.

Оқ уй маълумотига кўра, томонлар «Яқин Шарқда тўсқинлик кучини мустаҳкамловчи» Стратегик Мудофаа Битимини имзолаган. Оқ уй шунингдек, Трамп F-35 қирувчи самолётларининг келажакдаги етказиб берилишини маъқуллаганини ва Саудия 300 та америкалик танк сотиб олишга рози бўлганини маълум қилди. Ҳозиргача Яқин Шарқда F-35га эга ягона давлат — Исроил эди.

Томонлар, шунингдек, фуқаро ядро энергетикаси бўйича музокаралар якунланганлик ҳақидаги қўшма декларацияни имзолади.

Бин Салмон Саудиянинг АҚШдаги инвестициясини аввалги 600 миллиард доллардан 1 триллион долларга оширишга ваъда берди, аммо батафсил режа ёки муддат айтмади.

АҚШ ва Россия махфий режа тузмоқда — ОАВ

АҚШ ва Россия расмийлари Украина бўйича тинчлик ва хавфсизлик кафолатларига оид тўрт йўналишни қамраб олган махфий режа устида ишламоқда.

Бу ҳақда хабар берган Axios нашрига кўра, Трамп администрацияси урушни тўхтатишга доир янги режа бўйича Россия расмийлари билан махфий музокаралар олиб бормоқда.

Нашр маълумотига кўра, гап АҚШнинг 28 банддан иборат режаси ҳақида кетмоқда. Лойиҳада тўрт йўналиш кўриб чиқилади: Украинада тинчлик, хавфсизлик кафолатлари, Европада хавфсизлик ва Вашингтоннинг Москва ҳамда Киев билан келажакдаги муносабатлари.

АҚШ президентининг махсус элчиси Стив Уиткофф ҳужжат устида иш олиб бормоқда ва уни Россия президенти махсус вакили Кирилл Дмитриев билан батафсил муҳокама қилган.

Дмитриев 24–26 октябрь кунлари Маямига ташриф буюрган ва Уиткофф ҳамда Трамп жамоасининг бошқа аъзолари билан уч кун давомида музокаралар ўтказганини айтган. Шунингдек, томонлар АҚШ ва Россия кейинги маҳбус алмашинувини муҳокама қилганини билдирган.

Axios тинчлик режасининг тафсилотларини ҳам, Украина ҳудудий масалалари бўйича позицияларини ҳам келтирмаган.

Исроил Ливанга яна зарба берди

Исроил сешанба куни кечқурун Ливаннинг жанубидаги зич аҳоли яшайдиган фаластинлик қочқинлар лагерига авиазарба уюштирди. Натижада камида 13 киши вафот этди ҳамда бир неча киши яраланди, дея хабар берди Ливан расмийлари.

Бу — Ҳизбуллоҳ билан урушни тугагач, сулҳ кучга кирганидан бери Исроил амалга оширган энг ҳалокатли зарбалардан бири бўлди.

Исроил ҳарбийлари ўз баёнотида Ҳамасга тегишли ўқув мажмуасини нишонга олганини ва «Ҳамаснинг Ливандаги инфратузилмасига қарши ҳаракат қилаётганини» билдирди.

Ҳамас эса Исроил ҳарбийларининг баёнотини рад этиб, уни «мутлақ сохталик ва ёлғон» деб атади. Гуруҳнинг айтишича, «нишонга олинган жой — лагердаги ёшлар ташриф буюрадиган очиқ спорт майдони бўлган». «Ливандаги фаластинликлар лагерларида ҳеч қандай ҳарбий объектлар йўқ», деди Ҳамас.

Ғазо ортидан Ливанда бошланган уруш — сўнгги ўн йилликлар ичидаги энг ҳалокатли можаро бўлиб, тахминан 4 минг кишининг ҳаётига зомин бўлди. Ўтган йили ноябрь ойида икки томон урушни тугатишга келишган эди.

Сулҳ кучга кирганидан бери Исроил Ливанда деярли ҳар куни авиазарбалар уюштириб, юзлаб тинч аҳолини ўлдирди. Шунингдек, томонлар бир-бирини келишув шартларини бузишда айблаб келмоқда.

Трамп айрим божларни бекор қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп 200 дан ортиқ маҳсулотларга, жумладан, қаҳва, мол гўшти, банан ва апельсин шарбатига жорий этган оширилган божларни бекор қилди.

Reutersʼнинг ёзишича, бу қарор АҚШ аҳолиси орасида озиқ-овқат нархининг ошаётгани туфайли кучайган хавотирлар фонида қабул қилинган. Божларнинг бекор қилиниши Трамп сиёсатидаги кескин бурилиш бўлиб, у узоқ вақт давомида ўзи жорий қилган тарифлар инфляцияга ҳисса қўшмаслигини таъкидлаб келганди.

АҚШ президенти божлар «баъзи ҳолларда» нархлар ўсишига олиб келиши мумкинлигини тан олди. Бироқ, у АҚШда «деярли инфляция йўқ» деб ҳисоблайди,

Ўз навбатида Оқ уй раҳбари оширилган божлардан тушган маблағ ҳисобидан кейинги йил кам ёки ўрта даромадли ҳар бир америкаликка 2000 доллардан тўлаш ниятида эканини қайд этган.

Истеъмол нархлари индекси маълумотларига кўра, америкаликлар истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий баҳоси сентябрь ойида 2,7 фоизга кўтарилди.

Зеленский урушни тугатишни муҳокама қилади

Украина президенти Володимир Зеленский ўз мамлакатидаги урушни тугатиш учун Россия билан дипломатик жараённи «қайта фаоллаштиришга» ҳаракат қилади.

«Бу жараён давом этар экан, орқангда доимий қўллаб-қувватлов борлигини ҳис қилиш муҳим,» деди Зеленский Мадридда Испания бош вазири билан бирга ўтказган матбуот анжуманида.

Кейинроқ у Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Украина учун «одил тинчлик»ни қандай таъминлаш масаласини муҳокама қилишини айтди.

Туркия 2022 йил баҳорида ҳам, жорий йил бошида ҳам украиналик ва россиялик вакиллар ўртасидаги музокараларга мезбонлик қилган эди. Бироқ бу учрашувлар жангларни тугатишга олиб келмаган.

«Учрашув — мазмунли муҳокама учун етарли бўлади, деб ўйлайман. Бизда АҚШдан баъзи позициялар ва сигналлар бор, эртага кўрамиз,» деди Зеленский, тафсилот бермаган ҳолда.

Ҳисобот: Исроилга геноцид даврида нефть етказиб бериш тўхтамаган

Oil Change International нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинган янги ҳисоботга кўра, 25 та давлат Ғазо секторидаги уруш давомида Исроилга нефть етказиб берган.

Ташкилот буни «геноцидни кучайтираётган ва иқлим инқирозини ёмонлаштираётган» қазилма ёқилғи тизими деб қоралайди.

Бразилиядаги COP30 саммити доирасида эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, 2023 йил ноябрдан 2025 йил октябригача бўлган даврда Исроилга юборилган хом нефть юкларининг 70 фоизини Озарбайжон ва Қозоғистон таъминлаган.

Россия, Греция ва АҚШ эса Исроилга қайта ишланган нефть маҳсулотларини экспорт қилувчи етакчи мамлакатлар қаторига киради.

АҚШ, шунингдек, Тел-Авивга JP-8 туридаги ҳарбий авиация ёқилғисини етказиб бераётган ягона давлат ҳисобланади.

Oil Change Internationalнинг айтишича, мазкур мамлакатлар «Исроил Ғазода геноцид содир этаётганини» тўлиқ билган ҳолда буни амалга оширган. Шу боис ташкилот қазилма ёқилғини глобал босқичма-босқич тугатишга чақиради.

Ташкилот бу иштирокни «жавобгарликни таъминлаш учун» ҳужжатлаштиришини билдирган.

Тадқиқот даврида хом нефть ва қайта ишланган маҳсулотларнинг жами 21,2 миллион тонна ҳажмдаги 323 та юк ташуви аниқланган. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид