Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Тернопилни ўққа тутди. 25 киши ҳалок бўлган
Шаҳардаги иккита кўп қаватли уй вайронага айланган. РФ мудофаа вазирлиги ўз баёнотида зарба «Украинанинг Россиядаги фуқаролик объектларига террорчилик ҳужумлари»га жавоб сифатида берилганини маълум қилди.
Россиялик ҳарбийлар 19 ноябрга ўтар кечаси Украинанинг бир неча регионлари, жумладан, мамлакат ғарбий ҳудудларига ёпирилма зарба йўллади. Украина қуролли кучларига кўра, ҳужумда 48 та ракета ва 470 дан ортиқ дрон қўлланган.
Украина энергетика вазирлиги ҳужум нишонларидан бири энергетика инфратузилмаси бўлганини хабар қилди. Ғарбдаги қатор областларда электр энергиясини авариявий ўчириш режими жорий этилган.
Энг жиддий вайронгарчиликлар Тернопилда кузатилди, бу шаҳарда ракеталар ва дронлар иккита кўп қаватли турар жой биносига келиб урилган. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабарига кўра, бинолардан бирининг юқори қаватлари бутунлай қулаб тушган, бошқасида эса катта ёнғин юзага келган.
Фавқулодда хизматларнинг сўнгги маълумотларига кўра, Тернопилда 25 киши ҳалок бўлган, шундан уч нафари болалар. Шунингдек, 73 киши, жумладан, 15 бола яраланган. Қутқарувчилар харобалар остидан 40 дан ортиқ кишини чиқариб олишган.
Россия қўшинлари яна бир зарбани мамлакат шарқидаги Харкивга йўллади. Дронлар ҳужуми оқибатида бу шаҳарда камида 10 та кўп квартирали уйлар, шунингдек, супермаркет, дўкон, мактаб ва бошқа бинолар шикастланган. Харкив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовга кўра, ҳужум оқибатида 46 киши жароҳатланган.
РФ мудофаа вазирлиги ўз баёнотида зарба «Украинанинг Россиядаги фуқаролик объектларига террорчилик ҳужумлари»га жавоб сифатида берилгани ҳамда Украинанинг ғарбий областларидаги ҳарбий саноат комплекси корхоналари ҳамда дронлар сақланувчи омборлар нишонга олинганини билдирган.
Украинанинг охирги зарбаси
Украиналик ҳарбийлар бир кун олдин Америка етказиб берган узоқ масофали ATACMS баллистик ракеталари билан Воронежга зарба йўллаганди.
Украина қуролли кучлари бош штаби ҳужум нишони «Россия ҳудудидаги ҳарбий объектлар бўлгани»ни маълум қилиб, бошқа тафсилотларни келтирмаганди. Бу уруш бошидан буён Киев РФнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудларига ATACMS билан зарба берганини расман тан олиши билан боғлиқ биринчи ҳолат бўлди.
Россия мудофаа вазирлиги 19 ноябр тонгида зарба фактини тасдиқлади. Россия идорасига кўра, Украина қуролли кучлари тўртта ракета учирган ва уларнинг барчаси С-400 тизимлари ҳамда «Панцир» комплекси орқали тўхтатилган. Россия ҳарбий идораси парчалар тушиши оқибатида Воронеж области геронтология маркази, болалар уйи ва хусусий қурилмалар шикастлангани, жароҳатланганлар йўқлигини маълум қилган.
Ҳужумнинг асл нишони нима бўлгани ва бу ҳужум қанчалик муваффақиятли чиққани маълум эмас. Оммавий ахборот воситалари Воронежда «Балтимор» авиабазаси жойлашганига эътибор қаратган, бу 47-бомбардимончи авиация полки базаси ҳисобланади. Бу полкнинг Су-34 бомбардимончи самолётлари Украинага зарба бериш учун фаол қўлланмоқда.
АҚШ 2023 йилдан бери Украинага ATACMS ракеталарини етказиб бериб келади. Шу билан бирга, Вашингтон можаро кескинлашувидан қочиб, ушбу ракеталар билан Россиянинг халқаро тан олинган ҳудудига зарба беришни тақиқлаганди. 2024 йил кузида Курск областидаги жанглар фонида тақиқ қисман бекор қилинганди: АҚШ «кечиктириб бўлмайдиган зарурат туғилганда муайян нишонларга ҳужум қилиш учун» ракеталардан фойдаланишга рухсат берди. Кейинги бир неча ой ичида Россия мудофаа вазирлиги Украина Курск, Ростов ва Брянск областларига ATACMS ракеталари билан зарба йўллагани ҳақида бир неча бор хабар берди. Украина қуролли кучлари буни расман тасдиқламади.
Сайловолди кампанияси даврида Украинадаги урушни тинчлик музокаралари орқали қисқа муддатда тугатишни ваъда қилган Доналд Трамп Оқ уйга қайтгач, бундай зарбаларга расман тақиқ қўйди: кейинроқ ОАВ хабар топишича, бундай ҳужумларнинг ҳар бири учун Пентагон раҳбариятининг рухсатини олиш талаб этилган ва бундай рухсат берилмаган. Октябр ойида The Wall Street Journal ўз манбасига асосланиб, чеклов яна олиб ташланганини хабар қилди, аммо бу маълумот расман тасдиқланмади.
Мавзуга оид
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
21:45 / 04.12.2025