Ўзбекистон | 14:31 / 20.11.2025
1959
3 дақиқада ўқилади

Америка нашри: Ўзбекистон президенти “Марказий Осиё ҳамжамияти” ташаббусини илгари сурди

АҚШнинг етакчи нашрларидан бири — Eurasianet Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ҳақида мақола эълон қилиб, унда президент Шавкат Мирзиёевнинг маслаҳат форматини “Марказий Осиё ҳамжамияти”га айлантириш ташаббуси ва Озарбойжонни минтақавий ҳамжамиятга тўлиқ иштирокчи сифатида қўшиш ғоясига алоҳида тўхталиб ўтди.

Фото: Telegram / emomalirahmontjk

“Дунё” ахборот агентлиги мухбири хабарига кўра, АҚШнинг етакчи Eurasianet нашрида “Ўзбекистон президенти ‘Марказий Осиё ҳамжамияти’ни тузиш ташаббуси билан чиқди” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Мақолада таъкидланишича, Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мазкур учрашувларни минтақавий мулоқотнинг маслаҳат шаклидан “Марказий Осиё ҳамжамияти” деб номланувчи стратегик форматга айлантиришни таклиф қилди.

Материалда қайд этилишича, 2025 йил бошидан буён минтақавий етакчилар АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой ва Россия билан “Марказий Осиё плюс” форматида саммитлар ўтказиб келмоқда. Президент Мирзиёевнинг сўзларига таяниб, нашр шундай деб ёзади: бугунги шароитда Марказий Осиё давлатлари савдо имкониятларини кенгайтириш учун ягона овоз билан музокара юритиши зарур, куч — бирдамликда, муваффақият эса дўстлик ва ҳамкорликда экани таъкидланган.

Мақолада Тошкентдаги учрашувда Озарбойжоннинг иштирокига алоҳида урғу берилади. Таъкидланишича, келгусида тузилиши мумкин бўлган “ҳамжамият” фақат бешта Марказий Осиё давлати билан чекланиб қолмайди. Озарбойжон ҳудуддан келиб чиқиб Қозоғистон ва Туркманистондан Каспий денгизининг қарши қирғоғида жойлашган бўлса-да, руҳан Марказий Осиё давлати сифатида қабул қилингани қайд этилади.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг Тошкентдаги музокараларда иштирок этгани, президент Мирзиёев эса уни келгуси минтақавий саммитларга “тўлиқ иштирокчи” сифатида қўшиш ташаббусини илгари сургани ёзилади. Нашрга кўра, Ўзбекистон раҳбари Озарбойжоннинг қўшилиши барқарор иқтисодиётни таъминлаш, Марказий Осиё ва Кавказни боғлайдиган мустаҳкам кўприкни шакллантириш ҳамда ягона ҳамкорлик маконини яратишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Eurasianet шунингдек, Тошкент анжумани арафасида эълон қилинган “Марказий Осиё янги давр остонасида” сиёсий мақоласига ҳам тўхталиб, унда Ўзбекистон президенти Афғонистонни ҳам ҳар қандай минтақавий бирлашувдан четда қолдирмаслик, уни ҳам интеграция жараёнларига қамраб олиш зарурлигини илгари сурганини ёзади.

Мақолада Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедов нутқларида савдо соҳасида янада мувофиқлашган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш лозимлиги урғулангани қайд этилади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг чиқиши ҳам умумий масалаларга биргаликда ечим излаш зарурлиги борасида Ўзбекистон позициясига яқин экани таъкидланиб, минтақада ҳамжиҳатлик кайфияти кучайиб бораётгани ҳақида хулоса ясалади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид