Жаҳон | 14:47 / 20.11.2025
3206
8 дақиқада ўқилади

Британия қирғоғидаги рус жосуслик кемаси, Эпштейн файлларини очиқлашга рози бўлган Трамп ва яна Ғазода сулҳни бузган Исроил – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил яна Ғазода сулҳни бузди

Исроил чоршанба куни яна сулҳни бузиб, Ғазога бир қатор ҳужумлар уюштирди. Маҳаллий соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳужумлар оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлди.

Чоршанба куни Исроил ҳарбийлари Хон Юнус яқинида бир неча қуролли шахслар IDF аскарларига ўқ узганини, бироқ ҳеч ким жароҳатланмаганини билдирди. Бунга жавобан Исроил «Ғазо бўйлаб Ҳамас объектларини нишонга олаётгани» ҳақида баёнот берди.

Ҳамас эса Исроил қўшинлари нишонга олингани ҳақидаги даъволарни рад этди ва « жиноятларини оқлашга қаратилган ошкора уриниш» деб атади. Шунингдек, Ҳамас АҚШдан Исроил ҳарбий ҳаракатларини сулҳга мувофиқ жиловлашга чақирди.

Трамп маъмурияти, бошқа воситачилар билан бирга, Ғазода тинчлик бўйича сулҳнинг кейинги босқичлари устида ишламоқда. Бунга Ҳамаснинг қуролни ташлаши, халқаро хавфсизлик кучларининг жойлаштирилиши ва Исроилнинг тўлиқ чекиниши киради. Аммо кўплаб кузатувчилар сулҳ бу босқичга етмасдан туриб қулашидан қўрқмоқда.

Сулҳ кучга кирганидан бери Исроилнинг Ғазога ҳужумлари ортидан 280 дан ортиқ фаластинлик ўлдирилди.

Россиянинг ёпирилма ҳужуми

19 ноябр куни Россия армияси Украинага ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилди. Турли маълумотларга кўра, Россия Украинага 476 та дрон ва 48 та ракета учирди.

Ғарбий Украинанинг Тернопил шаҳридаги кўп қаватли уйга ракета урилиши оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлган, 73 киши жароҳатланган. Харковда эса оммавий дронлар ҳужуми оқибатида 40 дан ортиқ киши, жумладан, болалар жароҳатланган, уйлар шикастланган.

Россия Мудофаа вазирлиги чоршанба куни Украина Воронежга АҚШ ишлаб чиқарган тўртта ATACMS ракетаси билан ҳужум қилганини маълум қилганди. Россия томонига кўра, барча ATACMSʼлар С-400 ва «Панцир» тизимлари томонидан уриб туширилган. Ракеталар бўлаклари вилоят геронтология маркази ва болалар уйининг томларини шикастлаган. Ҳарбийлар шунингдек, MLRS учиргичлари йўқ қилинганини таъкидлади.

Аввалроқ Украина Қуролли кучлари Россиядаги ҳарбий объектларга зарба бериш учун ATACMS ракета комплекслари қўллангани ҳақида хабар берганди. Аммо улар минтақани аниқ кўрсатмаган.

Зеленский иттифоқчиларни Россияга босимни оширишга, жумладан, Украинага кўпроқ ҳаво мудофааси ракеталарини тақдим этишга чақирди.

Reuters манбаларининг айтишича, Қўшма Штатлар Зеленскийга урушни тугатиш бўйича ўзлари ишлаб чиққан, Киевнинг ҳудуддан ва баъзи қуроллардан воз кечишини назарда тутувчи келишувни ўтказмоқчи. Манбаларга кўра, таклифлар Украина қуролли кучлари сонини камайтиришни ҳам ўз ичига олади.

Трамп Эпштейн файлларини очиқлашга рози

19 ноябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Жеффри Эпштейн бўйича узоқ йиллик терговдан олинган ҳужжатларни эълон қилишни буюрувчи қонунни имзолади. Адлия вазирлиги ихтиёридаги бу материалларни Трампнинг сиёсий рақиблари ҳам, ошкораликни талаб қилаётган тарафдорлари ҳам узоқ вақтдан бери кутаётганди.

АҚШ бош прокурори Пам Бонди Адлия вазирлиги Эпштейн бўйича материалларни 30 кун ичида эълон қилишини тасдиқлади — бу республикачилар назоратидаги Вакиллар палатаси ва Сенат сешанба куни қабул қилган қонунда белгиланган.

Reutersʼнинг ёзишича, эълон қилинадиган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаслиги мумкин — чунки қонун Адлия вазирлигига қурбонларининг шахсий маълумотлари ва терговга зарар етказиши мумкин бўлган материалларни яшириб қолиш ҳуқуқини беради.

Бу жанжал Трамп учун бир неча ойдан бери бош оғриғи бўлиб келмоқда. Бунга — Эпштейннинг қудратли шахслар билан алоқаларини яширгани, 2019 йилда жинсий айбловлари билан ҳибсда бўлганида сирли равишда «ўз жонига қасд» қилгани каби воқеалар сабаб бўлмоқда.

Эпштейн 2008 йилда вояга етмаган шахсни фоҳишалик учун жалб қилганлик айби бўйича судланган. Мазкур материаллар Трамп ва бошқа таниқли шахслар билан дўстлашган Эпштейннинг фаолиятига қўшимча ойдинлик киритиши мумкин.

Британия қирғоқларида рус жосуслик кемаси

Чоршанба куни Россиянинг «Янтар» жосуслик кемаси уни кузатув учун юборилган британиялик учувчиларга лазер йўналтирган.

Британия мудофаа вазири Жон Ҳилининг айтишича, РАФ учувчиларига лазер йўналтирилиши «жуда хавфли» бўлган ва Британия Янтарнинг кейинги қадамига қараб жавоб беришга тайёр. «Янтар курсини ўзгартирса, бизда тайёр ҳарбий вариантлар бор», деди Ҳили.

«Бу — Янтарнинг Британия қирувчисига қарши бундай ҳаракат қилгани биринчи маротаба. Биз буни ниҳоятда жиддий қабул қиламиз», дея қўшимча қилди у.

Денгиз ости кабелларини разведка қилиш ва хариталаш учун мўлжалланган Янтар жосуслик кемаси ҳозирда Шотландиянинг шимолида, Британия сувларининг чеккасида жойлашган.

Россия элчихонаси «чексиз айбловлар» деб таърифлаган ҳолатга жавобан «Россиянинг ҳаракатлари Бирлашган Қироллик манфаатларига таъсир қилмаслигини» айтди.

«Биз Британия сувости алоқа тизимларига қизиқмаймиз. Британия томонини Европа қитъасидаги инқирозли ҳолатларни кучайтирувчи вайронкор қадамлардан тийилишга чақирамиз», дейилади элчихона баёнотида.

Британия қироллик флоти ва ҳаво кучлари потенциал таҳдидларни мунтазам кузатиб боради. 2022 йилда уруш бошланганидан буён Россия кемалари, сувости кемаларини мониторинг қилиш бўйича бундай миссиялар янада кўпайган.

Путин яна 150 йил яшаш ҳақида гапирди

Умр кўриш давомийлиги 150 йил бўлиши мумкин, аммо бу ҳам ҳар доим кам бўлади, деди Россия президенти Владимир Путин. Путин «Сунъий интеллект оламига саёҳат» конференцияси давомида у бир вақтлар инсон 20, 30, 35 йил яшагани ва бу нормал ҳолат ҳисобланганини айтди.

«Ҳозир баъзи мамлакатларда 80 ёшга етди ва биз ҳам ўртача ёш шунча бўлишига ҳаракат қиляпмиз. У ерда аёлларда бироз кўпроқ, эркакларда эса камроқ. Биз ҳатто ўз олдимизга ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш бўйича аниқ мақсадларни қўямиз. Балки 150 йилга ҳам етказиш мумкиндир», деди Путин.

Унинг қўшимча қилишича, бундай узоқ яшаш пул каби ҳаммада ҳам бўлмайди. Камроқ инсонларга насиб қилади.

Шу йил сентябр ойида ҳам Хитой раиси Си ва Владимир Путин Пекиндаги ҳарбий парад олдидан замонавий технологиялар ёрдамида умр кўриш давомийлигини узайтиришни гаплашганди. Жумладан, Си «башоратларга кўра, бу асрда 150 ёшгача яшаш имконияти бор», деган эди.

Салмоннинг ташрифи давом этмоқда

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон АҚШга ташрифининг иккинчи кунида Конгресс аъзолари билан учрашди.

Бин Салмонга АҚШ Конгрессида кўрсатилган муносабат бошқа дунё лидерларига бериладиган қабулга қараганда анчайин суст бўлди. Хусусан, тадбир эълон қилинмади ва унга ОАВ вакиллари киритилмади.

Бин Салмон Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши ортидан Вашингтон томонидан яккаланган шахс сифатида қаралган. Аммо Ғарб ОАВлари унинг «реабилитацияси» шу ҳафта билвосита тасдиқланганини ёзмоқда.

Масалан, 2019 йилда республикачи партияси сенатор сифатида МБСни «тўлиқ ғаразли ҳаракатларга ўтиб кетган», деб айтган Марко Рубио Оқ уйда унинг ёнида ўтирди. Трамп эса МРБга зид равишда бин Салмон ҳеч нарсадан хабардор эмаслигини айтди. 

Мавзуга оид