Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинага «коридорлар» ва «ҳарбий Шенген»: ЕИнинг янги режаси
Европа Иттифоқи ҳарбий мобилликни оширмоқда. ЕИ давлатлари ҳудуди орқали қўшинларни ўтказиш муддати 45 кундан 3 кунгача, фавқулодда ҳолатларда эса 6 соатгача қисқартирилиши керак. Россия тажовузини тўхтатиш учун Европа яна қандай чоралар кўрмоқчи — DW маълумот берди.
Фото: РИА Новости / Ирина Калашникова
Брюсселда бир қатор ғарб разведка хизматлари маълумотлари асосида шундай тахмин борки, Россия яқин йилларда Европа Иттифоқи давлатларига ҳужум қилиши мумкин. Шу муносабат билан ЕИ ўз ичида ҳарбий мобилликни оширмоқда ва мудофаа саноатини модернизация қилмоқда. «Ҳарбий Шенген» яратиш ва мудофаа инновацияларини рағбатлантириш режасини чоршанба, 19 ноябр куни Брюсселда Еврокомиссия тақдим этди.
Европа Иттифоқи ўз ҳудуди бўйлаб қўшинлар ва ҳарбий техника ташиш вақтини қисқартиришга интиляпти. «Европа қуролли кучларининг тез ҳаракатланиши Европа мудофааси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Биз қўшинлар зарур пайтда, зарур жойда бўлиши учун қўлимиздан келган барча ишни қилишимиз керак», — деди Брюсселдаги матбуот анжуманида ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас.
Ҳозир ҳар бир ЕИ давлатида қўшинларни чегарадан ўтказиш бўйича ўз қоидалари бор. Ўртача ҳисобда, бир аризани кўриб чиқиш 10 кунгача чўзилади, аммо баъзи бир мамлакатда қўшинлар чегарадан ўтишига рухсат бериш 45 кунгача вақт олади. «Россиянинг Қримни қўшиб олганига ўн бир йил бўлган бир пайтда бу мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат», — деди Каллас.
Шу сабабли Еврокомиссия бутун ЕИ ҳудуди бўйлаб қўшинларни ички чегаралардан ўтказиш учун ягона тартибни ишлаб чиқди. Унга кўра, аризани кўриб чиқишнинг энг узоқ муддати 3 иш куни этиб белгиланяпти, божхона расмиятчилари эса соддалаштирилади. Қўшинлар, ускуналар ва ҳарбий ресурсларни эркин ташиш учун «ҳарбий мобиллик зонаси»ни 2027 йил охирига қадар амалда йўлга қўйиш режалаштирилган.
Кая Каллас таъкидлашича, ҳарбий мобиллик коридорлари Украинани ҳам қамраб олиши кўзда тутилган. «Бу хавфсизлик кафолати бўлади, яъни зарурат туғилган тақдирда, биз ёрдамни тезроқ кўрсата оламиз», — деди у.
Мудофаа бўйича еврокомиссар Андрюс Кубилюс айтишича, Еврокомиссия Украинага ҳарбий юкларни етказиш учун ҳарбий мобилликни ошириш йўлларини изламоқда. Унинг сўзларига кўра, бундай йўлаклардан бири Руминия ва Молдова орқали ўтиши мумкин. «Биз вазиятни ўрганамиз: уни қандай яхшилаш мумкин, қандай ёрдам керак, чегараларда қандай инфратузилма ва қоидаларни яратиш лозим», — деди у матбуот анжуманида.
ЕИ мансабдорларидан бири Брюсселдаги техник брифингда тушунтиришича, бу — ҳарбий мобилликни таъминлашга қаратилган Европа Иттифоқининг тарихдаги илк юридик мажбурловчи дастури. Ва у «ҳақиқий ҳарбий Шенген» — яъни Европа бўйлаб миллий армияларни эркин ва тўсиқсиз ҳаракатлантириш имконини яратишга қаратилган биринчи қадам ҳисобланади.
Ҳарбий мобилликнинг эталони сифатида фавқулодда вазиятларда тезкор жавоб бериш тизими кўриляпти. У тезкор тартиб-таомиллар ва ЕИ ёки НАТО доирасида ҳаракатланаётган қуролли кучлар учун инфратузилмага устувор ҳуқуқни назарда тутади. «Агар аъзо давлатлар катта миқдордаги қўшин ва техникага нисбатан жуда шошилинч муҳтож бўлса, бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз шу мақсадга қаратилган бўлиши керак», — деди яна бир ЕИ расмийси.
Бу тизим Еврокомиссия таклифи асосида ЕИ Кенгаши томонидан фаоллаштирилади. Натижада ЕИ давлатлари қўшинларини чегарадан ўтказиш ҳақида фақат хабардор қилади, рухсат кутиб ўтиришга тўғри келмайди. Бутун жараён 6 соатдан ошмаслиги керак.
Бундай йўл билан, масалан, ҳарбийлар транспорт инфратузилмаси ва хизматлардан устувор тарзда фойдаланиши таъминланади: агар ҳарбий кема портга келса, у фуқаролик кемаларига нисбатан юк кўтариш ва тушириш, ҳарбий техникани ва қўшинларни ташиш бўйича биринчилик ҳуқуқига эга бўлади, деб тушунтирилди Брюсселда.
Европа Иттифоқи ҳал қилишни иложи борича тезлаштиришга интилган навбатдаги муаммо — транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш. «Агар кўприк 60 тонналик танкни кўтара олмаса, бизда муаммо бор, — дейди Кая Каллас. — Агар учиш-қўниш йўлаги ҳарбий юк самолёти учун жуда қисқа бўлса, қўшинлар захираларини тўлдира олмаймиз».
ЕИ давлатлари инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва транспорт тармоқларини иккиламчи (фуқаролик ва ҳарбий) мақсадларга мос стандартларга етказиш масаласида Еврокомиссия билан ҳамкорлик қилиш мажбуриятини олади. «Сиз, албатта, биласиз, кўприкларимиз ҳар доим ҳам ҳарбий колонналар ўтиши учун керакли оғирликка чидамли эмас, туннелларимиз эса баъзан жуда тор, — деди ЕИ расмийларидан бири. — Лекин биз нол нуқтадан бошламаяпмиз, чунки шундай инфратузилма лойиҳаларига аллақачон маблағ сармоя қиляпмиз, гарчи ҳозирча жуда чекланган миқдорда бўлса-да».
Ҳозиргача бу мақсадларга «Европани боғлаш» (Connecting Europe Facility) дастури доирасида 1,7 млрд евро ажратилган. Еврокомиссия 2028–2034 йилларга мўлжалланган кейинги кўп йиллик бюджетда шунга ўхшаш лойиҳалар учун 17 млрд евро кўзда тутишни таклиф қилган. Гап Еврокомиссия белгилаган ҳарбий транспорт коридорлари бўйлаб жойлашган стратегик аҳамиятга эга объектлар — кўприклар, туннеллар, йўллар ва бошқа иншоотлар ҳақида кетмоқда. Уларни иккиламчи мақсадларга мослаштириш учун таъмирлаш талаб этилади. Шу ерга НАТО аъзо давлатлари хавфсизлик соҳасидаги инвестициялар учун ажратишга ваъда қилган ЯИМнинг 1,5 фоизи ҳам йўналтирилади.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи стратегик иккиламчи инфратузилма объектлари ҳимоясини кучайтириш ниятида. Янги чоралар пакети ЕИ давлатларини аэропортлар, терминаллар, транспорт узеллари каби танқидий муҳим инфратузилма объектлари рўйхатини тузишга ва уларни дрон ҳужумлари ёки киберҳужумлар каби таҳдидлардан ҳимоя қилиш чораларини кўришга мажбур қилади.
Еврокомиссия, шунингдек, ЕИ давлатлари ўзларида мавжуд қувватларни (ресурсларни) рўйхатдан ўтказадиган умумий ҳамжиҳатлик жамғармасини тузишни таклиф қилмоқда. Бу жамғарма орқали ЕИнинг барча давлатлари зарур ресурсларга — масалан, темирйўл платформалари, ҳарбий юк ташишга мўлжалланган кемалар, тиббий поездлар, ўқ-дориларни ташиш имкониятлари ва бошқаларга кенгроқ кириш имконига эга бўлади.
«Ҳарбий мобиллик — Европа хавфсизлиги учун муҳим суғурта. Умид қиламанки, уни тўлиқ қувватда ишлатишга тўғри келмайди, аммо унинг мавжуд бўлишиёқ тўсиш ва мудофаани мустаҳкамлайди», — дея хулоса қилди Каллас матбуот анжуманида.
Унинг фикрича, заифлик Россияни агрессияга ундайди, ЕИнинг ҳарбий тайёргарлигини ошириш эса тўсувчи омил бўлиши керак. «Агар биз ҳарбий мобиллик, жанговар шайлик, мудофаа харажатларини ошириш ва ишлаб чиқариш бўйича қадамлар қўйсак, Россия ҳужум қилмайди, чунки биз заиф эмасмиз», — деди у.
Брюсселда таъкидланишича, Украинадаги уруш ҳарбий технологиялар қуролли тўқнашувлар йўналишини қай даражада тез ўзгартира олишини бутун дунёга кўрсатди. Сунъий интеллект (AI), квант тизимлар, дронлар ва космик технологиялар замонавий жанг майдонини тубдан ўзгартирмоқда. Мудофаа соҳасидаги янги ўйинчилар — стартаплар ва инновацион кичик ҳамда ўрта корхоналар қурол-яроғ ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришда етакчи рол ўйнамоқда.
Европа Иттифоқи технологик суверенитети ва хавфсизлиги бўйича Еврокомиссия вице-президенти Хенна Вирккунен таъкидлашича, Европа мудофаа саноатининг трансформацияси Украина тажрибаларидан чиқарилган сабоқлар асосида амалга оширилади. Бу ЕИ ўз барқарорлигини кучайтириши ва янги мудофаа «экотизими»ни барпо этиши кераклигини англатади. Унда тармоқ етакчилари, инноваторлар ва технологик жамоа бирлашиб, янги ҳарбий салоҳиятни тез ва самарали равишда яратиши лозим.
Алоҳида эътибор тўртта устувор йўналишга қаратилади: мудофаа компанияларига инвестицияларни қўллаб-қувватлаш, янги технологияларни ишлаб чиқишни тезлаштириш, мудофаа имкониятларига киришни кенгайтириш ва Европанинг технологик устунлигини сақлаб қолиш учун зарур кўникмаларни ривожлантириш.
ЕИ расмийларидан бирининг айтишича, мудофаа саноатини қайта йўналтириш бўйича янги режа Украинага, келажакда ЕИга аъзо давлат сифатида, муайян устунликлар беради. Бундан ташқари, Украина билан аллақачон ЕИ мудофаа инновациялари дастури (EUDIS) доирасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Турли форматларда инноваторлар Украина Қуролли Кучлари жанг майдонида дуч келаётган муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бермоқда, эндиликда эса Брюссел ушбу ғояларни мудофаа ишлаб чиқаришига тез ва самарали жорий этишни таклиф қилмоқчи.
Еврокомиссия ҳарбий мобиллик бўйича янги регламентни қабул қилиш учун ЕИ Кенгаши ва Европа парламентига тақдим этади ҳамда «ЕИ мудофаа саноатини трансформация қилиш бўйича йўл харитаси»ни дарҳол амалга оширишга киришади.
Мавзуга оид
23:49 / 06.12.2025
Маск ЕИни тугатишга чақирди
21:54 / 06.12.2025
Путин денгиз блокадаси билан таҳдид қилди. РФ армияси бунга қодирми?
16:15 / 06.12.2025
Мерцга Кремлдан "ҳужум": АҚШнинг Украина бўйича роли атрофида баҳс кучаймоқда
15:44 / 06.12.2025