Жаҳон | 12:30 / 24.11.2025
1724
2 дақиқада ўқилади

Германиядан депортациялар сони 18 фоизга ошди, улар янада тезлашиши мумкин

2025 йил январ–октябр ойлари орасида Германиядан 19 538 мигрант чиқариб юборилди — бу бир йил аввал шу даврга нисбатан 18 фоизга кўп. ГФР мамлакатда ноқонуний равишда бўлиб турганларни янада фаолроқ тарзда чиқаришни истамоқда.

Фото: AFP / CHRISTOF STACHE

Германиядан ноқонуний мигрантларни мажбурий чиқариб юбориш (депортация)лар сони 2025 йилнинг дастлабки 10 ойида ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 18 фоизга ошди, деб хабар берди ГФР Ички ишлар вазирлиги якшанба, 23 ноябр куни. Январдан октябргача ўз ватанига 19 538 ноқонуний мигрант ёки кунига ўртача 65 киши депортация қилинган.

ИИВ маълумотларига кўра, 2024 йилнинг худди шу даврида 16 563 та депортация амалга оширилган. 2023 йилнинг шу даврига нисбатан олиб қараганда, ҳозир Германиядан депортациялар сони 45 фоизга кўпайган.

Ички ишлар вазири Александер Добриндт Bild am Sonntag газетасига берган баёнотида ҳукумат миграция сиёсатида янада қатъийроқ йўл тутишини ва мамлакатда яшаш учун қонуний асосга эга бўлмаган чет эл фуқароларини чиқариб юборишни фаоллаштиришни режалаштираётганини айтди. Хусусан, гап Сурия ва Афғонистонга депортациялар ҳақида кетмоқда.

«Гап миграция сиёсатини назорат қилиш, йўналиш ва аниқ позиция ҳақида бормоқда, бу депортацияларга ҳам тааллуқли. Биз бу курсни изчил давом эттирамиз ва Сурия ҳамда Афғонистонга депортацияларга тайёргарлик кўрмоқдамиз», — деди у.

Октябр ойи бошида Добриндт яқин орада Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» ҳаракати билан афғонларни мунтазам депортация қилиш бўйича келишув имзоланиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид