Жаҳон | 14:07 / 24.11.2025
2931
8 дақиқада ўқилади

«Ҳизбуллоҳ» амалдорини ўлдирган Исроил, Покистонда теракт ва Украина устидаги тинчлик музокаралари – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил «Ҳизбуллоҳ» расмийсини ўлдирди

Бир йил аввал АҚШ воситачилигида ўрнатилган сулҳга қарамай якшанба куни Исроил яна Ливанга ҳужум қилди. Исроил армияси хабарига кўра, Байрутнинг жанубий чеккасини ўққа тутиш орқали «Ҳизбуллоҳ»нинг энг юқори даражадаги ҳарбий расмийси ўлдирилган.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги зарба оқибатида беш киши ҳалок бўлгани, яна 28 киши яраланганини маълум қилди. Зарба кўп қаватли бинога урилган ва ракета парчалари асосий шоҳбекатдаги автомобиллар устига тушган.

Бу — ойлар давомида Ливан пойтахтига амалга оширилган илк зарба бўлиб, «Ҳизбуллоҳ»нинг штаб бошлиғи вазифасини бажарувчиси Али Табтабаий нишонга олинган.

«Ҳизбуллоҳ» Табтабаий ҳалок бўлганини тасдиқлади ва у «охирги онигача исроиллик душманга қарши курашгани»ни таъкидлади. Бироқ унинг аниқ лавозим ва вазифалари батафсил очиқланмади.

«Ҳизбуллоҳ» расмийси Маҳмуд Қоматий бу зарба «қизил чизиқ»ни кесиб ўтганини билдирди ва жавоб қайтарилишини таъкидлади. Шунингдек, «Ҳизбуллоҳ» ўт очишни тўхтатиш бошланганидан бери Исроилга отиш амалга оширмаганини ва келишувга риоя қилаётганини билдирди.

Reutersʼнинг ёзишича, АҚШ 2016 йилда Табтабаийга санкция жорий қилган ва уни «Ҳизбуллоҳ»нинг муҳим раҳбарлари қаторига киритиб, у ҳақдаги маълумот учун 5 миллион долларгача мукофот таклиф қилган эди.

Зарба ҳақида АҚШга олдиндан хабар берилган-берилмагани сўралганда, Исроил ҳукуматининг сўзчиси Шош Бедроциан Исроил қарорларни мустақил қабул қилишини айтди. Ливан президенти Жозеф Аун эса халқаро ҳамжамиятни Исроил ҳужумларини тўхтатиш учун аралашувга чақирди.

Россия-Украина уруши бўйича тинчлик музокаралари

Шу кунларда қарийб 4 йилдан бери давом этаётган Россия-Украина урушини тугатишга қаратилган АҚШнинг 28 банддан иборат режаси муҳокама қилинмоқда. Вашингтон, Киев ва Европа вакиллари қатнашаётган тинчлик келишуви бўйича Женевадаги музокараларда олға қадам ташланди.

Хусусан, АҚШ давлат котиби Марко Рубио музокараларни мақтаб, уларни «мана шу жараёндаги энг фойдали ва мазмунли учрашув» деб атади. «Айрим масалаларни бандма-банд кўриб чиқишга муваффақ бўлдик. Ва ўйлайманки, яхшигина силжишга эришдик», деди у.

Рубио делегациялар келишилмаган нуқталарни аниқлаштириш учун вақтинча ажралиб чиққанини ва айрим ўзгартишлар, тузатишлар устида ишланаётганини билдирди.

«Албатта, якуний қарор президентларимиз томонидан маъқулланиши керак бўлади, аммо бу борада мен ўзимни анча ишончли ҳис қиляпман», деди Рубио.

Украина президенти аппарати раҳбари Андрей Ермак ҳам ижобий суръатни тасдиқлади. «Қадрли америкалик делегация билан жуда самарали биринчи сессияни ўтказдик. Жуда яхши силжиш бор ва адолатли ҳамда барқарор тинчликка яқинлашяпмиз», деди Ермак.

АҚШ лойиҳасига кўра, Украина қўшимча ҳудуддан воз кечиши, армия ҳажмини чеклаши ва НАТОга аъзо бўлишдан расман воз кечиши талаб қилинмоқда. Трамп Зеленскийга жавоб бериш учун 27 ноябргача муҳлат белгилаган. Зеленский эса «шаънимизни йўқотиш ёки асосий ҳамкордан айрилиш хавфи» каби жуда оғир танлов олдида турганини айтган. Европаликлар бу режага қарши чиққан.

G20 саммити якунланди

Жанубий Африкада ўтказилган G20 саммити «кўп томонлама ҳамкорлик»ка содиқлик назарда тутадиган қўшма декларация билан якунланди.

Иқлим ўзгаришига қарши чоралар ва иқтисодий тенгсизлик масалаларини қамраб олган ушбу декларация — йиғилишни бойкот қилган АҚШ эътирозларига қарамай қабул қилинди.

Ёпилиш маросимида сўзлаган ЖАР президенти Сирил Рамафоса келишув — «умумий мақсадлар» мамлакатлар ўртасидаги фарқлардан устун келганини кўрсатди, деди.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп саммитда иштирок этмасликка қарор қилганди. У сабаб сифатида ЖАРдаги оқ танли озчиликка нисбатан оммавий ўлдиришлар ва ерларни эгаллаб олиш амалга ошириляпти, деган даъвони айтган. Шунингдек, Африка қитъасида ўтказилган биринчи G20 саммитига Россия ва Хитой етакчилари ҳам келмади.

Делегатлар Украина, Судан, Конго ва босиб олинган Фаластин ҳудудида «адолатли, комплекс ва барқарор тинчлик» сари ҳаракат қилиш борасида ҳам келишувга эришди.

Покистонда яна теракт

24 ноябр куни уч нафар жангарининг ўзини портлатиши натижасида Покистоннинг ярим ҳарбийлашган кучлари — «Frontier Constabulary» штаб-квартирасига ҳужум қилди. Натижада ташкилотнинг уч нафар ходими ҳалок бўлди, камида беш киши яраланди.

Парамилитар кучлар — Покистон армияси ва полицияси орасидаги ташкилот бўлиб, ҳарбий интизом ва тузилма билан ишлайди, полициядан кўра кўпроқ қуролланган ҳамда ички хавфсизликка кўпроқ йўналтирилган.

Ҳужумчилар Пешавор шаҳридаги штабга бостириб киришдан олдин ўт очган ва комплекс ичида ўзларини портлатган, деди полиция.

«Биринчи жангарининг ўзини портлатиши асосий дарвоза ёнида содир бўлди, қолган иккиси майдонга кириб кетди», деди юқори лавозимли расмий Reutersʼга.

Душанба куни эрталаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳудудни ўраб олди ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда. Штаб ичида яна террористлар бўлиши мумкин, дея гумон қилинмоқда.

Ҳозирча ҳужум учун ҳеч қайси жангарилар гуруҳи жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Сўнгги вақтларда фаоллашган ҳужумлар учун Покистон «Толибон»ни айбламоқда: Исломободга кўра, қўшнилари жангариларга паноҳ бериб келмоқда. Лекин расмий Кобул эса бу айбловларни рад этиб келади.

Нигериядаги бола ўғирлаш жиноятлари

Нигерияда жума куни католик мактабига қилинган ҳужумда ўғирлаб кетилган 315 боладан 50 нафари қочиб қутулди. Нигерия расмийлари улар оилалари билан қайта бирлаштирилганини тасдиқлади. Қолган 265 нафар қиз болалар ва улар билан олиб кетилган 12 ўқитувчининг қаердалиги номаълум.

Ҳарбийлар, полиция ва маҳаллий қўриқчилар болаларни қидирмоқда — яқин атрофдаги ўрмонлар ва жангарилар фойдаланган деб тахмин қилинган йўллар кўздан кечирилмоқда.

Нигер штатидаги ушбу оммавий ўғирлашдан олдин, ўтган ҳафта Кебби штатдаги мусулмонлар ўқийдиган мактабдан ҳам 20 нафар қиз бола ўғирланганди. Ҳодисадан сўнг бир қатор штатларда мактаблар ёпилди.

Ушбу ўғирлашлар тўлқинига жавобан, Нигерия президенти Бола Тинубу қўшимча 30 минг полиция ходимини ишга олишга буйруқ берди.

Президент Тинубу шунингдек, VIP шахсларни ҳимоя қилаётган барча полициячиларни ўз асосий вазифаларига — ҳужумлар тез-тез содир бўладиган олис ҳудудларга қайта йўналтирди.

Ҳозирги кунда, «бандитлар» деб аталувчи жиноий гуруҳлар томонидан одам ўғирлаш Нигериянинг кўп ҳудудларида жиддий муаммога айланган. Жиноий гуруҳларга молиявий оқимни тўсиш мақсадида товон тўлаш тақиқланган, лекин бу деярли таъсир кўрсатмаган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид