Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц Украинада тинчликка эришиш йўли бўйича ўз таклифини илгари сурди
Германия канцлери Доналд Трамп талаб қилганидек, Украина учун мўлжалланган АҚШ тинчлик режаси 27 ноябргача қабул қилинишига шубҳа билдирди. Шу боис Фридрих Мерц камида «ҳеч бўлмаса биринчи қадамни қўйиш» учун ўз таклифини киритди.
Германия канцлери Фридрих Мерц Россиянинг Украинага қарши урушига чек қўйиш бўйича музокаралар жараёнида ўз таклифини илгари сурди. Гап 28 банддан иборат АҚШ «тинчлик режаси»нинг қисқартирилган варианти ҳақида бораётганини у якшанба, 23 ноябр куни Йоханнесбургда бўлиб ўтган G20 саммитида маълум қилди.
Сиёсатчининг таъкидлашича, у АҚШнинг тинчлик бўйича таклифини Украина учун Доналд Трамп белгилаб қўйган сўнгги муддат — 27 ноябр, пайшанба кунига қадар келишиб олиш имкониятига шубҳа билан қарайди. «Агар 28 бандда санаб ўтилганнинг барчаси беш кун учун жуда кўп бўлса, мен камида америкаликлар ва европаликлар розилиги билан Украина томони Россия билан келишиши мумкин бўлган ҳеч бўлмаганда бир бандни топишга уриниб кўрмоқчиман», — деди Мерц.
У ўзи тақдим этган таклифнинг тафсилотларига тўхталмади, фақат гап «пайшанба куни ҳеч бўлмаганда биринчи қадамни қўйиш» ҳақида кетаётганини таъкидлаб ўтди.
Мерцнинг сўзларига кўра, бу таклиф ҳозир Женевада ЕИ, АҚШ ва Украина вакиллари ўртасидаги музокараларда ҳам муҳокама қилинмоқда. «Эҳтимол, биз олға юриш имкониятига эга бўлармиз, аммо буни энг қисқа муддат ичида амалга оширишга ҳали ҳам шубҳа билан қарайман», — дея қайд этди Германия ҳукумати раҳбари.
Германия канцлерининг фикрича, Украинага қарши бошланган уруш тугагандан кейин бу мамлакат учун келгуси хавфсизлик кафолатлари масаласи айниқса муҳим. «2025 йилда Россияга 1995 йилдагидек ишониб бўлмайди», — деди у, Будапешт меморандумига ишора қилиб.
Ушбу ҳужжатга кўра, Россия Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига тажовуз қилмаслиги керак эди. Бироқ Киев учун кафолатлар унда аниқ тафсилотлар ва кафил давлатлар — жумладан, Буюк Британия ва АҚШ учун аниқ мажбуриятлар белгиланмасдан баён этилган. Ҳужжат матни Россия ҳужуми юз берган тақдирда Украинага тўғридан тўғри ҳарбий ҳимоя кўрсатишни ҳам назарда тутмаган.
23 ноябр куни Женевада Украинадаги урушни тўхтатиш режаси бўйича халқаро маслаҳатлашувлар ўтказилди. Украина делегацияси раҳбари, президент офисининг бошлиғи Андрей Ермак маълум қилишича, музокараларда иштирок этиш учун, жумладан, АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф келган.
Украина президенти Володимир Зеленский конструктив мулоқот ва ижобий натижага умид билдирди. «Украина ва Америка жамоалари, шунингдек, европалик ҳамкорларимиз яқин алоқада, ва мен умид қиламанки, натижа бўлади. Қон тўкилишни тўхтатиш ва уруш яна қўзғатилмаслигига кафолат бериш керак», — деб ёзди Украина раҳбари ижтимоий тармоқларда.
Женевадаги музокараларда иштирок этаётган Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров 23 ноябр куни тинчлик режасининг янги «таҳрири» ҳақида маълум қилди, унинг сўзларига кўра, у «келишувнинг якуний босқичида» турибди ва «украиналикларнинг асосий устувор мақсадлари аксарият қисмини акс эттиради». Умеров ҳеч қандай қўшимча тафсилотларни келтирмаган.
Мавзуга оид
18:44 / 14.06.2026
Украина дронлари Россиянинг камида 14 регионига ҳужум қилди
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
18:11 / 12.06.2026