Жаҳон | 14:59 / 27.11.2025
3362
8 дақиқада ўқилади

Вашингтон марказидаги отишма, Ҳонгконгда даҳшатли ёнғин ва Путиннинг Қирғизистондаги режалари – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Оқ уй олдида отишма

26 ноябр куни АҚШ пойтахти — Вашингтон марказида, Оқ уй яқинида икки нафар Миллий гвардия аскари отиб ташланди. Расмийларга кўра, аскарлар оғир яраланган, ҳужум вақтида жароҳатланган гумонланувчи эса қўлга олинган.

Ғарбий Виржиния Миллий гвардияси аъзолари бўлган ушбу аскарлар Оқ уйдан бир неча блок наридаги патрул таркибида бўлган. Гумонланувчи эса бурчакдан чиқиб келиб, уларни «пистирмадан отгани» айтилмоқда.

Отишмадан сўнг бошқа гвардия аскарлари ҳужумчини қўлга олган, ҳужумчи якка ўзи ҳаракат қилган. ФҚБга кўра, иккала аскар ҳам оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Терговчилар — Вашингтон штатида яшовчи 29 ёшли афғон фуқароси Раҳмануллоҳ Лаканвални гумонланувчи сифатида қўлга олган. Бу ҳақда анонимлик шарти билан гапирган Оқ уйнинг икки нафар расмийси Reutersʼга маълум қилди. Ҳужум террорчилик ҳаракати сифатида тергов қилинмоқда.

Лаканвал 2021 йилда «Толибон» ҳокимиятга келгач, АҚШга «Иттифоқдошларни қабул қилиш» операцияси доирасида келган. У 2024 йил декабрида бошпана сўраб ариза топширган ва унинг жиноят тарихи бўлмаган.

Ҳужум содир бўлган пайтда Флоридадаги курортида бўлган Трамп отишмани «ёвузлик, нафрат ва террор ҳаракати» деб атади. У Байден президентлиги даврида АҚШга келган барча афғонлар «қайта кўриб чиқилишини» айтди.

Вице-президент Ж. Д. Вэнс эса миграция сиёсати янада кучайтирилишини билдирди. Мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг айтишича, ушбу воқеадан сўнг Доналд Трамп Вашингтонга яна 500 нафар гвардиячини жалб қилишни буюрди.

Ҳуқуқ фаоллари ва танқидчилар одатда Трамп маъмуриятининг иммиграция сиёсатидан норози бўлади. Улар – ҳукумат ноқонуний даражада қаттиқ чораларни қўллаётгани, жиноят тарихи бўлмаган ёки ҳатто қонуний равишда юрган айрим шахсларни ҳам аёвсиз тарзда ҳибсга олаётганини айтиб келади.

Ҳонгконгда даҳшатли ёнғин

26 ноябр куни Ҳонгконгнинг Таи По туманида жойлашган турар жой мажмуасида бир нечта кўп қаватли уйларда йирик ёнғин бошланди. Полициянинг маълум қилишича, ёнғин пайшанба куни тонгда ҳам тўлиқ ўчирилмаган. Ҳозиргача камида 44 кишининг ўлими қайд этилди. Улар орасида бир ўт ўчирувчи ҳам бор. Яна 45 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Қарийб 300 киши бедарак йўқолган. Ушбу уй-жой мажмуасидаги қарийб 2 000 та хонадонда 4,5 мингдан ортиқ одам яшаган.

Таи По туманидаги 32 қаватли мажмуа бамбук ёғочлари ва яшил қурилиш тўрлари билан ўралган бўлган. Расмийларга кўра, ёнғин айнан — бинонинг ташқи томонида таъмирлаш учун ишлатилган бамбукдан йиғилган вақтинчалик конструкциядан келиб чиққан бўлиши мумкин. Бундан ташқари, кўпикли материаллар орқали тарқалган бўлиши ҳам мумкин.

Ўт ўчирувчилар юқори қаватларда қолиб кетган аҳолига етиб боришда қийналмоқда. Пайшанба тонгига келиб, расмийлар ёнғин қамраб олган тўрт блок устидан назорат ўрнатилганини, уч блокдаги операция давом этаётганини айтди.

Хитой давлат телеканали «Си Жинпинг бор куч билан ёнғинни ўчириш ва талафотларни камайтиришни буюргани» ни хабар қилди. Ҳонгконг полиция расмийси эса қурилиш компаниясининг икки директори ва бир муҳандис маслаҳатчиси ҳибсга олинганини билдирди.

«Бизда компания масъуллари қўпол бепарволик қилгани, бу эса ушбу фалокатга ва ёнғиннинг назоратсиз тарқалишига олиб келганига асос бор», деди у.

Биноларни таъмирлашда қўлланадиган яшил қурилиш тўри ва бамбук конструкциялар анъанавий Хитой қурилишининг унсурларидан бўлса-да, хавфсизлик сабаб босқичма-босқич бекор қилинаётган эди.

Гвинея-Биссауда давлат тўнтариши

Ғарбий Африкадаги Гвинея-Биссау давлатида ҳарбий тўнтариш юз берди. Ҳарбийлар президенти Умару Сисоку Эмбалони ҳокимиятдан ағдарганини эълон қилди. Улар барча сиёсий институтлар, шунингдек, денгиз, ҳаво ва қуруқликдаги чегараларни вақтинча ёпди.

Ҳарбийлар ўз ҳаракатларини «сайлов натижаларини манипуляция қилиш ва мамлакатни беқарорлаштириш режаси аниқланганидан сўнг мажбурий чора» сифатида изоҳлаган. Уларнинг маълумотига кўра, бу режада айрим сиёсатчилар ва наркомафия вакиллари қатнашган.

Бу ерда 23 ноябр куни президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтганди. Аммо натижалар расмий эълон қилинадиган 27 ноябргача: амалдаги президент ҳам, унинг асосий рақиби ҳам ўзини ғолиб деб эълон қилиб юборган. Бу эса сиёсий тарангликни янада кучайтирган.

Гвинея-Биссау дунёдаги энг камбағал ва сиёсий жиҳатдан инқирозли мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Исроил Ғарбий Соҳилда янги операция бошлади

Исроил хавфсизлик кучлари 26 ноябр куни Ғарбий Соҳилдаги Тубас шаҳрида позициялар эгаллаб, айрим фаластинлик аҳолига уйларидан чиқишни буюрди. Бу шимолий Ғарбий соҳил шаҳарлари бўйлаб бир неча ойдан бери давом этаётган ҳарбий кампаниянинг давомидир.

Тубас губернатори Аҳмад ал-Асаднинг Reutersʼга айтишича, вертолёт томонидан қўллаб-қувватланган Исроил кучлари шаҳарни ўраб, бир нечта маҳаллаларда позициялар ўрнатган.

«Босқин узоққа чўзиладиганга ўхшайди; ишғол кучлари одамларни уйларидан ҳайдаб чиқарди, бинолар томларини эгаллади ва ҳибсга олиш ишларини олиб бормоқда», деди у.

Исроил ўтказаётган операция чоршанба куни эрталаб «дастлабки разведка аниқлови»дан сўнг бошлангани айтилди. Ҳарбийлар босиб олинган Ғарбий соҳилдаги ўнлаб уйларда ўтказилган тинтувлар давомида «кузатув назорат хонаси» аниқланганини билдирган.

Шаҳарда ҳарбий техникалар ҳаракатланаётгани, қўшинларнинг кўчаларда патрул қилаётгани кузатилди.

Ал-Асаднинг айтишича, Исроил кучлари уйларидан ҳайдалган аҳоли вакилларига операция тугамагунча ортга қайтмасликни буюрган. У бунинг бир неча кун давом этиши мумкинлигини тахмин қилди.

Ғарбий соҳилда 2,7 миллион фаластинлик яшайди; улар Исроил ҳарбий бошқаруви остида чекланган ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга. Бу ҳудудда юз минглаб исроиллик кўчманчилар ҳам ноқонуний жойлашиб олган.

Путиннинг Қирғизистон билан режалари

Бишкекка ташриф буюрган Россия президенти Владимир Путин чоршанба куни Қирғизистонда биринчи атом электр станциясини қуриш эҳтимоли ҳақида эълон қилди.

«Росатом [Қирғизистондаги] уран қазиб олиш майдонларини рекултивация қилиш дастурини амалга оширмоқда. Республикадаги биринчи атом электр станциясини рус технологияси — кичик модул реактор технологиясидан фойдаланган ҳолда қуриш имконияти ўрганилмоқда», деди Путин.

У шунингдек, Иссиқкўл минтақасида ҳамкорликда йирик қуёш электр станцияси қурилиши, бошқа ҳудудда эса ИЭС қурилиши режалаштирилаётганини айтди.

Путиннинг айтишича, икки мамлакат ўртасидаги иттифоқчиликни мустаҳкамлашга доир «қўшма сиёсий баёнот» имзолашга тайёр. Россия ва Қирғизистон тўловларнинг қарийб 97 фоизини ўз миллий валюталарида амалга ошираётгани қайд этилди.

Шунингдек, Путин Қирғизистонда жойлашган Россия ҳарбий базаларининг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Республикага жойлаштирилган «Россиянинг бирлашган ҳарбий база»си – минтақада барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир», — деди Путин.

Садир Жапаров эса «Россия – Қирғизистон учун ҳар доим стратегик иттифоқчи, ишончли ҳамкор ва яхши дўст бўлгани ва бўлиб қолишини» билдирди.

Путиннинг ташрифи Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ)нинг Бишкекдаги саммити арафасида бўлиб ўтмоқда. Бугун мазкур ташкилот аъзолари: Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон вакиллари навбатдаги йиғилишини ўтказади.

Мавзуга оид