Ўзбекистон | 10:23 / 27.11.2025
2957
2 дақиқада ўқилади

Европага ишга бораётганлар учун виза олиш жараёни соддалашиши мумкин

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олим Абдуллаев Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Халқаро миграция сиёсатини ривожлантириш маркази минтақавий директори Радим Зак билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида Европа Иттифоқи мамлакатларига ишга бораётган ўзбекистонлик фуқаролар учун виза олиш жараёнларини соддалаштириш ва миграция сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: ТИВ

Музокаралар давомида миграция сиёсатини такомиллаштириш, Европа Иттифоқи давлатларига ишга кетаётган Ўзбекистон фуқаролари учун виза талабларини соддалаштириш, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларнинг марказ таълим дастурларида кенгроқ иштирок этиши масалалари кўриб чиқилди.

Марказ томонидан ҳукуматлараро ҳужжатларни тезлаштирилган тартибда келишишга кўмаклашиш, шунингдек, Европа меҳнат бозори талабларига йўналтирилган қайта тайёрлов дастурларини кенгайтириш имкониятларини ўрганишга тайёрлик билдирилди.

Томонлар, шунингдек, Швециядан қайтаётган фуқароларнинг барқарор реабилитация ва реинтеграция механизмларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, BOMCA-11 минтақавий дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашди.

Учрашув чоғида Радим Закка марказнинг Ўзбекистонда тўлақонли ваколатхонасини очиш бўйича ижобий қарор қабул қилингани ҳақида ҳам маълумот берилди. Ўз навбатида у муҳокама қилинган барча йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни янада кучайтириш ниятини тасдиқлади.

Халқаро миграция сиёсатини ривожлантириш маркази 1993 йилда Австрия ва Швейцария томонидан ташкил этилган ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, 21 та аъзо давлатни бирлаштиради ва 200 дан ортиқ халқаро ҳамкорлар билан фаол иш олиб боради. У миграция сиёсати соҳасида замонавий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича етакчи халқаро платформалардан бири ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид