Ўзбекистон | 09:09 / 28.11.2025
7581
14 дақиқада ўқилади

“Фармоннинг ижросини қилсак, муаммони бирмунча камайтирамиз” – иқлимшунос

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, шу кунларда Тошкентдаги ҳаво ифлосланишида табиий эмас, балки антропоген омилларнинг ҳиссаси кўпроқ. “Йирик-йирик шаҳарларда инверсия ҳодисаси кўпайиб, ҳавода “смог” бўлади. Биз ўзи “смог”га тўқнаш келяпмиз”, – дейди у Kun.uzʼга берган интервюсида. Мутахассис бу сабаб соғлиқни сақлашдаги масалалар давлатга қимматга тушишини, чора-тадбирлар тўлиқ бажарилмаса, муаммо камаймаслигини айтмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкент ва унинг атрофидаги ҳудудлар, қисман водий вилоятлари салкам бир ҳафтаки ҳаво ифлосланишидан азият чекади. Ҳолат айниқса пойтахт шаҳарда оғирроқ ўтмоқда.

Шундан келиб чиқиб, шаҳардаги экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов фармон илмий асосларга таянилган ҳолда ишлаб чиқилганини, ундаги вазифаларни бажаришни кечиктириб бўлмаслигини, бу давлатга қимматга тушишини айтмоқда. Мутахассис Kun.uzʼга берган интервюсида фармон доирасида нималар қилинишини, унинг ортидан қандай натижа бўлишини батафсил тушунтириб берди. Қуйида интервюнинг матни келтирилади.

Шу кунларда Тошкентни қайси манбалар ифлослантирмоқда?

Тошкент тарихида 170 йилликдаги энг қуруқ иккинчи йил ҳозир кузатиляпти. Биринчиси – 1917 йилда кузатилган. Яъни ўша пайтда қаҳатчилик, очарчилик бўлган, ҳаттоки қурғоқчилик эффекти сабаблари ҳам айтилади. Энди бошқа омиллар ҳам бор. Яъни бунақа кам ёғин кузатилган пайтда, умуман бизнинг минтақада, чўл ҳудудларида тупроқ намгарчилигининг қочиши майда заррачаларнинг ҳавога кўтарилишига мойил қилиб қўяди. Мана шунинг орқасидан биз муттасил мана шу мавсумда чанг-ғуборли ҳавога тўқнаш келяпмиз. Яъни бу табиий омил дейилади.

Лекин табиий чанглар ўтмишда ҳам кўп бўлган ва бу даражада инсон саломатлигига таъсир кўрсатмаган. Охирги пайтда аҳолининг норозиликлари: чангнинг кўзни ёшлантирувчи, ҳаттоки ўпка, томоқда қичиш ҳосил қилиши ёки бошни оғритиши, ҳаттоки уйқуларининг бузилиши – бошқа-бошқа ҳар хил муаммолар антропоген омилларга етаклайди ва айни бу масалалар йирик шаҳарларга хос. Яъни пойтахт билан солиштирадиган бўлсангиз, худди шунақанги манзара. Сунъий йўлдошдан кўрадиган бўлсангиз, жанубий туманларида: Бўка, Бекобод ёки Янгийўлда бўладиган бўлса, лекин пойтахт ичида худди инсон қанақадир босим остида юргандек бўлади.

Бу антропоген сабаблар, яъни инсон омили натижасида ҳавога чиқаётган ташламалар сабаб юзага келмоқда. Булар агар муттасил давом этадиган бўлса, заҳарли моддалар дейилади. Яъни кишиларда заҳарланиш юзага келиши мумкин. Ўзидан карбонат ангидрид газининг концентрациясини келтириб чиқариб, секин ис газига ҳам айланиши мумкин. Мана шунақанги жараёнга аста-секин пойтахт кириб бораётган эди.

Энди бунинг учун ўша антициклон жараёни, яъни қуруқ об-ҳаво шароитида минтақада янги сўз пайдо бўлди: инверсия. Инверсия ҳодисаси. Жуда ҳам кўп. Бу инверсия ўзи нима? Ўша қуруқ ҳаво шаклланганда, қуёш чиққанида, кечқурун ер сирти совийди ва қуёш чиққанда зудлик билан юқорини иситиш ҳисобига пастки ва юқорида ҳарорат бир хил бўлади. Бу одатда қиш ойларида бўлади ва бу пайтда совуқ ҳаво қамалиб қолади, яъни босилиб қолади.

Мана шу пайтда йирик шаҳарларда ишга бориш ва ишдан қайтишда автомобил ҳаддан ташқари кўп ҳаракатланади. Тирбандликлар бўлади ва мана шу тўрт соатликда майда заррача шамол омили, яъни автомобил келтириб чиқараётган кичик тезликдаги майда шамол ҳисобига ҳавога кўтарилади. Шу пайтда биз одатда рейтингда биринчи ўринга кўтариламиз.

Бунинг учун ё қанақадир шамол эсиши керак, пойтахтдан шамол эсиб чангни олиб кетиши керак ёки ёмғир ёғиши керак. Масалан, ўтган кузларда ҳар 5-10 кунликда битта ёмғир ёғган. Октябр-ноябр ойларида, масалан, пойтахтда кўрпа мисол ерга босувчи ёмғирлар бўлган. Бу йил ўша йўқ. Шунинг ҳисобига чанг чиқиб кета олмаяпти, яъни кучли шамоллар ҳам эсаётгани йўқ. Эслайсизми, масалан, охирги бир-икки ойликда, уч ойликда бир 10 м/с, яъни дарахтларни синдирувчи шамол бўлмади, ўзи куз ойларида дарахтларни синдирувчи шамол бўлиши керак, бўлган олдиндан. Лекин шу шамолнинг ўзи ҳам йўқ-да. Демак, шаҳар атрофи ёки шаҳар ичидаги йиғилаётган майда заррачаларни ҳозир ташқарига олиб кетадиган омил йўқ.

Бунинг устига, пойтахт атрофида иссиқхоналарни биз режалаштирдик. Яна ундан ташқари Қозоғистонда, биз билан чегарадош ҳудудларда ҳаддан ташқари кўп иссиқхоналар ишлаяпти, потирлатиб кўмир ёқишяпти. Газ ресурслари билан уларда имконият йўқ, уларда кўмир жуда ҳам арзон. Шунинг ҳисобига қўшни Қозоғистоннинг мўрисидан чиқаётган қора тутунларни ҳам сунъий йўлдошда кўряпмиз, тўғридан тўғри Тошкентга таъсир кўрсатяпти. Ва ўзимизнинг 3 000 га яқин бўлган иссиқхоналар ҳам таъсир кўрсатиб, кўмир ёниши натижасида юзага келадиган нарса жуда ҳам хавфли ҳисобланади. Зарарли ва асосий кишиларда ўша муаммолар келтириб чиқараётган, кўп савол берилаётган омил аслида мана шулар.

Фармон билан нималар қилинади?

Президентнинг 229-сонли фармони чиқди ва унга 20 га яқин таклифлар киритилди. Умумий вазиятлардан келиб чиқиб, қурилиш, энергетика, транспорт, маиший хизматлар тармоқларини ҳисобга олиб ва табиий, яъни ўша Қозоғистон ҳудудларидан кириб келаётган чанг ҳаволарини, бизнинг Тошкентга кириб келаётган ҳамма нималарни ҳисобга олиб туриб, ўша PM2,5 келтириб чиқараётган манба оқибатларига қарши фармонда битта-битталаб чора кўрсатиляпти.

Масалан, мунтазам равишда қурилиш объектларида сув сепиш назарда тутиляпти. Ҳозир яна ҳуқуқ ости ҳужжатлари чиқади. Буларнинг масалалари кўриляпти. Биз шамол коридорларини йўқотиб қўйдик, палапартиш қурилиш бўлди. Олдинлари пойтахтга асосан шимолий-ғарбдан, шимолдан, шимолий-шарқдан шамоллар эсар эди ва тўғридан тўғри пойтахтда йиғилган ифлос моддаларни Янгийўл, умуман чўл ҳудудларига олиб кетар эди. Энди ҳозир шамол гулини йўқотиб қўйдик, яъни қурилишлар палапартиш қурилди. Пастда эсувчи, 40–30 метр пастда эсувчи шамолларнинг кучини йўқотиш ҳисобига энди бошқа ҳудудлардан шамол эсиб келяпти. Умуман, пойтахт шунақанги бир локацияга айландики, сўнгги йилларда ҳамма томондан эсадиган бўлиб қолди. Шуни ҳисобга олиб туриб, фармонда илмий-текшириш институтларига топшириқ бериляпти.

Энди шамоллар худди мана шунақанги шароит кузатилган қайсидир шаҳарларда, масалан, Хитой, Австралия шаҳарларида бўлган экан ва улар ўша конвекция деган усулдан фойдаланишган. Кўпчилик ҳозир сунъий ёмғирдан умид қиляпти. Сунъий ёмғир қиммат, унинг устига доим ўзининг самарасини бермайди. Яъни сунъий ёмғир билан битта ёғдириб туширасиз, яъни лой ёмғир ёғиб, бошқа бўлади. У жуда катта, худди бир ариқларда сув оқадиган даражада, биз унақа технологияларни қўллай олмаймиз. Шунинг ҳисобига яна кўтарилиши мумкин. Чунки яна инверсия бўлади. Шунинг учун энг яхши йўли бу конвекция усули дейилади. Тошкентга яқинроқ бўлган тоғолди ҳудудларида ҳаво тоза бўлади. Бўстонлиққа чиқсангиз, пастдан қарасангиз, худди Тошкентда шу жигарранг, қора, кулранг рангли “смог”ни кўрасиз.

Агар телеминоранинг устига чиқиб қарасангиз, 340 метр юқорисида ҳаво топ-тоза. Пастда 20 баробар ифлосланиш, юқорида топ-тоза, худди Швейцария ҳавоси бўлиб туради. Чунки бизда телеминорада ҳар 60 метрда датчикларимиз бор. Ўрганяпмиз, кўриняпти ҳаммаси. Шуни ҳисобга олиб туриб, тоғли ҳудудларимизда биз булутни ҳосил қиладиган бўлсак, бу мумкин, лекин ёмғир ёғдира олмаймиз, булут остида ўзи шамол пайдо бўлади, ўзи булутости шамол дейилади. Ўша шамол орқали пойтахтга сиз босимни берсангиз бўлади. Бу конвекция усули дейилади. Хитой, ҳаттоки Австралия ҳам қўллаган. Биз ҳам шуни қўллаб кўрмоқчимиз. Фармонда ёзиб қўйилган, буни энди илмий-тадқиқот институтларининг икки йиллик тажрибаси асосида кўриб чиқишади. Бу биттаси.

Иккинчиси – конверген ва вентур усулларининг қурилиш секторига таъсири. Бу шамол коридорларини ҳосил қилиш. Яъни энди шамол эсмаяпти, 0 метр, ҳозир мана шунақа пайтда 0 метр, ярим м/с шамол бўляпти. Биз ўзи шунақанги ифлос пайтларда 2 м/с шамолга ҳам зўр бўлиб қоламиз. Қани энди 2 м/с шамол эсса-ю, бизнинг ўша пойтахтда йиғилган ифлос моддаларни олиб кетса, деб қоламиз. Шунинг ҳисобига энди бу олдинлари бўлган. Масалан, бундан 100 йил олдин ўша қурилишларимиз шамолнинг йўлини тўсмайдиган даражада бир қават ёки икки қават бўлган. Ҳаттоки ўтган асрдаги бош режада ҳам шамол коридорлари учун йўллар қолдириб кетилган. Шамол кириб пойтахтдан барча майда заррачаларни олиб чиқиб кетадиган бўлган. Энди ҳозир умуман бу тартиб бузилган.

Шунинг ҳисобига энди биз мавжуд бўлган инфратузилмани йўқотмасдан, бузмасдан туриб, бор имкониятлардан фойдаланамиз. Яъни шамол тезлигини кучайтирамиз. Шу масалада ҳам илмий-тадқиқот институтларига топшириқ бериляпти, ўрганиляпти. Биз ҳозир ўтган асрдаги шамол гули маълумоти асосида қурилиш қиляпмиз, шамол гули унақа эмас аслида. Сўнгги беш йилликни кўрадиган бўлсангиз ҳам, бошқа гап. Энди қурилишнинг фасад қисмида кам тежовчи электр энергиясини ҳисобга олиб туриб турли хил аэродинамик, шамолни кучайтирувчи архитектура ечимлари кўрсатиб ўтиб кетиляпти. Бу ҳам яхши. Худдики, масалан, Ўзбекистон меҳмонхонаси, Миллий университет ректорат биноси ёки Политехника институтига – бу совет даврида қурилган ҳаммаси – борсангиз, табиий кондиционер бор. Ичкарида ёз иссиғида кондиционер ёқмасангиз ҳам муздек шабада эсиб туради. Ана шу ўша бино-иншоотининг ташқи қисмидаги аэродинамик архитектура ечими орқали ҳал этилган. Шунинг ҳисобига биз ҳам шунга ўтяпмиз ва бу бироз бўлса-да шамол тезлигини кучайтириши мумкин бўлган мезон экан. Бу кўрсатиб ўтиляпти.

Ва энг асосийси, Сув хўжалиги вазирлигига топшириқ берилган. Олдинлари пойтахтда сув объектлари бўлар эди. Комсомол, Kun.uz студиясига яқин бўлган Миллий боғ ҳудудида ҳам бундан 20–30 йил олдин жуда катта сув объекти бўлган ва бу “шаҳар ўпкаси” дейилган. Мана шунақанги сув объектлари ўтмишдаги бош режада ҳам, ўша 1937 йилда ишлаб чиқилган бош режада ҳам ҳудудларда кўп-кўп сунъий сув объектлари қолдириб кетилган. Сунъий сув объектлари ҳам шамол чақирувчи ва ундан ташқари кислород кўпайтирувчи, ҳавода майда дисперс заррачалар камроқ бўлишини таъминловчи бир асосий манба ҳисобланади ва фармонда кўрсатиляпти, пойтахтнинг тўртта бурчагида учтадан нуқтада, демак, умумий 12 та бўлади, катта-катта сув объектларини Сув хўжалиги вазирлиги топиб, ер топиб, сунъий кўлларни яратиш масаласи кўрсатиляпти. Бу жуда ҳам керакли.

Ва энг асосий мезон бу яшиллаштириш. Энди кўп айтиляпти. Пойтахт ичида 33 километрга яшил йўлак, яъни худди шамол коридорини ҳосил қиладиган яшил йўлак ва Қозоғистондан кириб келадиган, бўш ҳудудларда ҳам яшил қопламалар, яъни яшил белбоғлар ташкил этиш масалалари фармонда кўрсатиляпти.

Ундан ташқари, автомобил секторига эътибор бериляпти. Шунда ҳам биз кўп 80 бензиндан воз кечиш масалаларини гапиряпмиз ва автомобил секторида ҳам ўша оғир юк ташувчи, фавқулодда ифлосланиш юз берган пайтларда шаҳар ичига катта юк машиналарини киритмаслик ва ҳаттоки асосий давлат ташкилотида ишлайдиган ходимларни жамоат транспортида ҳаракатланиши биринчи ўринда ва кейин секин-аста, мана шунақанги фавқулодда ҳолатларда, яъни ҳаво ифлосланиши кучли бўлганда, худди карантин давридагига ўхшаган мана шу ечимлар кўриб ўтиляпти.

Ва яна битта энг асосийси, ҳар кимнинг уй шароитида ҳам энг ҳавоси тоза жой бу ошхона ҳисобланади. Чунки сув қайнайди, ўша жойда овқат пиширасиз. Яъни майда заррачаларни сув буғлари ютади. Шуни ҳисобга олиб туриб, энди совет даврида ҳам кўришган мана шу механизмни, йўл четларида фонтанлар, фавворалар ташкил этиш масалалари ҳозир мана шу фармонда ҳам кўрсатиляпти. Энди Тошкентнинг жуда ҳам кўплаб ҳудудларида фаввораларини кўрамиз. Фавворалар жуда ҳам керак. Шаҳарни тоза сақловчи, шаҳарда кислород кўпайтирувчи, шаҳарда ўша иссиқ ёз ойларида ҳам ўша фавворалар инсонларга ҳаттоки кондиционер бера олмаган бир совуқликни беради. Шунақанги бир комфорт, яхши эстетик салқинланадиган бир вазияти бўлади ва мана шунақанги нарса кўпайишини биз ҳозир кўряпмиз, фармонда кўрсатиляпти.

Ундан ташқари, қурилиш секторида, энди қурилиш объектларининг 25 фоиз қисмида умумий яшилликни ташкил этиш – ўзи шундоқ ҳам бунақанги ҳуқуқий ҳужжатимиз бор, лекин сўнгги пайтларда биз бош режаларида ҳам, мастер режаларда ҳам кўрамиз, лекин амалда келганда ўша дарахт ҳам бўлмайди, ўша яшил қопламалари бўлмайди, худди чўлдай бўлиб туради. Мана шу масалалар ҳозир кўриб ўтиляпти.

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид