Европа давлатлари НАТО мамлакатларига нисбатан Россия кучайтираётган гибрид ҳужумлар фонида, бир неча йил олдин “тасаввур қилиб бўлмас” деб ҳисобланган қарорларни тайёрламоқда. Гап қўшма ҳужумкор кибероперациялардан тортиб бундай ҳаракатларнинг тез ва мувофиқлаштирилган тарзда кимга тегишли эканини ошкора равишда Москвага юклашгача бўлган ғоялар ҳақида бораётгани айтилмоқда. НАТО раҳбарлигида Россия чегаралари яқинида кутилмаган ҳарбий машқлар ўтказиш имконияти ҳам ўрганилмоқда, деб хабар берди 27 ноябр, пайшанба куни Politico нашри ЕИнинг икки юқори мартабали амалдори ва уч нафар европалик дипломатга таяниб.

Латвия ташқи ишлар вазири Байба Браже таъкидлашича, Россия доимий равишда “қабул қилинадиган” чегараларни ва ғарб реакциясини синаб кўрмоқда. Унинг сўзларига кўра, янада проактив позиция зарур. У шундай қўшимча қилди: “Сигнални сўзлар эмас, амаллар беради”.

Сўнгги ҳафталар ва ойларда Россия дронлари Полша ва Руминия ҳаво ҳудудини бузди, номаълум дронлар эса бутун Европа бўйлаб аэропортлар ва ҳарбий объектларда хаос келтириб чиқарди. Бошқа ҳодисалар орасида GPS сигналларини ишдан чиқариш, ҳарбий самолёт ва кемаларнинг кириб келиши, шунингдек Украинага ҳарбий ёрдам етказиб бериладиган муҳим Полша темирйўл участкасидаги портлаш ҳам бор.

Германия мудофаа вазирлиги давлат котиби Флориан Ханн Welt телеканалига берган интервюсида Европага ва алянсга шундай саволни ўртага қўйди: бу каби гибрид ҳужумларга яна қанча вақт сабр қилиш мумкин ва фаолроқ ҳаракат қилиш керакми-йўқми.

Politico ёзишича, гибрид ҳужумлар янгилик эмас: сўнгги йилларда Россия Буюк Британиядаги сиёсий рақибларни йўқ қилмоқчи бўлган қотилларни юборган, Марказий Европадаги ўқ-дори омборларидаги портлашларда айбланган, ЕИни ночор аҳволга солиш мақсадида ўта ўнг партияларни молиялаштириш, ижтимоий тармоқлардаги ахборот кампаниялари орқали Руминия ва Молдова каби давлатлардаги сайловларга аралашишда гумон қилинган.

Бироқ ҳозирги ҳужумлар кўлами мислсиз даражада. Прагада жойлашган Globsec таҳлилий маркази ҳисоб-китобига кўра, январдан июлгача Европада, асосан Полша ва Францияда юздан ортиқ диверсия ва ҳужум уринишлари қайд этилган. Улар учун Москва билан боғлиқ шахслар жавобгар сифатида кўрсатилмоқда.

Ҳозирча Европанинг жавоби мудофаа чораларини кучайтиришдан иборат. Россия ҳарбий дронлари Полша устида уриб туширилганидан сўнг, НАТО алянснинг шарқий қанотида ҳаво мудофаа тизимини мустаҳкамлаш режасини эълон қилди. ЕИ бу ёндашувни қўллаб-қувватлади.