Жаҳон | 15:59 / 28.11.2025
4840
8 дақиқада ўқилади

Жанглар қачон тўхташини айтган Путин, миграция сиёсатини кучайтираётган АҚШ ва Туркияга келган Рим папаси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ миграция сиёсатини кучайтирмоқда

26 ноябр куни Оқ уй атрофида отиб кетилган АҚШ Миллий гвардияси аъзоси 20 ёшли Сара Бекстром олган жароҳатлари туфайли вафот этди. Унинг сафдоши 24 ёшли Эндрю Волф эса «ҳаёти учун курашмоқда». Расмийлар чоршанба кунги отишма юзасидан «терроризм» бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилди.

ФҚБ тергов доирасида бир нечта манзилларда тинтув ўтказди. Гумонланувчи 29 ёшли афғон – Раҳмонуллоҳ Лаканванинг қариндошлари сўроқ қилинди ва қурилмалари мусодара қилинган. Маълум бўлишича, Лаканва Афғонистонда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) қўллаб-қувватлаган бўлинмада хизмат қилган. 2021 йилда кўчирилиш дастури орқали АҚШга келган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчи «.357 Magnum револвери»дан ўқ узган ва икки гвардиячини яралаган. Сўнг бошқа аскарлар билан отишмада ўзи ҳам яраланган. У ҳам ҳозир касалхонада оғир аҳволда.

Бош прокурор Пам Бонди гумонланувчига нисбатан терроризм бўйича «камида умрбод қамоқ» талаб қилишини айтди. Миллий гвардия аъзоси вафотидан сўнг у ўлим жазоси талаб қилинишини ҳам айтди. Ҳозирча расмийлар жиноятнинг мотиви ҳақида маълумот бермаган.

Отишмадан 24 соат ўтмасдан, иммиграция сиёсати юзасидан кенг кўламли текширувлар бошланди. Ички хавфсизлик вазирлиги – Байден даврида тасдиқланган барча бошпана ишларини, шунингдек, 19 давлат фуқароларига берилган «Green card»ларни қайта кўриб чиқишни бошлаган.

Бундан ташқари, Доналд Трамп АҚШ тизими тўлиқ тикланишига имкон яратиш учун барча «Учинчи дунё мамлакатлари»дан миграцияни доимий тўхтатишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, у ўз постида «фуқаролиги бўлмаган шахсларга барча федерал имтиёзлар ва субсидиялар тугатилиши, осойишталикка путур етказадиган мигрантларни фуқароликдан маҳрум қилиш, хавфсизликка таҳдид соладиган ёки Ғарб цивилизациясига мос келмайдиган ҳар қандай хорижий фуқарони депортация қилишини» қўшимча қилди.

Путин уруш тугаши ва музокаралар ҳақида гапирди

Бишкекдаги КХШТ (ОДКБ) саммитидан сўнг матбуот анжуманида чиқиш қилган Владимир Путин Украинадаги уруш масаласига тўхталди. Унинг айтишича, ҳозиргача АҚШ билан олиб борилган муҳокамалар ҳеч қандай келишув лойиҳаси ҳақида эмас, балки масалалар мажмуи ҳақида бўлган.

Женевада АҚШ ва Украина 28 бандни тўрт алоҳида блокка ажратишга қарор қилган ва нусхаси Москвага юборилган.

«Умуман олганда, бу келгусидаги келишувлар учун асос бўлиши мумкинлигига розимиз», — деди Путин. «Биз Америка томони позициямизни инобатга олаётганини кўряпмиз».

Путин айрим масалалар ҳали муҳокама талаб қилишини айтди. «Агар Европа унга ҳужум қилинмасликка оид кафолат хоҳласа, Россия бундай расмий кафолатни беришга тайёр, аммо «Россия Европага ҳужум қилади», деган фикр «мутлақ бемаъни», деди Путин.

Путиннинг айтишича зарурат туғилса, Россия жангни давом эттиришга ва яна ҳудудларни эгаллашга тайёр.

«Украина қўшинлари улар эгаллаб турган ҳудудлардан чиқиб кетиши керак, шунда жанглар тўхтайди. Агар чиқмаса, биз буни қуролли йўл билан амалга оширамиз. Тамом», — деди Путин.

Шунингдек, Путин Украинанинг ҳозирги раҳбариятини ноқонуний деб ҳисоблашини, шу сабабли Киев билан расмий битим тузиш ноқонуний эканини айтди.

Уиткофф ва Ушаков ўртасидаги қўнғироқ ёзувининг ошкор бўлишига изоҳ берган Путин, АҚШ расмийси Москвага ён босган деган даъволарни рад этди.

Ҳонгконгда қурбонлар сони ортмоқда

Ҳонгконгдаги улкан турар жой мажмуасида чиққан ёнғин қурбонлари камида 94 кишига етди. Бундан ташқари юзлаб одамлар бедарак йўқолган, ҳодиса юзасидан қутқарув ишлари давом этмоқда.

Чоршанба куни тушдан кейин ёнғин бошланган бино — таъмирланаётган бўлган, унинг ташқи қисми бамбук конструкциялари ва яшил тўр билан ўралган эди. Полиция қурилиш компаниясининг 3 нафар мансабдорини ҳибсга олган.

Ўт ўчирувчилар ҳамон қидирувни давом эттирмоқда.

«Биз етти бинонинг барча хоналарига мажбурий кириш чораларини кўрамиз. Токи бошқа эҳтимолий жабрланувчилар қолмаганига тўлиқ ишонч ҳосил қилайлик», — деди ёнғин хизмати директори ўринбосари Дерек Чан. Ҳозирча расман 279 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида турибди.

Ҳонгконг раҳбари Жон Ли – ҳукумат аҳолига ёрдам бериш учун 39 миллион долларлик жамғарма ажратилишини айтди. Хитойнинг бир нечта йирик компаниялари ҳам хайрия эълон қилди.

Кўнгиллилар эвакуация қилинганларга – кийимлар, егулик ва гигиена буюмларини тарқатмоқда.

Рим Папаси Туркияга келди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған пайшанба куни Рим папаси Лео XIVнинг Анқарада қабул қилди. Эрдўған бу ташрифни «умумий заминимизни мустаҳкамлайдиган жуда муҳим қадам» деб атади. Ватикан раҳбари биринчи чет эл сафарида — Туркия ва Ливанни қамраб олмоқда.

Анқарадаги президентлик мажмуасида сўзлаган Эрдўған Папа ташрифи минтақавий ва глобал тарангликлар кучайган «ниҳоятда муҳим бир паллага» тўғри келаётганини таъкидлади. Туркия президенти мамлакатдаги кўплаб шаҳарларда масжидлар, черковлар ва синагогалар ёнма-ён жойлашганини эслатди.

Камситиш ва ҳамжиҳатлик ҳақидаги баҳслар ҳақида гапираркан, Эрдўған: «Бағрикенглик етишмаслиги можарони кучайтиради, можаро эса бўлиниш ва нафратни кучайтиради. Ғарбдаги ўсиб бораётган исломофобия ва ксенофобия – ана ўша ўта зарарли занжирнинг кўринишидир», — деди.

Унинг айтишича, Туркия — Папа Лео XIV ва унинг аввалги раҳбарларини Фаластин масаласидаги қатъий позицияси учун доимо қадрлаб келади. «Шарқий Қуддуснинг тарихий ўзига хослигига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тажовузга қарши биргаликда ҳаракат қилишда давом этамиз», — деди Туркия президенти.

Томонлар «Қуддуснинг тарихий статус-квосини сақлаб қолиш» аҳамиятга эга эканини урғулади.

Лукашенко Бакиевни Қирғизистонга қайтармоқчи эмас

Беларус президенти Александр Лукашенко Бишкекка ташрифида —Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиевни ватанига қайтармаслигини айтиб ҳазиллашди.

«Бакиев ҳам яхши яшаяпти... Баъзан меҳмонга чақирса, уйига бориб тураман. Ҳеч қаерга бормайсан, тамом, Беларусда яшайсан, деб айтганман. Шунинг учун биз уни сизга бермаймиз», деди Лукашенко Қирғизистон ОАВ саволларига жавоб берар экан.

Беларус раҳбарининг сўзларига кўра, Бакиев Қирғизистонни «жуда соғинган ва изтиробда», шунингдек, отасининг қабрини зиёрат қилмоқчи. Беларус раҳбари қирғизлар ўз президентига бундай қилишга йўл қўймаслигини бошбошдоқлик деб атади.

«Ўйлайманки, биз бу масалани [Қирғизистоннинг] ҳозирги раҳбарияти билан ҳал қиламиз», деб хулоса қилди Лукашенко.

Қурманбек Бакиев 2005-2010 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. У 2010 йилги «апрел инқилоби» пайтида ҳокимиятдан ағдарилди ва Беларусга қочиб кетди. Бакиев 2014 йилда сиртдан судланди ва намойишчиларни ўққа тутгани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Кейинроқ суд жазони умрбод қамоқдан 30 йилгача туширган.

 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид