Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Афв сўраган Нетаняҳу, Украинага норозилик билдирган Қозоғистон ва Жануби-Шарқий Осиёдаги даҳшатли бўронлар – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Нетаняҳу Исроил президентидан расмий афв сўради
30 ноябр куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу унга қўйилган айбловлар бўйича мамлакат президентидан расмий афв сўраб илтимоснома топширди.
Президент Исаак Герцог идораси баёнотида айтилишича, ушбу сўров Адлия вазирлигининг Афв этиш бошқармасига хулоса тайёрлаш учун юборилади. Шундан сўнг президентнинг юридик маслаҳатчилари уни кўриб чиқади ва Герцог якуний қарор чиқаради.
Сўровномада Нетаняҳунинг адвокати имзолаган батафсил мактуб ҳамда Нетаняҳунинг ўзи имзолаган яна бир мактуб мавжуд. Баёнотга кўра, ушбу мактубларни «бу ноодатий сўров ва унинг оқибатлари муҳимлиги сабабли» оммавий равишда эълон қилишга рухсат берилган.
Нетаняҳу иши 2020 йил 24 майда бошланган. У Исроил тарихида айбланувчи сифатида гувоҳлик беришга мажбур бўлган амалдаги биринчи бош вазирдир. У коррупция бўйича учта алоҳида ишда айбланмоқда. Нетаняҳу бу айбловларнинг барчасини рад этади.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Исроил президентидан бир неча бор Бибини афв этишни сўраганди.
Исроил бош вазири, шунингдек, Халқаро жиноий суд томонидан уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларда ҳам айбланмоқда. ХЖС 2024 йил ноябр ойида Ғазодаги даҳшатли жиноятлар учун унга нисбатан ҳибсга олиш ордери чиқарган.
Трамп Мадуро билан суҳбатлашганини тасдиқлади
30 ноябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэла президенти Николас Мадуро билан суҳбатлашганини тасдиқлади, бироқ икки етакчи нималарни муҳокама қилгани ҳақида тафсилотларни айтмади.
«Бу ҳақда изоҳ бермоқчи эмасман. Жавоб — ҳа», деди Трамп Air Force One бортида журналистларга.
«Мен буни яхши ёки ёмон бўлди деб айтмайман, бу шунчаки бир телефон қўнғироғи эди», деди Трамп суҳбатга изоҳ бераркан.
New York Times хабарига кўра, Трамп ушбу ой бошида Мадуро билан телефон орқали гаплашган ва АҚШда учрашув ўтказиш эҳтимолини муҳокама қилган.
Ушбу қўнғироқ ҳақидаги маълумот – Трамп Венесуэла борасида кескин риторика ишлатишда давом этаётган, бироқ дипломатия эҳтимолини ҳам кўриб чиқаётган бир пайтда маълум бўлди.
2 кун олдин эса Трамп Венесуэла осмони ва унинг атрофидаги ҳаво ҳудуди «бутунлай ёпиқ» деб ҳисобланиши кераклигини айтди. Лекин бунга ҳам батафсил изоҳ бермади. Бу баёнот Мадуро ҳукуматига босимни кучайтирмоқда. Расмий Каракасда эса хавотир ва тушунмовчиликка сабаб бўлган.
Трамп маъмурияти америкаликларни ўлдираётган гиёҳванд моддаларни етказиб беришда Мадуро «рол ўйнаяпти» деб ҳисоблайди. Социалист президент Мадуро эса ноқонуний гиёҳвандлик савдосига алоқадорликни инкор этган. У — АҚШни Венесуэланинг миллий бойликларига “кўз олайтириш“да айблаган.
ОАВда АҚШнинг Мадурони ҳокимиятдан ағдариш режалари ҳам борлиги ҳақида хабар берилган. Сўнгги ойларда АҚШ Кариб денгизида жуда катта ҳарбий куч жамланган.
Қозоғистон Украинага норозилик билдирди
Қозоғистон Украинадан Каспий қувур консорциумининг Қора денгиздаги терминалига ҳужумларни тўхтатишни сўради. Бу чақириқ, Украинанинг йирик денгиз дрон ҳужуми — Қора денгиздаги Россия ҳудудида жойлашган терминалнинг швартов қурилмасига зарар етказгач янгради. Ҳужум оқибатида портдаги операциялар тўхтатилганди.
Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги бу дрон ҳужумларини «халқаро ҳуқуқ меъёрлари билан ҳимояланадиган, бутунлай фуқаровий объектга» қилинган учинчи шундай ҳужумлар серияси деб атади.
«Биз содир бўлган воқеани Қозоғистон ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатларга зарар етказувчи ҳаракат деб биламиз. Украина томонидан келгусида шундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун самарали чоралар кўрилишини кутамиз», дейилади Қозозистон томони баёнотида.
Украина эса унинг ҳаракатлари Қозоғистонга ёки учинчи томонларга қаратилмаганини, балки «Россиянинг тўлиқ кўламли тажовузига» қарши мудофаа эканини билдирди. «Украина тажовузкорга зарба беради», — деди Украина ташқи ишлар вазирлиги.
Ушбу Каспий қувур консорциуми — Россия, Қозоғистон ва АҚШ акциядорларига тегишли. Бу терминал орқали — Қозоғистоннинг нефт экспортининг жуда катта қисми ўтади. Шунингдек, бу терминал — Россия ишлаб чиқарувчиларининг нефтини ҳам қабул қилади.
Украина бу йили – Россия урушининг муҳим даромад манбасини заифлаштириш мақсадида нефт заводлари ва терминалларига ҳужумларни кучайтирди.
Жануби-Шарқий Осиёдаги даҳшатли бўронлар
Жануби-Шарқий Осиёдаги уч давлат бўйлаб кучли жала ёмғирлари келтириб чиқарган тошқинлар ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 600 нафардан ошди. Бу ҳақда хабар берган расмийларга кўра, минглаб кўчирилган аҳолига ёрдам етказиш ишлари дам олиш кунлари ҳам давом этди.
Индонезия, Малайзия ва Таиланд — бир ҳафта давомида кучли ёмғир ва шамолларга сабаб бўлгач тропик бўрон оқибатида кенг кўламли вайронагарчиликка дуч келди. Индонезияда 435 киши, Таиландда 170 киши ва Малайзияда уч киши ҳалок бўлгани маълум қилинди.
Сувлар чекинаётгани ва ўн минглаб одамлар кўчирилганига қарамай, ҳали ҳам тўсилган йўллар ва бевосита етиб бориш мушкул бўлган аҳоли пунктлари бор. Расмий статистикага кўра, 4 миллиондан ортиқ одам зарар кўрган — шундан деярли 3 миллиони Таиланд жанубида, 1,1 миллиони Индонезия ғарбида.
Жанубий Осиёдаги содир бўлган алоҳида бўрон эса — Шри-Ланкада 153 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 191 киши бедарак йўқолган, ярим миллиондан ортиқ аҳоли эса зарар кўрган.
Туркия учувчисиз қирувчисининг янги натижаси
Туркиянинг учувчисиз қирувчиси — Bayraktar KIZILELMA синов пайтида нишондаги самолётга кўриш масофасидан ташқаридаги ҳаво-ҳаво ракетаси билан зарба берган илк дрон-самолёт бўлди.
У маҳаллий ишлаб чиқарилган GO'KDOG'AN ҳаво-ҳаво ракетасини учирган ва юқори тезликдаги реактив нишон-самолётни аниқ урган. Нишон маҳаллий ишлаб чиқарилган радар орқали аниқланган.
Anadolu'нинг ёзишича, бу операциясининг барча қурилмалари — учувчисиз қирувчи самолёт, унинг радари ва ҳаво-ҳаво ракетаси ҳам Туркияда ишлаб чиқарилгани билан ажралиб туради.
Муваффақиятли зарба KIZILELMA'ни дунёдаги тасдиқланган ҳаво-ҳаво жанговар қобилиятига эга ягона учувчисиз платформа сифатида қайд этган. Синов доирасида бешта F-16 қирувчиси ҳам дрон ёнида саф парвозларини амалга оширди.
Мавзуга оид
15:03 / 04.12.2025
Рафаҳ ўтиш пунктини очмоқчи бўлган Исроил, Хитойга келган Макрон ва йўқолган самолёт қидирувини бошлаган Малайзия – кун дайжести
14:59 / 03.12.2025
Путиннинг Европага таҳдиди, АҚШда янги миграцион чекловлар, Жанубий Осиёдаги сув тошқинлари ва Кремлдаги музокаралар – кун дайжести
15:56 / 02.12.2025
«Муддати» тугаётган Мадуро, Покровск эгалланганини айтган рус қўмондонлари ва Хитойга келаётган Макрон – кун дайжести
14:58 / 29.11.2025