Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ – Россия музокаралари
2 декабр куни Россия президенти Владимир Путин АҚШ расмийлари билан Украина урушини тугатиш бўйича музокаралар ўтказди. Доналд Трампнинг энг юқори даражадаги элчилари қатнашган, беш соат давом этган Кремлдаги учрашувдан кейин келишувга эришилмади.
Трамп музокараларга махсус элчиси Стив Уиткофф ҳамда куёви Жаред Кушнерни юборган эди. Ярим кечагача давом этган музокаралардан сўнг Путиннинг маслаҳатчиси Юрий Ушаков «ҳали компромисс топилмаганини» айтди.
«Кўп ишлар ҳали олдинда турибди», деди Ушаков журналистларга. Унинг айтишича, Путин АҚШнинг айрим таклифларига салбий муносабат билдирган. Ушаков шунингдек, Путин ва Трамп ўртасида учрашув ҳозирча режалаштирилмаётганини қўшимча қилди, бироқ музокаралар конструктив бўлганини айтди.
Ушаков Путин Трампга бир қатор муҳим сигналлар ва саломлар йўллагани, бироқ томонлар тафсилотларни матбуотга ошкор қилмасликка келишганини билдирди. Улар «ҳудудий муаммо»ни ҳам муҳокама қилган.
Доналд Трамп эса урушни тугатиш осон бўлмаслигини айтди.
«Бизнинг одамлар ҳозир Россияда — вазиятни ҳал қила оламизми, кўрамиз. Осон масала эмас, сизга айтсам. Қандай тартибсизлик...» деди у. АҚШ етакчиси урушда ҳар ой – 25 мингдан 30 минггача қурбонлар бўлаётганини қўшимча қилди.
Володимир Зеленский ҳам ҳаммаси Москвадаги музокараларга боғлиқ бўлишини, бироқ АҚШ тинчлик жараёнига қизиқишни йўқотишидан қўрқаётганини айтди.
«Муҳим жиҳат шуки, ҳаммаси адолатли ва ошкора бўлсин, Украинанинг орқасидан ҳеч қандай ўйинлар бўлмасин», деди у.
АҚШда миграцион чекловлар кучга кирди
2 декабр куни АҚШ президенти администрацияси — 19 мамлакатдан келган муҳожирлар томонидан топширилган иммиграция аризаларини, жумладан, «green card» ва АҚШ фуқаролигини олиш жараёнини тўхтатди.
Ушбу пауза июн ойида қисман саёҳат тақиқи қўлланган 19 мамлакат фуқароларига тегишли бўлиб, иммиграцияга бўлган чекловларни янада кучайтиради. Иммиграцияни чеклаш — президент Доналд Трамп сиёсий платформасининг асосий қисмидир.








