Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада Россия фойдасига жосуслик қилган британиялик фош этилди
Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Британия махсус хизматлари билан ҳамкорликда Россия топшириғи билан сиёсатчи Андрей Парубий ва Ирина Фарионни ўлдириш режаси ижрочиларига қурол етказиши мумкин бўлган ҳарбий инструкторни фош этди.
Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Британия махсус хизматлари билан биргаликда 2024–2025 йилларда Украина қуролли кучлари ҳарбийларини ўқитган ва Россия фойдасига жосуслик қилиш билан шуғулланган Британия фуқаросини аниқлади. Ҳозир у қўлга олинган ва ҳибсда сақланмоқда. Бу ҳақда сешанба куни, 2 декабрда, СБУдаги манбаларга таяниб «РБК-Украина» хабар берди.
Нашр ёзишича, Дэвид Катмор 2024 йилда Украинага қуролли кучлар ҳарбийларини тайёрлаш учун инструктор сифатида келган. Ундан аввал у Буюк Британия армияси сафида хизмат қилган ва Яқин Шарқдаги операцияларда иштирок этган.
Манбаларга кўра, Катмор Украинада, эҳтимол, разведка-диверсия фаолияти билан шуғулланган. Терговнинг тахмин қилишича, Россия махсус хизматлари унга мамлакат ҳудудида «мақсадли қотилликлар»ни амалга ошириш учун қурол ва ўқ-дорилар етказиб берган. СБУ Катмор Украинада жамоат арбоби Демян Ганул, шунингдек сиёсатчилар Ирина Фарион ва Андрей Парубийни ўлдириш режаси ижрочиларига қурол топширган бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Украина Олий Радасининг собиқ депутати ва рус тилига қарши чиққан Ирина Фарионга суиқасд 2025 йил 19 июл куни Лвивда, унинг Масарик кўчасидаги уйи ёнида содир этилган. У оғир аҳволда шифохонага ётқизилган, операциядан сўнг эса чуқур мия комаси ҳолатида бўлган. «Шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, Ирина Фарионни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади», — деган эди ўша пайтда Лвив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкий.
Шу йилнинг 30 август куни Козицкий Олий Раданинг собиқ спикери Андрей Парубий ўлдирилгани ҳақида ҳам хабар берди.
Мавзуга оид
19:04 / 30.06.2026
«Зарар бор» – Путин Украина ҳужумлари, бензин тақчиллиги ва Анкориж келишуви ҳақида
08:39 / 30.06.2026
Полша разведкаси: Россия маблағига намойишлар ташкил этган гуруҳ фош этилди
13:17 / 29.06.2026
Украинанинг 40 кунлик таъсир амалиёти: уруш бурилиш нуқтасидами?
09:35 / 29.06.2026