Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Путин Ҳиндистонга келди

4 декабр куни Ню-Деҳлига келган Россия президенти Владимир Путин бугун Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан музокаралар ўтказади.

Москва эса ўн йиллардан бери Ҳиндистоннинг асосий қурол етказиб берувчиси. Улар савдони 2030 йилга бориб 100 миллиард долларга етказмоқчи. Путинга сафари давомида Мудофаа вазири ҳам ҳамроҳлик қилмоқда.

Икки ҳинд расмийси маълум қилишича, Россиянинг «Сухой-30» қирувчи самолётлари Ҳиндистоннинг 29 та қирувчи эскадронларининг асосий қисмини ташкил этади. Москва, шунингдек, ўзининг энг илғор жанговар самолёти — Su-57ʼни ҳам ҳиндларга таклиф қилган. Бу масала Путин билан музокараларда муҳокама қилинади. Расмийлар сўзларига кўра, Ҳиндистон ҳали бу самолётни сотиб олиш бўйича қарор чиқармаган.

Шунингдек, Ҳиндистон русларнинг C-400 ҳаво мудофааси тизимининг қўшимча бирликларини харид қилиш масаласини кўтаради.

Украинадаги уруш бошлангач, Европа давлатлари Россияга бўлган энергия қарамлигини камайтиришга киришди. Шундан сўнг, Ҳиндистон арзонлаштирилган рус нефтини харид қилишни кескин оширди.

Лекин АҚШ санкциялари таҳдиди ортида бу йўналиш энди кучини йўқотмоқда. Расмийларга кўра, шу сабабли муносабатларда фақат мудофаа соҳаси қолган ва айнан шу икки давлатни бир-бирига «боғлаб туради».

«Савдо сиёсатида Ҳиндистон дилеммага дуч келган: Москва ёки Вашингтон билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги қадам — бошқа томон билан муносабатларга зиён етказиш хавфини туғдиради», дейди таҳлилчилар.

Исроил туфайли 4 давлат “Eurovision"ни бойкот қилди

4 декабр куни Исроилга 2026 йилги «Eurovision» (Евровидение) қўшиқлар танловида иштирок этиш учун рухсат берилди.

Женевада бўлиб ўтган йиғилишдан сўнг Европа Телерадиоиттифоқи Исроил иштироки бўйича овозга қўйишга эҳтиёж йўқлигини билдирди. Улар бунинг ўрнига ҳукуматларнинг танловга аралашувини чеклашга қаратилган янги қоидаларни қабул қилган.

Ташкилотчи баёнотидан сўнг Нидерландия, Испания, Ирландия ва Словения телеканаллари танловдан чиқишини билдирди. Бу эса — ижрочилари миллионлаб томошабинни жалб этадиган давлатлар мусобақада қатнашмайди дегани.