Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил полицияси БМТ ташкилотининг Шарқий Қуддусдаги биносига бостириб кирди
Исроил полицияси ва Қуддус шаҳар ҳокимияти вакиллари БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги биносига бостириб кириб, мол-мулкларни мусодара қилди. Шунингдек, бўш турган бинодаги БМТ байроғи ўрнига Исроил байроғи қадалди. Расмийлар ушбу рейд солиқ қарздорлигини ундириш мақсадида ўтказилганини айтди. БМТ эса Исроилни ўз бинолари дахлсизлигини дарҳол тиклашга чақирди.
БМТ байроғи ўрнига илинган Исроил байроғи. Фото: Маҳмуд Иллеан / AP Photo
8 декабр – душанба куни тонг саҳарда Исроил полицияси Шарқий Қуддусда жойлашган БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги биносига куч билан бостириб кирди. Бу Исроил ҳудудида фаолияти тақиқланган БМТ агентлигига қарши олиб борилаётган кампанияни янада кескинлаштирди.
БМТ агентлиги баёнотида ташкилотнинг бўш турган биносига Исроил полицияси шаҳар ҳокимияти вакиллари билан бирга киргани маълум қилинган.
«Мажмуага – полиция мотоцикллари, шунингдек, юк машиналари ва форклифтлар (юкни кўтарувчи ва тахловчи кичик машина) олиб кирилди. Барча алоқа воситалари узиб қўйилди. Мебел, IT ускуналар ва бошқа мол-мулклар мусодара қилинди. БМТ байроғи туширилиб, унинг ўрнига Исроил байроғи илиб қўйилди.
An Israeli flag was raised atop the UNRWA headquarters in Jerusalem, which has been inactive since the organization was banned in Israel. pic.twitter.com/cqCqZxBKHP
— Open Source Intel (@Osint613) December 9, 2025
Мазкур ҳаракат Исроилнинг БМТга аъзо давлат сифатидаги ташкилот бинолари дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва ҳурмат қилиш мажбуриятларига очиқдан очиқ беписандлик эканини англатади», дейилади UNRWA баёнотида.
Associated Press фотографи олган суратларда полициянинг мажмуа ичида Исроил байроғини ўрнатаётгани ва кўчада полиция машиналари тургани акс этган.
UNRWA ходимлари нашрга тақдим этган тасвирларда эса мажмуа ичида бир гуруҳ исроиллик полиция ходимлари кўринади.
БМТ ва UNRWA изоҳи
Ташкилот бош комиссари Флиппи Лаззаранининг таъкидлашича, Исроил қонунчилиги туфайли жорий йил бошида UNRWA ходимлари мажмуани тарк этишга мажбур бўлган. Лекин «мазкур мажмуа БМТ объекти мақомини сақлаб қолади ва ҳар қандай аралашувдан холи» ҳисобланади.
«Исроил БМТнинг имтиёзлари ва дахлсизлиги тўғрисидаги Конвенцияга аъзо ҳисобланади. Ушбу Конвенцияга кўра, БМТ бинолари дахлсиз — яъни тинтув ва/ёки мусодара қилишдан холи, БМТга тегишли мол-мулк ва активлар эса ҳар қандай ҳуқуқий жараёнлардан ҳимояланган. Ҳеч қандай истисно бўлиши мумкин эмас», дейди бош комиссар.
Бунга йўл қўйилиши халқаро ҳуқуқ учун янги ва хавфли чақириқдир. Чунки у дунёнинг исталган нуқтасида – БМТ мавжуд бўлган бошқа ҳудудлар учун ҳам ўта хавфли прецедент яратади.
БМТ бош котиби Антониу Гутерреш ҳам мажмуага рухсатсиз кириб боришни кескин қоралашини билдирган.
«Гутерреш – Исроилни БМТ низоми ҳамда халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларига мувофиқ равишда бинолар дахлсизлигини дарҳол тиклаш, сақлаш ва ҳурмат қилиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирди. Шунингдек, бош котиб БМТ объектларига нисбатан ҳар қандай кейинги ҳаракатлардан тийилишга чақирди», дейилади БМТ бош котиби вакили Стефан Дужаррикнинг баёнотида.
«Солиқлардан қарздорлик»
New York Times нашрининг Исроил расмийларга таяниб ёзишича, рейдлар – шаҳар солиқлари бўйича қарзларни ундириш мақсадида ўтказилган. Бу Исроил ва БМТ муносабатларидаги тарангликни кескин кучайтирди.
Қуддус шаҳар ҳокимияти ҳам рейдларни – «кўп маротаба огоҳлантиришлардан кейин амалга оширилган одатий қарз ундириш чора-тадбири» бўлганини билдирди. Баёнотда айтилишича, UNRWAʼнинг узоқ вақт давомида тўланмаган қарийб 3,4 миллион доллар миқдоридаги мол-мулк солиғи бўйича қарздорлиги бор.
Шаҳар амалдорларидан бири, UNRWA фаолияти Исроилда тақиқлангач, унинг мажмуаси ҳам солиқлардан озод этилиш мақомини йўқотганини билдирди.
Аммо бош комиссар Флиппи Лаззарани бино фаол фойдаланилмаётган бўлса-да, у барибир халқаро ҳуқуққа кўра тинтув, мусодара ёки солиққа тортишдан холи бўлган БМТ ҳудуди ҳисобланишини таъкидлаган.
UNRWA қандай ташкилот?
БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги (United Nations Relief and Works Agency for Palestine Refugees) – 1948 йилда ташкил қилинган. У дастлаб, Исроил ташкил этилиши атрофидаги уруш пайтида – ҳозирги Исроил ҳудудидан қочган ёки ҳайдаб чиқарилган тахминан 700 минг фаластинликка ёрдам берган.
Бугунги кунда агентлик – Ғазо, босиб олинган Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда яшовчи қарийб 2,5 миллион фаластинлик қочқинга ёрдам кўрсатади. Бундан ташқари, Сурия, Иордания ва Ливандаги яна 3 миллион қочқинга ҳам хизмат қилади.
UNRWA тарафдорлари – Исроил ушбу агентликни йўқ қилиш орқали фаластинлик қочқинлар масаласини бутунлай «ўчириб ташлаш»га интилаётганини айтади. Мазкур рейд ҳам Исроилнинг ушбу агентликка қарши олиб бораётган кампаниясидаги навбатдаги қадам бўлди.
2023 йил 7 октябрда бошланган урушдан сўнг агентлик ойлар давомида Ғазо аҳолиси учун асосий «ҳаёт йўлаги» бўлиб хизмат қилганди.
Уруш давомида Исроил агентликни Ҳамас билан ҳамкорликда айблаган, бироқ бунга далиллар келтирмаган. БМТ бу айбловларни рад этган. UNRWA эса қуролли гуруҳларга атайлаб ёрдам бермаслигини ва гумон қилинган шахслар дарҳол ишдан четлатилишини билдирган.
Нетаняҳу ва унинг ўта ўнгчи иттифоқчилари Ғазо уруши бошлангач, бир неча ой ўтиб, UNRWA’нинг Исроил ҳудудида фаолият юритишини расман тақиқлади. Агентликнинг энг йирик донори бўлган АҚШ эса 2024 йил бошида унга молиявий ёрдамни тўхтатди.
Шундан бери UNRWA Ғазодаги фаолиятини давом эттиришда қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу бўшлиқни БМТнинг бошқа агентликлари, жумладан, Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ва UNICEF қисман тўлдирмоқда.
Исроил ва АҚШ билан зиддиятларга қарамай, UNRWA халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Жума куни БМТ Бош ассамблеяси агентлик ваколатини яна уч йилга узайтириш учун овоз берди. 145 давлат узайтиришни ёқлаб овоз берди, 10 та давлат — жумладан, Исроил ва АҚШ қарши чиқди, 18 та давлат бетараф қолди.
Жорий йил октябр ойида Халқаро жиноят суди ҳам тавсияси тарзида Исроилни – Ғазо ва Ғарбий соҳилда БМТнинг ҳуманитар фаолиятига ҳамкорлик қилишга чақирди. Шунга қарамай, UNRWA Ғазо бўйича сулҳ музокараларидан четлатилган.
Ғазо сулҳи борасида нималар бўляпти?
Ҳозирча Ғазода Исроилга топширилиши керак бўлган битта гаровга олинган шахснинг жасади қолган. Шу сабабли араб ва Ғарб расмийлари яқин ҳафталарда Ғазони бошқарадиган халқаро тузилма эълон қилинишини кутмоқда. Душанба куни Ҳамас жасадни излаш ишлари давом этаётганини билдирди.
АҚШ воситачилигидаги келишувдаги энг мураккаб масалалардан бири — Ҳамасни қуролсизлантириш талаби ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Якшанба куни Ҳамас бу борада маълум даражада мослашувчанлик кўрсатди: улар ўз қуролларини «музлатиб қўйиш, сақлаш ёки топшириш» вариантларини муҳокама қилишга тайёр эканини билдирган.
Шу кунларда АҚШнинг БМТдаги элчиси Майк Уолтз ҳам Яқин Шарққа сафар қилмоқда. У Иордания ва Исроил расмийлари билан учрашиб, БМТ тасдиқлаган АҚШнинг Ғазо бўйича резолюциясига доир масалаларни муҳокама қилган.
Мавзуга оид
18:54 / 06.12.2025
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилади
07:35 / 06.12.2025
Ракета ўрнига нур: Исроил дунёдаги биринчи жанговар лазерни жойлаштириш арафасида
13:42 / 05.12.2025
Исроил «Евровидение-2026»да қатнашади, қатор давлатлар танловни бойкот қилади
12:51 / 05.12.2025