Жаҳон | 23:12 / 10.12.2025
592
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ХЖСдан Трампни таъқиб қилмасликни талаб қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Халқаро жиноий суддан (ХЖС) унинг таъсис ҳужжатига республикачи ва юқори мартабали америкалик амалдорлар фаолиятини текширишни кафолатли тақиқлашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритишни талаб қилди. Акс ҳолда Вашингтон санкциялар киритишга тайёр.

Фото: EPA

Reuters нашрининг Оқ уй вакилига таяниб хабар беришича, агар суд бу талабни, шунингдек, Ғазо секторидаги уруш муносабати билан Исроил раҳбариятига нисбатан терговни тўхтатиш ва Афғонистондаги Америка қўшинларига нисбатан илгари ўтказилган терговни расман якунлаш каби яна иккита талабни бажармаса, ХЖС ва унинг мансабдор шахсларига қарши санкциялар қўлланилиши мумкин.

Reuters нашрининг қайд этишича, ХЖС узоқ вақтдан бери Вашингтон томонидан ҳам республикачилар, ҳам демократлар томонидан танқид қилинмоқда. Ҳар икки партия вакиллари суд АҚШ суверенитетига тажовуз қилаётганини таъкидламоқда.

Америка маъмурияти вакилининг маълум қилишича, Вашингтон ХЖС аъзоларига ўз талабларини етказган, уларнинг баъзилари Қўшма Штатларни қўллаб-қувватламоқда.

АҚШ ХЖС таъсис ҳужжати - Рим статутига аъзо эмас. Ҳужжатни АҚШ талабларига мувофиқ ўзгартиришга ҳар қандай уринишлар секин ва мураккаб амалга оширилади: бунинг учун Рим статутини ратификация қилган давлатларнинг учдан икки қисми маъқуллаши керак, деб эслатди Reuters.

АҚШ жорий йил бошида тўққиз нафар ХЖС мансабдорига, жумладан, судялар ва прокурорларга қарши санкциялар киритиб, америкалик ҳарбийларнинг Афғонистондаги эҳтимолий жиноятларини тергов қилиш доирасида айбловларни олиб ташлашга уринган.

Агар санкциялар юридик шахс сифатида судга нисбатан қўлланилса, бу унинг кундалик фаолиятига, ходимларга иш ҳақи тўлаш имкониятидан тортиб, банк ҳисоб рақамлари ва компютерлардаги стандарт дастурий таъминотга кириш имкониятигача таъсир қилиши мумкин, дея тушунтирди нашр.

Энди эса Америка расмийлари ХЖС Трампнинг ваколат муддати тугаганидан кейин чора кўришидан хавотирда, деб ёзди Reuters. АҚШ маъмурияти вакили агентлик билан суҳбатда Вашингтонда «2029 йилда Халқаро жиноий суд ўз эътиборини президент, вице-президент, мудофаа вазири ва бошқа шахсларга қаратиши ва уларга нисбатан суд таъқиби бошланишидан хавотирлар кучайиб бораётганини» тасдиқлади. «Бу номақбул ва биз бунга йўл қўймаймиз», деди у.

ХЖС раиси Томоко Акане аввалроқ суд АҚШ босимига қарши туришга тайёрлигини айтганди. «Рим статутига тузатишлар киритиш иштирокчи давлатлар ваколатига киради», деб маълум қилди суд вакили.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид