Жаҳон | 14:17
534
8 дақиқада ўқилади

Сайловларга тайёр Зеленский, Россиянинг ғалабаси ҳақида гапирган Трамп ва журналистлар учун энг хавфли жой – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил — журналистлар учун энг хавфли жой

Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот «Reporters Without Borders» маълумотларига кўра, 2025 йил давомида дунё бўйлаб ўлдирилган журналистлар сони кескин ўсди. Ташкилот ҳисоботида қайд этилишича, бир йил ичида 67 нафар ОАВ ходими ҳалок бўлган. Уларнинг камида 53 нафари «ҳарбий гуруҳлар ва уюшган жиноятчилик томонидан содир этилган амалиётлар» қурбони бўлган.

«Чегарасиз мухбирлар» сешанба куни эълон қилган ҳисоботга кўра, 2025 йилда дунё бўйлаб ҳалок бўлган журналистларнинг деярли ярми Исроил армияси ҳиссасига тўғри келмоқда.

«Охирги 12 ой ичида ўлдирилган журналистларнинг 43 фоизи Ғазода Исроил қуролли кучлари томонидан ўлдирилган», - дейилади ҳисоботда.

Умумий ҳисобда 2023 йил октябридан буён геноцид кўринишидаги урушда Исроил армияси тахминан 220 нафар журналистни ўлдирган. Улардан 65 нафари касби сабабли ёки журналистик фаолияти давомида нишонга олинган.

Ҳисоботда айтилишича, Исроил хорижий журналистларни ҳибсга олиш бўйича ҳам антирейтингнинг «юқорисида». 2025 йилда 20 нафар фаластинлик журналист қамоққа олинган.

Ҳисоботда Мексика «дунёдаги журналистлар учун иккинчи энг хавфли давлат» деб эълон қилинди: бу мамлакатда тўққиз нафар журналист ўлдирилган. Хитой эса «журналистлар учун дунёдаги энг катта қамоқхона» сифатида қайд этилган — у ерда 121 нафар журналист қамоқда сақланмоқда.

Судандаги можаро давомида жорий йил ичида 4 нафар журналист қотиллик қурбони бўлган, 2 нафари эса ўғирлаб кетилган.

Ҳисоботга кўра, Сурия бўйича бедарак йўқолган жами 135 нафар журналистдан 37 нафари ҳозиргача топилмаган. Улар Москвага қочиб кетган диктатор Башар Асад даврида қамоққа олинган ёки ИШИД томонидан гаровга олинганидан сўнг йўқолган.

Трамп Россиянинг ғалабаси ҳақида гапирди

АҚШ президенти Доналд Трамп Politico нашрига берган интервюсида Европани «заиф» деб атади ва Россиянинг ғалабаси муқаррар бўлиши мумкинлигини айтди.

Трампнинг айтишича, АҚШ таклиф этган ўт очишни тўхтатиш режасининг айрим бандларини рад этган Украина президенти «ҳаракатга ўтиши» ва «баъзи нарсаларни қабул қилишни бошлаши» керак. Трампнинг таъкидлашича, Зеленский армияси урушда мағлубиятга учраяпти ва бу сулҳ музокараларида муроса қилиш вақти етиб келганини англатади.

Трампнинг интервюси европалик етакчилар бир кун аввал Лондонда Зеленский билан учрашганидан кейин эълон қилинди. Ўша учрашувдан сўнг Зеленский Украина Россияга ҳудуд топширишга доир ўзининг қатъий қаршилигидан чекинмаслигини яна бир бор таъкидлаган эди. Ҳудудлар масаласи эса Трамп таклиф этган тинчлик режасининг асосий талабларидан биридир.

Интервюда Трамп Россиянинг ғалабаси муқаррар бўлиши мумкинлигини ҳам билдирди. Бунга сабаб сифатида Россиянинг Украинадан анча катта эканини кўрсатди.

«Россия устунликка эга. Улар ҳар доим ҳам шундай бўлган. Улар анча катта. Улар шу маънода анча кучли. Мен Украина халқига ва Украина армиясининг жасорати, жанг қилганига ҳурмат билдираман. Лекин биласизми, маълум бир паллада барибир «катталик» ғалаба қилади. Бу эса жуда улкан катталик, ақл бовар қилмас даражада», - деди Трамп.

Бундан ташқари, Трамп Украинада сайловлар ўтказилишини талаб қилган ҳамда мамлакат раҳбариятини «урушдан сайлов ўтказмаслик учун фойдаланмоқда» дея айблади.

Россия ва Хитой ҳарбий машғулотлари

Кеча Россия ва Хитой ҳарбий-ҳаво кучлари қўшма патрул парвозларини амалга оширди. Япония Мудофаа вазирлиги сешанба куни ушбу қўшма парвозларини кузатиш учун қирувчи самолётларини ҳавога кўтарганини маълум қилди.

Вазирликка кўра, Россиянинг ядровий қурол ташишга қодир икки дона Ту-95 стратегик бомбардимончиси Япония денгизидан Шарқий Хитой денгизи томонга учган. У ерда Хитойнинг икки дона H-6 бомбардимончиси билан учрашган ва Тинч океани устида «узоқ масофали қўшма парвозни» амалга оширган.

Шунингдек, бомбардимончиларга Мияко бўғози устидаги парвозлар пайтида Хитойнинг тўртта J-16 қирувчиси ҳам ҳамроҳлик қилган.

Япония шунингдек, Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг А-50 эрта огоҳлантириш самолёти ва иккита Су-30 қирувчи самолёти иштирокидаги машқларни ҳам пайқаган.

Япония мудофаа вазири Россия ва Хитойнинг қўшма ҳаракатлари «куч намойиши қилиш мақсадини кўзлаганини, бу эса миллий хавфсизлик учун жиддий хавотир уйғотишини» айтди.

Жанубий Корея ҳарбийлари ҳам сешанба куни Россиянинг еттита самолёти ва Хитойнинг икки самолёти уларнинг ҳаво мудофааси ҳудудига кирганини билдирди.

Хитойнинг Япония яқинидаги ҳарбий фаоллиги ўтган ойдан бошлаб кучайди. Ўшанда Япония бош вазири Санаэ Такаичи Тайван масаласида — зарурат бўлса, ҳарбий куч билан жавоб ишлатиши мумкинлигини айтганди.

Зеленский сайловларга тайёрлигини айтди

Украина президенти Володимир Зеленский агар АҚШ ва Европа Киевга хавфсизлик кафолатларини тақдим этса, унинг мамлакати 60 кун ичида сайловларга тайёр бўлишини айтди.

Зеленский аввал бир неча бор фақат уруш тугагач сайловлар ўтказилишини айтганди. Чунки Украинада — ҳарбий ҳолат даврида овоз бериш қонунан тақиқланган. Зеленскийнинг бу борадаги ёндашуви ўзгариши президент Доналд Трампнинг баёнотларига жавобан музокара усули сифатида талқин қилинмоқда.

«Мен ҳозир очиқ сўрайман ва буни ошкора айтаман: Америка Қўшма Штатларидан эҳтимол европалик ҳамкорларимиз билан бирга сайловлар ўтказиш учун хавфсизликни таъминлашга ёрдам беришни сўрайман», - деди Зеленский. «Шундан сўнг кейинги 60–90 кун ичида Украина сайловларга тайёр бўлади».

Зеленскийнинг айтишича, бу кафолатлар зарурат бўлса қурол-яроғ, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва санкцияларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Зеленский Украина ҳозирча тинчлик режасини қайта кўриб чиқаётганини, эҳтимол у чоршанба куни АҚШга юборилишини айтди. Украина етакчисининг айтишича, ҳозирда учта ҳужжат устида иш олиб борилмоқда: 20 банддан иборат тинчлик режаси, шунингдек, хавфсизлик кафолатлари ва қайта қуриш бўйича икки алоҳида ҳужжат.

Зеленский 2019 йилдан бери ҳокимият тепасида. У ўша йили бўлиб ўтган сайловларда катта устунлик билан ғалаба қозонган эди. Унинг биринчи беш йиллик президентлик муддати расман ўтган йили якунланган.

Австралияда болалар учун ижтимоий тармоқларга тақиқ кучга кирди

Австралия дунёда биринчи бўлиб 16 ёшга тўлмаган шахсларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган мамлакатга айланди. Мамлакат парламенти томонидан 2024 йил ноябрида қабул қилинган қонун 10 декабрдан кучга кирди.

Ёшларни – интернетдаги таъқиб, дезинформация ва ноқонуний контентдан ҳимоя қилишга қаратилган ушбу тақиқ кўпчилик йирик платформаларга тааллуқли бўлади. Жумладан, TikTok, YouTube, Instagram, Snapchat, Facebook, Reddit ва X кабиларга. У мессенжерлар, почта дастурлари, онлайн-ўйинларга ва ўқув лойиҳаларига татбиқ этилмайди.

Австралия бош вазири Энтони Албанезе ушбу қонун – болаларга нормал болалик ўтказишга ёрдам бериши, ота-оналарга руҳий хотиржамлик бахш этиши ва бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилишини айтди.

Тақиқ талабларига бўйсунмаслик ҳолатида платформалар 33 миллион долларгача жаримага тортилиши мумкин.

Айрим танқидчилар бундай чорани мутаносиб эмас деб ҳисобламоқда ва мамлакат Олий судига даъво аризаси киритилган. Уларнинг фикрича, ўсмирлар шунчаки назорати янада қийинроқ бўлган бошқа сервисларга ўтиб кетади.

Бир қатор мамлакатлар, жумладан, Малайзия, Дания ва Норвегия шундай тақиқлар жорий қилиш нияти борлигини билдирган. Худди шундай чекловлар ғоясини Европа парламенти ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид