Жаҳон | 14:53
791
8 дақиқада ўқилади

Венесуэла танкерини мусодара қилган АҚШ, Европанинг Украина борасида хавотирлари ва Марокашдаги фожиа – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ Венесуэланинг йирик нефт танкерини мусодара қилди

10 декабр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэла соҳиллари яқинида нефт танкери мусодара қилинганини маълум қилди.

«Биз Венесуэла соҳилида бир танкерни мусодара қилдик, катта танкер, жуда катта. Аслида ҳеч қачон бўлмаган даражада энг каттаси ва яна бошқа нарсалар ҳам бўляпти», деди Трамп. У Венесуэла президенти Николас Мадуронинг истеъфога чиқиши учун босим ўтказиб келмоқда.

Нефтга нима бўлиши ҳақида сўралганда, Трамп: «уни ўзимизда сақлаймиз, менимча», деб жавоб берди.

АҚШ бош прокурори Пам Бондига кўра, ФҚБ ва ҳарбийлар кўмагида Венесуэла ва Эроннинг санкцияланган нефтини ташиш учун ишлатилган хом нефт танкерига нисбатан мусодара ордери ижро этилган.

АҚШ ҳукумати эълон қилган видеода икки вертолёт кема томон яқинлашаётгани ва қуролланган шахслар ундан тушаётгани акс этган. Трамп маъмурияти расмийлари на кеманинг номини, на жойлашувини очиқлади.

Британиянинг денгиз хавфсизлиги компаниясига кўра, бу йирик хом нефт ташувчиси Skipper бўлиши мумкин. АҚШ бу танкерга Эрон нефти савдосида қатнашган деб санкция қўйганди, ўша пайтда у Adisa деб аталган.

Reuters маълумотларига кўра, Skipper 4–5 декабр кунлари Венесуэланинг асосий порти — Жоседан 1,8 миллион баррел оғир хом нефтни юклаб чиқиб кетган. У мусодара қилинишидан олдин тахминан 200 минг баррелни Куба томон йўл олган бошқа кемага кўчирган.

Венесуэла ҳукумати ўзининг жавоб баёнотида АҚШни «ошкора ўғирлик»да айблади ва мусодарани «халқаро қароқчилик ҳаракати» деб таърифлади. Ҳукумат бу ҳодисани халқаро ташкилотлар олдида муҳокама қилишини билдирди.

Ғарбий соҳилдаги рейдлар

Исроил армияси чоршанба куни Ғарбий соҳилнинг бир нечта шимолий шаҳарларида кенг кўламли рейдлар ўтказиб, қарийб 100 фаластинликни қўлга олди.

Гувоҳларнинг айтишича, Исроил кучлари Наблус, Салфит ва Женин, Тулкарим ҳамда Қалқилиянинг бир нечта шаҳарлари ва босиб олинган Шарқий Қуддусдаги икки шаҳарчада рейд уюштирган.

Anadolu'нинг маълум қилишича, Исроил кучлари Наблусда 50, Шарқий Қуддусда ва бошқа ҳудудларда яна 48 фаластинликни ҳибсга олган; улардан айримлари сўроқлардан кейин қўйиб юборилган.

Женин шаҳрида қўлга олинганлар орасида Фаластин Миллий маъмурияти собиқ бош вазири ўринбосари Носир ад-Дин ҳам бор эди.

Исроил армияси 2023 йил октябр ойида Ғазо уруши бошланганидан бери Ғарбий соҳилдаги ҳужумларини кучайтирган. Нашрга кўра, бу икки йил давомида Ғарбий соҳилда IDF ва ноқонуний исроиллик кўчманчилар ҳужумлари оқибатида қарийб 1100 фаластинлик ҳалок бўлган ва 10 мингдан ортиқ инсон яраланган. Бундан ташқари, 21 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Ўтган йил июл ойида Халқаро жиноий суд Исроилнинг Фаластин ҳудудини босиб олиш ҳаракатларини ноқонуний деб эълон қилганди. Шунингдек, суд Ғарбий соҳил ҳамда Шарқий Қуддусдаги барча посёлкаларни бўшатишни талаб қилган.

Украинадаги урушни тугатиш йўлида ҳаракатлар

Британия, Франция ва Германия раҳбарлари чоршанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефонлашди. Улар Украина урушини тугатишнинг «ҳал қилувчи палласи»да Вашингтоннинг тинчлик саъй-ҳаракатларини муҳокама қилган.

Трамп журналистларга Европа раҳбарлари билан қўнғироқ давомида «анчайин кескин сўзлар» ишлатилганини таъкидлади, лекин тафсилот бермади. У Зеленский йиллар давомида сайлов ўтказмаганидан шикоят қилди ва Украина «каттагина коррупция ҳолатига» дуч келганини айтди.

«Биз йиғилишга боришдан олдин айрим нарсаларни билиб олишни истаймиз. Улар бизнинг ҳафта охирида Европада бўладиган йиғилишга боришимизни исташади. Вакилларимиз ундан қайтиб нима олиб келишига қараб қарор қиламиз», деди Трамп.

Киев АҚШ томонидан тезроқ тинчликни таъминлаш учун босим остида қолмоқда. Бироқ ўтган ой таклиф қилинган ва кўпчилик томонидан Москва фойдасига деб баҳоланган АҚШнинг режасига қаршилик кўрсатмоқда.

Кечанинг ўзида Украина тинчлик режасининг сўнгги лойиҳаси бўйича АҚШ маъмуриятига батафсил жавоб юборгани маълум бўлди. Axios нашрига кўра, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров расмий жавобни — ундаги изоҳлар ва таклиф этилган таҳрирлар билан бирга — Трампнинг куёви Жаред Кушнерга юборган.

Таиланд ва Камбоджа тўқнашуви

Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги ҳалокатли чегара тўқнашувлари фонида ярим миллиондан ортиқ одам хавфсиз ҳудудларга қочишга мажбур бўлди.

«400 мингдан ортиқ одам хавфсиз бошпаналарга эвакуация қилинди», деди Таиланд Мудофаа вазирлиги расмийси. Шунингдек, ҳудудда 700 дан ортиқ мактаб ёпилган.

Камбоджа ҳам ўз ҳудудида 127 мингдан ортиқ одам кўчирилганини хабар қилди. Сабаб тўқнашувда икки томон оғир қуроллардан фойдаланган.

Душанбадан бери давом этаётган сўнгги тўқнашувларда Камбоджада тўққиз нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, Таиланд томонда эса олти нафар аскар ўлган. Расмий Бангкок жанубдаги қўшнисини бомбардимон қилиш учун F-16 самолётларидан фойдалангани айтилмоқда.

Маҳаллий ОАВларга кўра, шиддатли жанглар тўртинчи кун ҳам давом этмоқда. Таиланднинг БМТдаги доимий вакили Камбоджанинг «асоссиз ҳарбий ҳужумлари» юзасидан бош котиб ва Хавфсизлик кенгаши раисига расмий мактублар юборганини маълум қилди.

Камбоджа эса Таиланд томонидан «ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши қуролли тажовузи» юзасидан Халқаро жиноий судга мурожаат қилиш учун «далиллар тўпламоқда».

Бу тўқнашувлар АҚШ президенти Доналд Трамп ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим иштирокида октябр ойида имзоланган тинчлик келишувини бузди. Икки томон ҳам сўнгги тўқнашувларни ким бошлагани борасида бир-бирини айбламоқда.

Марокашдаги фожиа

10 декабр куни Марокашнинг энг қадимги шаҳарларидан бири бўлган Фезда икки қўшни бино қулаб тушиши оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлди, яна 16 киши жароҳат олди. Расмийларга кўра, бир бинода ҳеч ким яшамаган, иккинчисида эса Ақиқа маросими ўтказилаётган бўлган.

Прокурор қурбонлар сони дастлабки маълумот эканини, ҳодиса бўйича тергов бошланганини билдирди. Маросим ўтаётган бинода саккиз оила истиқомат қилган.

Давлат телеканали тасвирларида қутқарувчилар ва маҳаллий аҳоли вайроналар орасини ковлаб, жасадларни излаётгани кўринади.

ОАВлар зич аҳоли яшайдиган Ал-Мустақбал маҳалласидаги биноларда анчадан буён ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида гувоҳларнинг сўзларини ҳам келтирди. Маҳаллий ҳокимият баёнотига кўра, биноларнинг нега қулаганини аниқлаш учун техник ва маъмурий текширув ҳам бошланган.

Январ ойида уй-жой бўйича давлат котиби Адиб Бен Иброҳим мамлакат бўйлаб тахминан 38 800 та бино қулаш хавфи остида эканини маълум қилган эди. Қадимий Фез шаҳрида ҳам бундай бинолар кўп бўлган, мамлакатнинг энг камбағал маҳаллалари жойлашган.

Октябр ойида Марокашда ёшлар бошчилигидаги тартибсизликлар бўлиб ўтганди. Унда ҳукумат 2030 йилги ЖЧ учун стадионлар қураётган бир пайтда — чуқур илдиз отган қашшоқлик ва жамоат хизматларидан норозилик акс этган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид