Ўзбекистон | 22:09 / 13.12.2025
3608
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда зўравонликка учраган аёлларнинг 27 фоизи бундай ҳолатларга аёлларнинг ўзлари айбдор бўлишларини таъкидлаган - тадқиқот

Тадқиқотга кўра, аёлларнинг деярли тўртдан уч қисми сўнгги ойда кучли стресс, асабийлашиш ёки тушкунликни бошдан кечирган. Улардан кўпи ўзини бахтсиз ҳис қилганини айтган бўлса, ҳар бешинчи аёл ҳатто ўз жонига қасд қилиш фикрига боргани ҳақида тўхталган.

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон бўйлаб аёлларга нисбатан зўравонлик ва уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар самарадорлигини ўрганган “Аёллар овози: зўравонликдан реабилитациягача” номли янги тадқиқоти натижалари эълон қилинди.

Тадқиқот мамлакатнинг барча ҳудудларидан 867 нафар зўравонликка учраган аёллар фикрларини қамраб олиб, зўравонликнинг шакллари, психологик оқибатлари, аёлларнинг ёрдам излаш жараёни ва мавжуд ҳимоя механизмларининг самарадорлиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этади.

Тадқиқот натижалари аёлларга нисбатан зўравонлик кўпинча йиллаб давом этувчи, такрорланувчи ва кўп қиррали муаммо эканини кўрсатди. Масалан:

• 69 фоиз аёллар ҳимоя ордери сўраб мурожаат қилишдан аввал узоқ вақт давомида зўравонликка чидаб келган;

• 70 фоиздан ортиқ аёл мунтазам зўравонликка учраб келган;

• 22,9 фоиз аёл ҳаётига таҳдид – пичоқ ўқталиш ёки ўлдиришга уриниш ҳолатлари содир бўлганини билдирган;

• Тахминан 20 фоиз аёл мунтазам жинсий мажбурлашни бошдан кечирган.

Аёлларнинг деярли тўртдан уч қисми сўнгги ойда кучли стресс, асабийлашиш ёки тушкунликни бошдан кечирган. Улардан кўпи ўзини бахтсиз ҳис қилганини айтган бўлса, ҳар бешинчи аёл ҳатто ўз жонига қасд қилиш фикрига боргани ҳақида тўхталган.

Тадқиқот болалар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Аёлларнинг 63 фоизи фарзандлари камида бир марта зўравонлик ҳолатларига гувоҳ бўлганини, баъзиларида эса бу деярли ҳар куни такрорланганини билдирган. Бу эса зўравонликнинг бир эмас, икки авлодга бир вақтнинг ўзида зарар етказаётганини кўрсатади.

Ҳал этилмаган масалалардан бири иқтисодий мустақиллик бўлиб қолмоқда. Аёлларнинг тўртдан бир қисми даромадга эга эмас, ҳар учинчиси ўз даромадидан мустақил фойдаланмайди. Бу эса қарамликни кучайтиради ва зўравон муносабатлардан чиқиш имкониятини чеклайди.

Тадқиқот, шунингдек, Ўзбекистондаги ҳимоя тизими (ҳимоя ордерлари, бирламчи тиббий ёрдам хоналари ва реабилитация марказлари) аёллар томонидан юқори баҳоланганини кўрсатади. Ҳимоя ордери олган аёлларнинг кўпчилигида зўравонлик тўхтаган ёки камайган, реабилитация марказлари эса уларга хавфсизлик, психологик ва ҳуқуқий ёрдам олиш имконини берган. Аёлларнинг 5 фоизи реабилитация туфайли зўравоннинг олдига қайтмасликка қарор қилганини ҳам билдирган.

Ҳисобот ижтимоий меъёрларда мавжуд зиддиятларни ҳам қайд этади: аёллар тенгликка интилсалар ҳам, оилада эркак устунлигини оқловчи қарашлар сақланиб қолган. Жумладан, зўравонликка учраган аёлларнинг 27 фоизи зўравонлик ҳолатларига аёлларнинг ўзлари айбдор бўлишларини таъкидлаган. Шу сабабли ҳисобот келгусида зўравонликни эрта аниқлаш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш ва зарарли ижтимоий меъёрларни ўзгартириш бўйича тизимли ишларни кучайтиришни тавсия қилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид