Жаҳон | 09:15 / 13.12.2025
908
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Кенгаши Россияга унинг музлатилган активларини ўтказишни тақиқлади

Европа Иттифоқи Кенгаши Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан маблағларни Россияга қайта ўтказишни “шошилинч тартибда” вақтинча тақиқлади. Қарор, жумладан, ЕИ иқтисодиётига “зиённи чеклаш” истаги билан изоҳланди.

Фото: ТАСС

Европа Иттифоқи Кенгаши Россия Марказий банки (МБ)нинг музлатилган активларидан маблағларни РФга қайта ўтказишни вақтинча тақиқлади. “Шошилинч тартибда” қабул қилинган бу қарор ЕИ иқтисодиётига “зиённи чеклаш” истаги билан асосланган. Бу ҳақда жума куни, 12 декабрда, қонунчилик органи сайтида хабар қилинди.

Тақиқ МБ активлари ёки захираларини ҳар қандай тўғридан тўғри ёки билвосита ўтказишга, шунингдек регулятор номидан ёки унинг кўрсатмасига биноан ҳаракат қилувчи ҳар қандай юридик шахс, ташкилот ёки органлар томонидан амалга ошириладиган ўтказмаларга тааллуқли. Ана шундай тузилмалар қаторида Россиянинг Миллий фаровонлик жамғармаси ҳам тилга олинган.

Баёнотда айтилишича, бундай тақиқ бўлмаса, “ҳар қандай қўшимча ресурслар тўғридан тўғри Россия томонидан Украинага қарши тажовузкор урушни молиялаштириш учун ишлатилади”. Бу эса ўз навбатида “ЕИ иқтисодиёти учун жиддий оқибатлар”га олиб келади ва ЕИ ҳудудида “гибрид тажовузкор фаолиятнинг кучайиши хавфини” янада оширади. Кенгаш қабул қилган қарор Россия ҳаракатлари туфайли уруш контекстида ЕИда “иқтисодий вазият янада жиддий ёмонлашиши хавфи сақланиб қолар экан”, ўша давр мобайнида амал қилади.

Бундан олдин Германия ва ЕИнинг бошқа давлатлари кўпчилик овоз билан Россиянинг ЕИда музлатилган маблағларини қайтаришга муддатсиз тақиқ жорий этишга қарор қилган. Бу қадам ЕИ мамлакатларига активларни музлатиш масаласини ҳар ярим йилда қайта-қайта овозга қўймаслик имконини беради (шу пайтгача шундай бўлиб келган). Россияга пулларни қайтариш фақат уруш тугаганидан кейин Украинага репарациялар тўланган тақдирдагина кўриб чиқилиши режалаштирилган.

ЕИ давлатлари қарори қабул қилинишидан бир неча соат олдин РФ Марказий банки ЕИда музлатилган Россия активларининг катта қисми сақланаётган Euroclear Белгия депозитарийсига нисбатан Москва Арбитраж судига даъво аризаси киритганини маълум қилди. Регулятор, хусусан, “Россия Банкига тегишли пул маблағлари ва қимматли қоғозлар”дан фойдалана олмаслик оқибатида кўрилган зарарларни, шунингдек уларни ундириш зарурлигини билдирган.

РФ Марказий банки, шунингдек, музлатилган активларга доир ЕИ қарорлари бўйича даъво киритиши ҳақида огоҳлантирган. Euroclear вакиллари ТАСС Россия давлат агентлиги билан суҳбатда “умуман олганда, РФ активлари бўйича Россия судларидаги даъволарга тайёр” эканини айтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид