Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инфографика: қайси мамлакат аҳолиси энг кўп қаҳва ичади?
Қаҳва бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонларнинг севимли ичимлигига айланган. Бироқ унинг оммалашуви мамлакатга қараб фарқ қилади. Янги инфографикага аҳолиси умри давомида энг кўп қаҳва ичадиган мамлакатлар киритилган.
Қаҳва замонавий маданиятнинг ажралмас қисмига айланган. Тадқиқотчилар хулосасига кўра, бу ичимлик нафақат мазали, балки фойдали ҳам. Кофеин деменция хавфини камайтириши, қонда шакарнинг кўтарилишини секинлаштириши, шунингдек ташвиш ва депрессияни енгиллаштириши мумкин.
Бироқ барча мамлакатларда ҳам қаҳва бир хил миқдорда истеъмол қилинмайди. Cafely маълумотларига кўра, бир кунда энг кўп қаҳва пиёласи ичадиганлар — Люксембург аҳолиси. Уларда бу кўрсаткич кунига 5,31 финжонни ташкил этади. Бу дегани, ўртача люксембурглик инсон умри давомида 118 227 финжон қаҳва ичади.
Иккинчи ўринда катта фарқ билан Финландия аҳолиси жойлашган. Улар кунига 3,77 финжон қаҳва ичади, бу эса бутун умр давомида қарийб 84 минг финжонга тўғри келади.
Учинчи ўринни Швеция эгаллаган — кунига 2,59 финжон, бутун умр давомида эса 58,6 мингдан ортиқ финжон. Норвегия ҳам деярли шунга яқин натижа кўрсатган — кунига 2,57 финжон ва умр давомида 58,2 минг финжон. Шунингдек, Австрия ва Данияда ҳам ўртача ҳисобда икки финжондан ортиқ қаҳва истеъмол қилинади.
Бразилия дунёдаги асосий қаҳва ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Аммо бразилияликлар ўзлари кунига 1,58 финжон қаҳва ичади. Рейтингда улар 17-ўринни эгаллаган.
Россия эса қаҳвани энг кўп истеъмол қиладиган топ-30 мамлакатлар қаторига кирмаган. Бироқ бир йилда россияликлар 277 860 000 килограмм қаҳва истеъмол қилади.
Cafely рейтинг қандай тузилганини ҳам тушунтирган. Уларнинг аниқлашича, бир порция қаҳва учун ўртача 10,6 грамм майдаланган қаҳва кетади. Ҳар бир мамлакатда жон бошига кунлик қаҳва истеъмолини ҳисоблаш учун муаллифлар мамлакат бўйича умумий қаҳва истеъмоли ҳажмини ўша мамлакат аҳолиси сонига бўлган. Аҳоли сонига оид маълумотлар Wikipedia'дан олинган. Кейин бу кўрсаткич граммга ўтказилган ва 10,6 га бўлинган. Олинган натижа йилдаги кунлар сони — 365 га бўлинган.
Инсон умри давомида нечта финжон қаҳва ичишини аниқлаш учун муаллифлар одамлар қаҳва ичишни қайси ёшдан бошлаши ҳақидаги маълумотларга мурожаат қилган. Шундан кейин ҳар бир мамлакат учун қаҳва истеъмол қилиш давомийлиги ҳисоблаб чиқилган. Бунинг учун қаҳва ичиш бошланадиган ўртача ёш кутилаётган умр давомийлигидан айрилган.