Жаҳон | 14:43
366
2 дақиқада ўқилади

РФ Европа судига даъволар киритган ННТни “номақбул” деб эълон қилди

Нидерланддаги Stichting Justice Initiative (“Ҳуқуқий ташаббус”) Россияда “номақбул” деб топилди. Ташкилот Европа судига РФга қарши даъволар тайёрлаш билан шуғулланган, ҳозир эса Украинадаги ҳарбий жиноятлар бўйича гувоҳликларни тўпламоқда.

Фото: Konstantin Kokoshkin/Russian Look

Россия Бош прокуратураси Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига даъволар тайёрлаш билан шуғулланган Нидерландиядаги ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Stichting Justice Initiative (SJI, “Ҳуқуқий ташаббус”) ташкилотини Россияда “номақбул” деб эълон қилди. Бу қарор ҳақида Россия идораси сешанба, 16 декабр куни ўз сайтида маълум қилди.

Баёнотда тушунтирилишича, Stichting Justice Initiative аъзолари Россия томонидан “чет эл агенти” деб эълон қилинган шахслар, шунингдек “Россияда фаолияти тақиқланган хорижий тузилмалар” билан фаол ҳамкорлик қилади. Москвада, шунингдек, Stichting Justice Initiative 2001 йилда Нидерландияда Жорж Сороснинг жамғармаси иштирокида ташкил этилгани, унинг мақсади Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида материаллар йиғиш ва Европа судига даъволар киритиш бўлгани қайд этилди.

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан, Россия Европа Кенгашидан чиққанидан ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясини денонсация қилганидан сўнг, ташкилот фаолиятининг диққат маркази Россиянинг Украинада инсон ҳуқуқларини бузиши ҳақида ҳисоботлар тайёрлашга кўчди. Жумладан, ННТ материалларни Ҳаагадаги Халқаро жиноий судга тақдим этиш учун РФнинг ҳарбий жиноятларини ҳужжатлаштиришга кўмаклашади.

SJI Европа судига даъволарни Россиядаги “Ҳуқуқий ташаббус” лойиҳаси орқали тақдим этиб келган. Унинг ҳуқуқ ҳимоячилари ёрдамида Страсбургдаги судга юзлаб даъволар киритилган ва улар қаноатлантирилган. SJI'нинг яна бир лойиҳаси — “Ҳуқуқий кўмак — Астрея” — Россияда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Шимолий Кавказда оилавий ўғирлашлар муаммоси, интернетдаги ҳужумлар, оилавий зўравонлик масалалари билан шуғулланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид