Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия думаси амалдорларга даромади ҳақида ҳисобот бермасликка рухсат берди
Бир ҳафта ичида РФ Давлат думаси давлат хизматчилари ҳар йили даромад декларациясини топшириши ва эълон қилиши мажбуриятини бекор қиладиган қонун лойиҳасини қабул қилди. Илгари Путин Ғарб санкцияларига тушганларга бундай имтиёз берган эди.
РФ Давлат думаси бор-йўғи бир ҳафта ичида коррупцияга қарши қонунларга киритилган тузатишларни қабул қилди — уларга кўра, амалдорлар ва депутатлар ҳар йили даромад декларациясини топшириш мажбуриятидан озод қилинади.
18 декабр, пайшанба куни Давлат думаси депутатлари учинчи ўқишда қабул қилган қонун лойиҳаси давлат ёки муниципал хизматда, давлат корпорацияларида ҳамда давлат улуши бор ташкилотларда лавозим эгаллаган фуқароларга бундай декларацияларни фақат “алоҳида ҳолатлар”да тақдим этиш имконини беради. 2009 йилдан буён улар ва оила аъзолари ҳар йили даромад ва харажатлари ҳақида ҳисобот бериб келган эди.
Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири Василий Пискарёв (“Единая Россия”) айтишича, шу йўл билан ҳар баҳорда такрорланадиган “эскича назорат тизими”дан воз кечиш мумкин бўлади. У бу янгилик Россия амалдорлари устидан коррупцияга қарши назоратга таъсир қилмаслигини, “рақамлаштириш” ва “молиявий аҳволни доимий мониторинг қилиш” ҳисобига назорат сақланиб қолишини таъкидлади.
Гап 2022 йилда пайдо бўлган ва президент администрацияси мувофиқлаштирадиган ёпиқ давлат ахборот тизими — “Посейдон” ҳақида кетмоқда. Унда ҳар қандай мансабдор шахснинг молиявий аҳволи ҳақидаги маълумотлар, йиллик декларациялардан фарқли ўлароқ, жамоатчилик назорати учун очиқ эмас.
Янги қонун лойиҳасида сайловларда иштирок этадиган амалдорлар ва мансабдорлар (масалан, Давлат думасига сайловда) учун даромад декларацияларини мажбурий эълон қилиш талаби ўзгармасдан қолдирилган.
Агар қонун лойиҳаси Федерация кенгашидан ўтиб, йил охиригача Владимир Путин томонидан имзоланса, унинг қоидалари 2026 йил 1 январдан кучга киради.
2022 йил декабрида Россия президенти фармони билан амалдорларга йиллик даромад декларацияларини интернетда эълон қилмаслик ва журналистлар сўровига биноан тақдим этмасликка рухсат берилган эди. Фармон матнида Владимир Путин ҳарбийлар ва Украинадаги уруш иштирокчиларини ҳам бундай декларацияларни топшириш мажбуриятидан озод қилган.
2023 йил июлида Давлат думаси депутатлари коррупцияга қарши қонунчиликка яна тузатиш киритган эди. Ўшанда улар “ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар” туфайли даромад декларациясини ўз вақтида топшира олмаган амалдорларни жавобгарликдан озод қилган. Бундай ҳолатлар қаторида, жумладан, хорижий давлатлар санкциялари ҳам кўрсатилган.
Янги қонун лойиҳасига кўра, амалдорлар декларацияни (лекин уни оммага ошкор қилмасдан) лавозимга тайинланиш ёки бошқа лавозимга ўтказилишдан олдин, шунингдек, федерал кадрлар захирасига киритилишда тақдим этиши керак бўлади. Шунингдек, агар ҳисобдор шахслар бир йил ичида оиласининг уч йиллик даромадидан юқори суммага акциялар, кўчмас мулк ёки криптовалюта сотиб олган бўлса, декларация тақдим этилиши назарда тутилган.
Бунда қонун лойиҳаси амалдорлар турмуш ўртоғи ва фарзандларининг даромадлари ҳақида маълум қилишни давом этишини ҳам белгилайди.
Мавзуга оид
08:45 / 09.06.2026
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
20:34 / 08.06.2026
Хоминаий ўлдирилгач, Россияда Путинни қўриқлаш учун яратилган кузатув тизими ўчириб қўйилди
18:06 / 08.06.2026