Жаҳон | 08:36
620
3 дақиқада ўқилади

ЕИ саммити Украина учун 90 млрд евро молиялаштиришни келишиб олди

Брюсселдаги саммитнинг биринчи кунидан сўнг ЕИ мамлакатлари етакчилари Россиянинг музлатилган активларидан Украинага ёрдам учун фойдаланиш масаласида келишувга эриша олмади. Бироқ улар ЕИ умумий бюджети кафолати остида 90 миллиард евро миқдорида кредит беришга тайёр.

Фото: AP

ЕИ саммити иштирокчилари 2026–2027 йилларда Украинага 90 миллиард евро миқдорида молиялаштириш ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди, деб маълум қилди Европа кенгаши раиси Антониу Кошта. “Биз мажбурият олдик ва уни бажардик”, — деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида 19 декабр, жума кунига ўтар кечаси.

Кошта молиялаштириш қайси схема асосида амалга оширилишини аниқлаштирмади, аммо Reuters маълумотига кўра, ЕИ амалга оширадиган қўшма қарз олиш варианти маъқулланган. Саммитдан кейин Германия канцлери Фридрих Мерц тушунтиришича, Украина бу кредитни фақат Россия Киевга уруш оқибатида етказилган зарар учун компенсация тўлаганидан кейингина қайтариши керак бўлади. Агар Москва зарарни қоплашдан бош тортса, у ҳолда ЕИ Украина қарзини тўлаш учун музлатилган Россия активларидан фойдаланади, деди канцлер.

Брюсселдаги учрашувнинг биринчи кунидан кейин ЕИ етакчилари музлатилган Россия активлари ҳисобидан Украинага йирик кредит бериш масаласида келишиб ола олмади. Аммо саммит иштирокчилари Киевга молиявий ёрдам кўрсатишнинг муқобил вариантларини — хусусан, ЕИ умумий бюджети билан кафолатланган ҳолда Украина учун тўғридан тўғри қарз олишни — кўриб чиқишда давом этди.

“Узоқ муҳокамалардан кейин ‘репарацион кредитлар’ масаласи қўшимча ишланмани талаб қилиши аён бўлди, чунки етакчиларга тафсилотларни ўрганиш учун кўпроқ вақт керак”, — деб AFP агентлигига исми ошкор қилинмаган европалик амалдор хабар берган.

Декабр ойи бошида Европа Комиссияси ЕИ мамлакатлари етакчиларига Украина молиялаштириши бўйича икки вариантдан бирини танлашни таклиф қилди: музлатилган Россия активлари асосидаги қарор ёки ЕИ томонидан қарз олиш асосидаги қарор. “Биз қайси йўлдан боришни танлашимиз керак бўлади. Аммо бир нарса аниқ: биз Украина учун кейинги икки йилга молиялаштириш масаласида айнан Европа кенгашининг ушбу йиғилишида қарор қабул қилишимиз шарт”, — деб таъкидлаган ЕК раиси Урсула фон дер Ляйен.

Унинг сўзларига кўра, Европа Комиссиясининг биринчи таклифи — моҳиятан “капитал бозорларида ЕИ бюджети кафолатида маблағ жалб қилиш ва ушбу капитални Украинага қарз шаклида бериш”дан иборат. Бундай қарор ЕИ аъзо давлатлари томонидан якдиллик билан қабул қилиниши керак.

Иккинчи таклиф — ЕИ ҳудудида музлатилган Россия Марказий банки активлари ҳисобидан “репарацион кредит” бериш. Бу вариантга Белгия фаол қаршилик билдирган: унинг юрисдикцияси остида Euroclear депозитарийси жойлашган бўлиб, унда тахминан 185 миллиард евро миқдорида Россия активлари музлатилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид