Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москва аэропортларида биометрия топширган мигрантларнинг 10 фоизи Россияга киритилмади
Москва мэри Сергей Собянин сўзларига кўра, биометрия маълумотлари тўплаш тизими орқали 45 мингга яқин «номақбул одам» ажратиб олинган.
2024 йил 1 декабрдан бошлаб Москва аэропортларида биометрия топширган 45 мингга яқин ёки 10 фоиз мигрантнинг Россияга кириши тақиқланди, деди Москва мэри Сергей Собянин.
«Москва авиация узелида ўтган йилнинг декабр ойидан бошлаб биометрия тизими яратилди, ҳукумат қарори федерал қонунга мувофиқ бизга буни амалга оширишга рухсат берди. 1 декабрдан жорий йилнинг декабригача, деярли бир йил давомида Москванинг барча аэропортларида мигрантлар ўз биометриясини - фотосурати ва бармоқ изларини топширмоқда», деди Собянин Москва шаҳар Думасида йиллик ҳисобот билан чиқиш қилар экан.
«Ва бу тизим бизнинг ҳудудимизда номақбул бўлган, номақбул фуқароларнинг «назорат рўйхати»да бўлганлардан ҳимоя қилади. Бир йил ичида бу тизим орқали 45 мингга яқин одам ажратиб олинди. Бу бизга кириб келаётган мигрантларнинг тахминан 10 фоизи», деди мэр.
Унинг аниқлик киритишича, қарийб бир йил ичида мигрантларнинг 4,5 миллионга яқин ноёб биометрик маълумотлари яратилган.
«Бундан ташқари, бу тизим жиноят содир этганларни аниқлайди ва улар шунчаки мамлакатдан чиқиб кетмаяпти, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов ҳаракатларини ўтказиш учун ушлаб турилади», деди у.
Бундан ташқари, Собяниннинг қўшимча қилишича, «миграция марказида Москвада рўйхатга олинган мигрантнинг ДНК намуналари олинади ва бунинг ёрдамида ҳатто ўн йил олдин содир этилган ўнлаб жиноятлар ҳам фош этилади.
«Ва бу, албатта, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ўта оғир, айниқса зўравонлик жиноятларини фош этиш учун мутлақо бошқача имкониятлар беради», деди мэр.
Аввалроқ, 2025 йил 1 декабрдан Россия давлат чегарасидаги барча ўтказиш пунктларида биометрик шахсий маълумотлар тўпланиши синов тариқасида бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Синов 2026 йил 30 июнга қадар давом этади.
Мавзуга оид
16:23 / 11.06.2026
Арманистон ҳукумати геосиёсий курсини ўзгартириш учун халқдан мандат олди — сиёсатшунослар
14:20 / 11.06.2026
Россиядан кетган фуқароларнинг мол-мулки хатланиши мумкин
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
09:15 / 10.06.2026