Жаҳон | 12:41 / 26.12.2025
2254
2 дақиқада ўқилади

АҚШ базасидаги “энг ашаддий жиноятчилар” рўйхати янгиланди

2025 йилнинг 11 ойи ичида АҚШда “энг ёмон” деб аталган жиноятчилар рўйхатига, бошқалар қаторида, 18 нафар россиялик, 27 нафар украин, 22 нафар Арманистон фуқароси, Қозоғистондан 3 нафар шахс, шунингдек 2 нафардан Гуржистон фуқароси ва 2 нафар беларус киритилган.

Фото: AP

АҚШнинг Ички хавфсизлик вазирлиги (DHS) сўнгги 11 ой давомида Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) ходимлари томонидан турли жиноятлар учун ушланган хорижликлар ҳақидаги электрон базага Украинадан 27 нафар фуқаро ва Россиядан 18 нафар фуқарони киритди. ICE DHS таркибига киради ва АҚШдан ноқонуний муҳожирларни қидириб топиш ҳамда депортация қилишга ихтисослашган. “Энг ёмонлар” деб аталадиган жиноятчилар рўйхати идора сайтида 26 декабр, жумага ўтар кечаси янгиланди.

Жами рўйхатда дунёнинг 165 мамлакати келтирилган. Унда асосий улушни Лотин Америкаси мамлакатлари фуқаролари ташкил қилади: масалан, базага киритилган мексикаликлар сони — бир неча минг нафар. Янги рўйхатга, шунингдек, 22 нафар Арманистон фуқароси, 3 нафар Қозоғистон фуқароси, 2 нафардан беларус ва гуржи, шунингдек 1 нафар молдован ҳам киритилган. АҚШ идораси рўйхатида 3 нафар немис ҳам бор.

DHS сайтидаги профайллардан кўринишича, АҚШда “энг ёмонлар” сифатида қайд этилган украинлар фирибгарлик билан шуғулланган, гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ бўлган ва жинсий характердаги жиноятлар содир этган. Улардан бири қотиллик айби билан ҳибсга олинган.

РФ фуқаролари эса рўйхатга қуйидаги ҳолатлар учун киритилган: тажовуз (ҳужумлар), жинсий зўравонлик, гиёҳванд модда сотиш, шахсий маълумотларни ўғирлаш, ўғирлик, пул ювиш, қуролга эгалик қилиш, пора олди-бердиси (коррупция) ва муҳожирларни ноқонуний олиб кириш.

“DHS ва ICE ходимлари президент Трампнинг ваъдасини бажаряпти ва оммавий депортацияларни амалга оширмоқда — аввало энг ашаддий жиноятчилардан, шу жумладан сиз ушбу рўйхатда кўраётган ноқонуний муҳожирлардан бошлаб”, — деб ёзилган АҚШ идораси сайтида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид