Жаҳон | 19:54
602
8 дақиқада ўқилади

Хўжанд келишуви, “Марказий Осиё +” форматлари ва Озарбойжоннинг саммитга қўшилиши – минтақа йил ичида

Kun.uz Марказий Осиё минтақасида 1 йил ичида энг муҳим деб билган беш воқеани жамлади. Таҳририят нигоҳига кўра, 31 март кунги Хўжанд учрашуви минтақада кўп йиллик тинчликка асос бўлади, ҳудудий келишмовчиликларга нуқта қўяди. Бундан ташқари, гигант давлатлар билан “Марказий Осиё +” форматлари ўтган 1 йил ичида сезиларли кенгайди. Озарбойжоннинг маслаҳат учрашувларига тортилиши ҳам йилнинг муҳим воқеаси.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Хўжанддаги учрашув

Марказий Осиё 2016-2017 йилларда бир-биридан айро давлатларнинг минтақаси эди. Йилнинг энг асосий минтақавий воқеаси Ўзбекистон-Тожикистон-Қирғизистоннинг чегара масалаларига яхшилик билан нуқта қўйгани бўлди. Уч томонлама учрашув шу йилнинг 31 мартида, учала давлат чегаралари туташган нуқтада бўлиб ўтганди. Президентлар Шавкат Мирзиёев, Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаган. Сўнг уч мамлакат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласи тантанали равишда очилди.

Хўш, нега буни минтақа учун йил воқеаси деб атаяпмиз? Сабаби аниқ, Марказий Осиё давлатларининг бир-биридан узилиши, ягона замин одамларининг бир-биридан юз ўгиришига сабаблардан, балки энг каттаси ҳудудий келишмовчиликлар эди. Тарихан битта давлат бўлган бу халқлар узоқ йиллик мустамлака сиёсати сабаб бешга бўлиб юборилди, кейинги можароларнинг ричаги бўлиши учун худди шундай ҳудудий жанжаллар сунъий яратиб кетилганди. Ҳозирги маъмуриятлар жаҳондаги геосиёсий воқеалардан усталик билан фойдаланди ва ўз муаммоларини ҳал қилиб олди.

Тадбирнинг март ойига белгиланиши, Наврўз билан боғланиши ҳам аслида минтақанинг маданий бир эканини кўрсатиш учун керак эди. Менимча, чегара бўйича минтақанинг энг келишолмаган давлатлари Қирғизистон ва Тожикистон эди. Яқин тарихда деярли ҳар йили қонли тўқнашувларга гувоҳ бўлди. 31 мартдаги келишувдан кейин Ўзбекистон раҳбари иккала давлат халқини эски тарих ёпилгани билан табриклаган. Демак, бизнинг йил воқеалари рўйхатимизда Хўжанд учрашуви биринчи ўринда.

Марказий Осиё +” форматлари энг яхши босқичда

Бундан 21 йил аввал, 2004 йилда Япониянинг ташаббуси билан бу формат илк бор тузилганида бу республикалар мустақил бўлганига энди 13 йил тўлганди. Дунёда биринчи бўлиб Япония минтақага битта кўз билан қараш ташаббуси билан чиққан. Тўғриси, бу япон дипломатиясининг ҳам ютуғи. Чунки бу геосиёсий тўғри қарор эди. Бугун деярли барча катта давлатлар билан минтақавий диалоглар мавжуд. Энг охиргиси Россия билан ҳам, чунки Москва ҳаммадан кейин 2022 йилда Марказий Осиё + ўз форматини тузди.

Йил давомида Европа иттифоқи, АҚШ ва Япония ўтказган минтақавий мулоқотларни алоҳида кўрсатиб ўтган бўлардим. Масалан, АҚШ президенти минтақа лидерларини биринчи марта Оқ уйда қабул қилди. Марказий Осиё президентлари мамлакатининг салкам 35 йиллик тарихида бир марта бўлса ҳам АҚШ президенти билан Оқ уйда биргаликда юзма-юз бўлмаганди. Тўғри, собиқ президент Байден уларни қабул қилган, лекин саммит Ню-Йоркда, БМТ офисида ўтган эди.

Япония эса ўзи бошлаган диалогни мутлақо юқори даражага кўтарди. Токиодаги саммитда Япония томони минтақавий лойиҳалар учун салкам 20 млрд доллар ваъда қилди. Бу жуда катта миқдор. Токио минтақада инсон капиталига, яъни одамлар, уларнинг билими ва касбий сифатига алоҳида урғу бермоқда.

Европа иттифоқига келсак, “Глобал дарвоза” каби лойиҳалар минтақа билан тарихда умуман бўлмаган. Евроиттифоқ Самарқанддаги апрель ойида ўтган саммитда беш Республика учун 12 млрд евро ваъда қилди. Ушбу инвестицион пакет аввало савдо йўллари, сўнгра энергетика, яшил ривожланиш, интернет ва экология учун сарфланиши эълон қилинган. Ўзбекистон президентига кўра, масалан биргина бизнинг давлатга четдан инвестиция 1 йилда 43 млрд доллар инвестиция киритилган.

Темирйўл қурилиши бошланди, молиялаштириш масаласи ҳал бўлди

Аслида бу бўйича асосий келишувга 2022 йилдаёқ эришилган. Бироқ, учала томон молиялаштириш масаласида келишиб олиши керак бўлган. Шу йилнинг баҳорида темирйўл туннели қурилиши бошланди. Айни дам уч давлат қанчадан маблағ бериши аниқ бўлган, келишув якунланган. Қирғизистон транспорт вазири бу темирйўл 5 йилда битишини, Ўзбекистон томони эса бундан ҳам аввалроқ битиб қолиши мумкинлигини айтади. Масалан, яқинда Kun.uz билан гаплашган Қирғизистон вазири ишлар давом этаётгани, 2030 йилда лойиҳа битишини гапирган.

Озарбойжон маслаҳат учрашувларига қўшилди

Биласиз, 2018 йилда Ўзбекистоннинг ташаббуси билан ушбу формат тузилган. Бу мантиқан тарихда бўлган, лекин муваффақиятсиз тугаган МОҲТнинг янги версияси. Биринчи маъмурият даврида худди шундай диалог бор эди, лекин кейинчалик бошқа давлатларнинг ва хусусан Россиянинг қўшилиши сабаб ташкилот умри узоққа бормаган. Бу галги консультатив учрашувлар анча муваффақиятли чиқди. 7 йиллик тажрибадан сўнг Тошкентдаги саммитда Озарбойжон маслаҳат учрашувларига расман қўшилди. Бу эса янги тахминларни келтириб чиқарди, кимдир буни “Катта Марказий Осиё” стратегияси билан боғласа, яна кимдир геосиёсатга улади.

Масалан, Ўзбекистон расмийлари Озарбойжоннинг қўшилишини янги геосиёсий минтақа, деб баҳолаган.

Аммо-лекин сўнгги кунларда Россия ҳам бу форматга қўшилиш истагида экани борасида гап-сўзлар тарқаган. Бу эса жиддий сигнал, чунки аслида маслаҳат учрашувларининг асосий мақсади фақат минтақавий йиғилиш ва минтақа келажаги учун хавфларга ҳозирдан тайёр бўлиш стратегияси эди.

Афғонистон: тан олишдан дарак йўқ, «Толибон» кутмоқда

Орадан бир йил ўтди, Афғонистон билан боғлиқ сиёсат ўзгаргани йўқ. Лекин Афғонистоннинг «Толибон» ҳукумати йил давомида ўта қалтис бўлган қатор чекловли қарорларини эълон қилиб келди. Толибларнинг Ғанидан қолган давлат ва ҳукуматни эгаллаганига 4 йил бўлди. Лекин ана шу 4 йил ичида Россиядан ташқари, бирор бир расман бу ҳукуматни тан олгани йўқ. Тўғри, факт жиҳатдан Хитой, БАА ва Ўзбекистон толиблар билан жуда яқин ишламоқда, элчилар тайинланган. Бироқ, расмий равишда ҳозирги ҳукуматдагилар тан олингани йўқ. Бунинг учун шартлар аниқ, инклюзив ҳукумат, инсон ҳуқуқлари, наркоконтрабандага чек қўйиш ва бошқалар.

Бироқ, «Толибон»нинг ўзи Афғонистондаги ҳаётни тинчлантирганини, иқтисодни кўтарганини айтади. Йил давомида Афғонистон учун энг катта тортишув Покистон билан бўлди. Аввалига Покистон деярли барча афғонларни давлатдан қувишга киришди. Сўнгра икки давлатнинг мулоқоти мутлақ ёмонлашиб, қуролли тўқнашув даражасига етди. Бунда Ҳиндистоннинг гижгижлаш ролини ҳам кўрсатиб ўтмаса бўлмайди. Лекин, «Толибон» дунёдан тан олишларини истайди. Масалан, «Толибон» ташқи ишлар вазирлигидан Стратегик тадқиқотлар Маркази директори Абдул Ҳай Қанит ҳукумат кейинги давлат сифатида Ўзбекистоннинг уларни тан олишини кутаётганини айтган.

Мавзуга оид