Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 31 декабр. Яна бир календар йили ортда қоляпти. Бу йил, афсуски, урушлар, хунрезликлар ва асосан ёмон хабарлар билан ёдда қолди.

Америкада Трамп президентликка қайтди, Ғазода минглаб тинч аҳолини ўлдирган уруш тугади, Украинадаги уруш эса ҳамон давом этмоқда. Оқ уйда тарихда кузатилмаган жанжал бўлди, долларга ишонч пасайиб, олтин энг ишончли хазинага айланди. Исроил ва Эрон 50 йиллик душманлик тарихида илк марта урушди, номига бўлса ҳам. Қуйида 2025 йил давомида дунёда содир бўлган энг муҳим воқеаларни эслаймиз.

Трамп қайтди

20 январ куни Доналд Трамп АҚШ президентига қайтди. Республикачилар етакчиси орада демократ Байденга ютқазиб, можароли тарзда президентликдан кетганди. Лекин Байден даврида мамлакат жиддий муаммоларга ўралашиб қолди: армия Афғонистондан чиқиб кетди, Украинада ва Ғазода уруш бошланди.

Етмаганига Байденда қарилик аломатлари яққол сезилиб қолди. CNN студиясида ўтган жонли эфирдаги теледебатда Трамп Байденга ҳал қилувчи зарбани берди: Байден жонли эфирда алжираб қолди, Трамп эса рақибининг муваффақиятсизлиги фонида дебатдан қаҳрамон бўлиб чиқиб кетди.

Тўғриси, 2024 йил ёзида Трампни Пенсилванияда ўлдирмоқчи бўлишган ва ўқ унинг қулоғини силаб ўтгандаёқ АҚШ президентлик сайлови натижаси ҳал бўлиб улгурганди. Ўша устунлигини сақлаб қолган Трампга сайловда Камала Ҳаррис ҳеч қандай қаршилик қила олмади. Шу тариқа АҚШ тарихидаги энг уникал президент сифатида яна Оқ уйга қайтди.

Трампнинг қайтишига бежизга урғу бермаяпмиз, чунки Америка дунёдаги энг катта, энг қудратли давлат. Бу ерда ҳукумат ўзгариши дунёнинг ҳар бир фуқаросига таъсир қилади. Трампнинг қайтиши дунё сиёсатининг оёғини осмонда қилди. Бу энг аввало Украинадаги урушда сезилди. Киев бирданига Вашингтон ҳарбий ёрдамидан узилди. АҚШ ҳатто европаликларга Украинага Америка қуролларини беришни тақиқлади, ҳозиргача бу чеклов амалда, НАТО давлатлари Киевга оз миқдорда қурол бера олишяпти холос, ўз пулларига бўлса-да. Трамп сайловолди кампанияси вақтида урушни бир кунда тугатаман деб айтиб юрганди. Лекин бу кутилганидек блеф бўлиб чиқди.

Трамп урушни тугатиш учун жуда радикал позиция танлаб, уни бошлашда Байден ва Зеленскийни айблади. Кейинроқ рўйхатга Путинни ҳам қўшди. Лекин қараса ёппасига ҳаммани айблаб натижага эришиб бўлмас экан. Шунда энди асосий айбдор сифатида Украинани кўрсатиб, Киевга босим қила бошлади.

Ҳозиргача Трамп Россияга қарши айтарли ҳеч нима қилмади, иккита нефт компаниясига санксия қўллади, тамом. Музокараларда ҳам Трамп очиқчасига Россия томонда экани сезилиб қоляпти, у кўп марта Россия кучли экани, ғалаба қозонишини айтди, Путинни мақтаб келди.