Бугун – 31 декабр. 365 та бекатни босиб ўтган 2025 йил поезди ўтмиш қаърига йўл олиш фурсатини кутяпти. Kun.uz эса ўз анъанасига биноан, бу йил Ўзбекистонимиз солномасида қандай из қолдирганига назар ташлайди.

Йилнома масъулиятини ҳис қилган ҳолда, биз унга энг салмоқли мавзуларни танлаб олдик. Сиёсий саҳнадаги ўзгаришлардан тортиб, иқтисодий шарт-шароитларгача, энг шов-шувли воқеалардан тортиб, эришилган ютуқлар ва ечимини кутаётган масалаларгача – қисқа ва лўнда қамраб олишга ҳаракат қиламиз.

Сиёсий майдон

Йилномани сиёсий саҳнадаги ўзгаришлардан бошласак. Бу йўналишдаги асосий воқелик – Президент администрациясига раҳбар тайинлангани бўлди. Июн ойида Администрация раҳбари лавозими қайта тикланиб, бу вазифага Саида Мирзиёева тайинланди. Сиёсий карьерасини 2019 йилда бошлаган 41 яшли Мирзиёева тайинловга қадар икки йил давомида президент ёрдамчиси сифатида ишлаб келаётган эди.

Тайинловдан кейин, Администрацияда кўплаб кадр ўзгаришлари рўй бера бошлади. Аввало, 7 йилдан бери президент ёрдамчиси сифатида давлат раҳбарига энг яқин шахслардан бири, таъбир жоиз бўлса Шавкат Мирзиёевнинг “ўнг қўли” бўлиб келган Азиз Мағрупов лавозимини тарк этди. Шунингдек, иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчи Равшан Ғуломов, энергетик сиёсат бўйича маслаҳатчи Алишер Султоновнинг истеъфолари ҳам алоҳида аҳамиятга эга.