Жаҳон | 11:57
1004
2 дақиқада ўқилади

Акционист Павел Крисевич озодликка чиқди ва Россияни тарк этди

Акционист Павел Крисевич Москва вилоятидаги Истра шаҳрида жойлашган махсус қабулхонадан чиқиб, Россия ҳудудини тарк этгани хабар қилинди. Бундан олдин у Қизил майдондаги акцияси учун 3,5 йил қамоқда бўлган. Май ойида у DW'га Россияда қолишни режалаштираётганини айтган эди.

Фото: TASS

25 ёшли петербурглик рассом-акционист Павел Крисевич қамоқдан чиққанини ва Россияни тарк этганини маълум қилди. Бу ҳақда у сешанба, 30 декабр куни Telegram’да баёнот берди. “Диктатура ва эрксизлик ҳудудини тарк этаётганда ҳис қиладиган ўзига хос эйфория туйғуси”, — деб ёзди Крисевич.

Ноябр охирида у Москва вилоятининг Истра шаҳрида навбатдаги акциясини ўтказаётган вақтда ушланган. Рассомни “майда безорилик” бўйича маъмурий иш билан 15 суткага қамашган. 14 декабр куни махсус қабулхонадан чиққанидан кейин уни яна ушлаб, яна 12 суткага маъмурий қамоқ жазосини беришган.

Крисевич сўзларига кўра, озодликка чиқишидан икки кун олдин махсус қабулхонага ФСБ ходимлари келиб, унга таҳдид қилган: “Буюмларингни йиғиштириб кет, акс ҳолда қамаймиз”.

Рассом қайси мамлакатга борганини аниқламаган. Фақат “хавфсиз жойдаман”, деб ёзган.

2021 йилда акционист Қизил майдонга қурол билан чиқиб, ўзига бўш патрон билан бошига ўқ узган. Шу перформанс учун у “безорилик” моддаси билан 5 йил қамоқ жазосини олган. 3,5 йилдан сўнг, 2025 йил январ ойида у озодликка чиққан.

Крисевич май ойида DW билан суҳбатда Россияда қолмоқчи эканини айтган эди: “Балким, менинг бу ерда қолишимнинг ўзи — перформанснинг бир шаклидир”. Май ойида у “шубҳали баҳона” билан яна 10 суткага ҳам қамалган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид