Жаҳон | 09:40
1483
5 дақиқада ўқилади

Германия соҳиллари ёнидан илк бор Россиянинг «зомби-танкери» ўтди

Германия ҳукумати Болтиқ денгизида Россия нефтини ташаётган Tavian кемасини илк бор қайд этди. Бу — шахсий идентификацион рақами ноқонуний ўзгартирилган «зомби-танкер» деб аталадиган кема. Уни Россиянинг «соя флот»и қаторига киритишади.

Фото: DPA

Германиянинг Болтиқбўйи соҳиллари ёнидан Россиянинг «зомби» нефт танкери илк бор ўтди. Денгиз соҳасида «зомби» деб, Халқаро денгиз ташкилоти (IMO) томонидан берилган ягона идентификацион рақами ноқонуний равишда ўзгартирилган эски кемалар аталади. Бу маълумотни Германиянинг давлат Кемалар хавфсизлиги хизмати (Dienststelle Schiffssicherheit) DW'га сешанба, 30 декабр куни тасдиқлади.

У ерда айтилишича, шубҳа Болтиқ денгизи орқали декабр бошларида Россия нефти юки билан ўтган, IMO рақами 1095337 бўлган Tavian нефт танкерига нисбатан пайдо бўлган. «Биз Tavian кемаси IMO рақамидан ноқонуний фойдаланмоқда, деган шубҳани қўллаб-қувватлаймиз», — дея жавоб берган хизмат DW сўровига.

Идора қайд этишича, бу — Германия соҳиллари ёнида «зомби-танкер» пайдо бўлган илк ҳолат. Хизматнинг фикрича, Tavian — бу Tia танкери, унга аввал IMO рақами 9147447 берилган бўлган. Йирик нефт ташувчи кемалар сегментида бу «албатта, ҳали ҳам эксплуатацияда қолган дунёдаги энг эски танкерлардан бири», — деб қўшимча қилди хизмат.

Бу кема ҳақида биринчи бўлиб Британиянинг денгиз соҳасига ихтисослашган Lloyd’s List журнали 18 ноябр куни ёзган эди. Мақолада жаҳон океанидаги бир неча «зомби-танкер»лар ҳақида сўз борган. Экспертлардан бири «зомби» сифатида Tia танкери (IMO 9147447)ни кўрсатган, у 2024 йил август ойида АҚШ санкцияларига тушган.

«Унинг ҳозирги идентификатори бутунлай сохталаштирилган IMO рақамига асосланган. Қалбаки рақам 1095337 IMO базасида мавжуд эмас», — дейилган мақолада. Lloyd’s List экспертлари кемани «соя флоти»нинг бир қисми деб тан олган.

Журнал маълумотига кўра, 2025 йил май ойида кема Хитойнинг Чжоушан портидан Arcusat номи ва Гайана байроғи остида йўлга чиққан. У ғарб томон ҳаракатланган ва кўп ўтмай транспондерни ўчириб қўйган. Июл ойида у яна Уммон кўрфазида пайдо бўлган, аммо бу сафар Камерун байроғи остида ва Tavian номи билан. 15 октябр куни эса Россиянинг Приморск портига кирган.

Германиянинг Кемалар хавфсизлиги хизмати DW'га тушунтиришича, Tavian (яъни Tia) Германия соҳиллари ёнидан халқаро сувларда ўтган, шунинг учун Германия ҳукумати уни тўхтатишга ҳуқуқий ваколатга эга бўлмаган.

Бироқ, 10 декабр куни танкерга барибир Германия федерал полицияси ва Германия Фавқулодда ҳолатларга жавоб давлат штаби (Havariekommando) кемалари яқинлашган, деб ёзган Kieler Nachrichten шимолий немис газетаси 27 декабр куни. Уларнинг маълумотига кўра, Tavian капитани ўша пайт радио орқали немис вакиллари билан боғланган ва кеманинг суғуртаси ҳақида маълумот берган.

Kieler Nachrichten ёзишича, танкер 27 йил олдин қурилган ва жуда ёмон ҳолатда. Приморск портида унинг бортига тахминан 100 000 тонна Россия нефти юкланган. Кема 1998 йилда Жанубий Кореядаги верфда Германиянинг Reederei Nord денгиз ташувчи компанияси учун қурилган. Ўшанда танкер Nordmark деб аталган. Шундан бери у 12 марта номини ўзгартирган. Kieler Nachrichten фикрича, унинг рақами Хитойнинг Чжоушан шаҳридаги туриши пайтида қалбакилаштирилган.

Газета ёзишича, фирибгарликни ишончли исботлашнинг ягона йўли — кемадаги немис MAN компаниясига тегишли двигателни текширишдир. Унинг барча деталларида серия рақамлари мавжуд. Аммо бундай текширувни фақат танкер Германия ёки ЕИнинг бошқа бирор портига кирсагина ўтказиш мумкин. Агар бу тасдиқланса, кемани мусодара қилиш мумкин. Шу сабабli, Tavian ғарб портларига кирмасликка ҳаракат қилади.

VesselFinder ва MarineTraffic онлайн-порталлари маълумотларига кўра, кема сўнгги кунларда Эгей денгизида бўлган, 30 декабр куни эса Сенегал томон йўл олган. Очиқ маълумотларга таянадиган ҳар икки сервис кеманинг номи бўйича адашади: уларнинг базаларида у баъзан Arcusat, баъзан Tavian деб кўрсатилган.
 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид