Жаҳон | 21:33 / 02.01.2026
21846
8 дақиқада ўқилади

Эронда кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтмоқда

Эронда намойишлар бир неча кун ичида бутун мамлакатни қамраб олди. Намойишчилар полициячилар билан тўқнашмоқда ва «Диктаторга ўлим!» дея ҳайқирмоқда. Трамп уларни қўллашга тайёрлигини маълум қилди.

Фото: EPA / Scanpix / LETA

Эронда намойишлар 28 декабр куни бошланди. Сабаби – иқтисодий инқироз: миллий валюта курси қулаган ва инфляция кучайган. Аммо соф иқтисодий шиорлар жуда тезлик билан сиёсий шиорларга айланди: намойишчилар оятуллоҳ Али Хоминаийни тахтдан ағдариш ва ислом республикасининг бутун сиёсатини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Тартибсизликлар ва хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлар натижасида камида саккиз киши ҳалок бўлди. АҚШ президенти Доналд Трамп аллақачон намойишчиларга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. «Медуза» намойишлар қандай ривожланаётгани ва бу нимага олиб келиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Намойишлар нимадан бошланди?

2025 йил сентябрида БМТ 2006 йилда ядровий дастури туфайли Эронга қарши қўлланган ва 2015 йилда «Эрон ядро келишуви» доирасида бекор қилинган санкцияларни қайтадан тиклади. Санкциялар қайтиши Эрон миллий валютаси курси кескин қулашига олиб келди: 2025 йилда бир доллар бир миллион риёл атрофида баҳоланган бўлса, декабрга келиб курс қарийб бир ярим миллионга етди (уч йил олдин курс бир доллар учун 430 минг риёл атрофида эди). Риёл курси қулашидан энг кўп зарар кўрганлар орасида уяли телефон сотувчилари ҳам бор эди: улар нархларни оширишга мажбур бўлишди ва кўпчилик харидорларини йўқотишди. 28 декабрда улар иш ташлади ва кўп ўтмай бошқа гуруҳлар ҳам сотувчиларга қўшилди.

Эронда инфляция беш йилдан бери йилига 30-40 фоиз даражасида сақланиб қолмоқда. 2025 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари 70 фоиздан ортиқ, дори-дармонлар 50 фоизга қимматлашди. Кузда эса бунга сўнгги ярим асрдаги энг кучли қурғоқчилик қўшилди. Бу муаммонинг асосий сабаби ёғингарчилик йўқлиги эди, ҳокимиятнинг кўп йиллик эҳтиётсиз сиёсати – чекланган сув ресурсларидан назоратсиз фойдаланиш вазиятни сезиларли даражада ёмонлаштирди.

Шундай фонда Эрон 2025 йил июнида 12 кунлик урушни бошдан кечирди. Исроил бу урушнинг дастлабки кунларидаёқ Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини буткул яксон қилди, ҳарбий раҳбариятнинг деярли барча вакилларини, шунингдек, ядро дастури билан шуғулланувчи етакчи олим ва муҳандисларни ўлдирди. Нафақат ядровий объектлар, балки нефт корхоналари ҳам зарбага учради. Урушнинг якуний босқичида АҚШ ҳам Исроилга қўшилди: америкалик ҳарбийлар Фордо ядровий объектига бункерга қарши ўта кучли бомбаларни ташлади.

Урушдан кейин Эрон ҳукумати, бир томондан, баъзи енгилликларни жорий қилди – хусусан, кўчага ҳижобсиз чиққан аёлларни жазолашни амалда тўхтатди (бу 2022–2023 йилларда Эронда сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик норозилик тўлқинига сабаб бўлганди). Шу билан бирга, сиёсий диссидентларга қарши қатағонлар кучайди. 2025 йилда қарийб икки минг киши қатл этилган, олдинги йилларда қатллар сони кўпи билан бир неча юзни ташкил этган.

Намойишлар қандай кечмоқда?

Мобил телефон сотувчиларининг Теҳрон марказидаги «Аловуддин» савдо марказида 28 декабр куни бўлиб ўтган иш ташлаши тезда кўча намойишига айланиб кетди. Кейинги куниёқ норозилик намойишлари Эрон пойтахтининг нафақат иқтисодий, балки сиёсий ҳаёти маркази бўлган Катта бозорга кўчди, шунингдек, бошқа йирик шаҳарларга ҳам тарқала бошлади. Акцияга талабалар ҳам қўшилди.

Деярли дарҳол сиёсий шиорлар, жумладан, «Марг бар диктатор» («Диктаторга ўлим!»), «Зан, зандеги, азади» («Аёл, ҳаёт, озодлик!»), «На Каззе, на Лебнан, жанам фадайе Иран» («Менинг ҳаётим Ғазо учун эмас, Ливан учун эмас – Эрон учун фидо!») ва «Азади» («озодлик!») каби сўзлар янграй бошлади. Айрим жойларда бунга 1979 йилги ислом инқилоби натижасида ағдарилган Паҳлавийлар сулоласини ва сўнгги шоҳнинг расмий вориси, Эрон мухолифати етакчиси бўлишга даъвогар шаҳзода Ризо Паҳлавийни улуғловчи шиорлар қўшилди (у АҚШда яшайди).

Расмийлар намойишчиларни тинчлантиришга ҳаракат қилишди. 29 декабр куни президент Масуд Пизишкиён ҳукуматни «қонуний талабларга қулоқ солиш»га чақирди, 30 декабр куни эса ҳукумат мулоқот ўрнатиш учун намойишчилар вакиллари билан учрашишни таклиф қилди. 31 декабр куни Марказий банк раҳбари, инфляция учун расман жавобгар бўлган Муҳаммад Ризо Фарзин истеъфога чиқди. Аммо булар иш бермади: ҳукумат фақат иқтисодий даъволарни муҳокама қилишга тайёр эди.

Расмийлар намойишларни куч билан бостиришга киришди. Аввалига Теҳронда намойишларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўлланди, 31 декабрда айрим шаҳарларда жанговар патронлар билан отишни бошлашди. Эрон ғарбида асосан курдлар яшовчи Кўҳидаштда Амирҳисо Ходаярифард бошига ўқ узилиши оқибатида ҳалок бўлди. У 21 ёки 22 ёшда бўлган. Расмийлар у Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ёшлар қаноти ҳисобланган «Басиж» гуруҳи аъзоси бўлгани ва намойишчилар томонидан ўлдирилганини даъво қилди. Намойишчилар эса буни рад этиб, Ходаярифард «Басиж»га мансублиги ҳақидаги даъвони ҳукуматнинг намойишларни куч билан бостириш мақсадидаги ёлғони деб атади.

Теҳрондаги намойиш, 29 декабр
Fars News Agency / AFP / Scanpix / LETA

1–2 январ кунларига келиб мамлакатнинг деярли барча йирик шаҳарлари намойишлар ва тартибсизликлар ичида қолди. Намойишчилар маъмурий бинолар ва полиция участкаларига бостириб кирган ҳолатлар ҳам учраган. Улар мунтазам равишда полиция билан тўқнашувга киришиб, ҳибсга олинган намойишчиларни қутқариб олишмоқда. Ҳозиргача намойишчиларнинг камида саккиз нафари ҳалок бўлган.

Теҳрон марказидаги Ислом республикаси кўчасида ёлғиз намойишчи полиция ҳаракатига тўсқинлик қилмоқда. Ушбу видеони 1989 йилда Тянанмэн майдонида танк қаршисига туриб олган одамнинг машҳур сурати билан таққослашмоқда.

Америка вақти билан 1 январ куни кечқурун (Эронда бу вақтда 2 январ тонги эди) АҚШ президенти Доналд Трамп Truth ижтимоий тармоғида шундай пост қолдирди: «Агар Эрон тинч намойишчиларни ўққа тутса ва шафқатсизларча ўлдирса, бу уларнинг одатий амалиётидир, АҚШ уларга ёрдамга боради. Биз тўлиқ қуролланганмиз ва ҳаракатга тайёрмиз».

Эрон жанубидаги Фарс провинциясининг Фасе шаҳрида маъмурий бинони штурм қилаётган намойишчилар, 31 декабр
Ижтимоий тармоқлар / AFP / Scanpix / LETA

Бир неча кун муқаддам Трампнинг олдига Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу борганди. Норасмий маълумотларга кўра, у Америка президенти билан июндаги урушдан кейин ўз ядровий ва ракета дастурини тиклашга ҳаракат қилаётган Эронга қарши янги чораларни муҳокама қилган. Трамп «уларнинг таъзирини бериш» билан таҳдид қилган.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаийнинг маслаҳатчиси Али Ларижоний бунга жавобан, Трамп «эҳтиёт бўлиши» кераклигини айтиб, агар АҚШ ҳақиқатан ҳам аралашишга қарор қилса, бутун Яқин Шарқда тартибсизлик ва беқарорлик юзага келиши билан таҳдид қилди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид