Жаҳон | 13:37 / 02.01.2026
2164
3 дақиқада ўқилади

Сўров: Россияда қолган немис компаниялари бозордан кетишни режалаштирмаяпти

Россия бозорида ишлашда давом этаётган немис компанияларининг фақат 4 фоизи ундан кетишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Германия-Россия ташқи савдо палатаси” лоббистик ташкилоти маълум қилди. У Россиядаги ГФР бизнес вакиллари орасида сўров ўтказган.

Фото: AP

Россия бозорида фаолият юритаётган немис компанияларининг бор-йўғи 4 фоизи келажакда ундан чиқиб кетишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда dpa агентлигига Москвада жойлашган ва Россияда немис бизнесининг манфаатларини лобби қиладиган “Германия-Россия ташқи савдо палатаси” лоббистик ташкилоти бошқарув раиси Маттиас Шепп маълум қилди. Dpa унинг 1 январ, пайшанба куни айтган сўзларини келтирди: “Тўрт йиллик қон тўкилиш ва санкциялардан кейин ҳам ҳали шу ерда — Россияда қолганлар бардош беришни истайди”.

Ташкилот Россиядаги тахминан 260 нафар немис тадбиркори орасида сўров ўтказган. Уларнинг ярмидан кўпининг раҳбарлари Ғарб санкциялари Россия иқтисодиётига кучли ёки жуда кучли зарар етказаётганини айтган. Респондентларнинг ярмидан кўпи 2026 йилда Россияда иқтисодий вазият салбий томонга ривожланишини кутмоқда. Улар, агар Украинадаги уруш якунланмаса, санкциялар янада қатъийлашишидан хавотирда.

“Бироқ Россияда ишлаётган немис компанияларининг 49 фоизи санкциялар Россияга қараганда Германияга кўпроқ зарар етказяпти, деб ҳисоблайди”, — деди Шепп. Унинг фикрича, немис ва европалик сиёсатчилар Россия иқтисодиётининг “барқарорлиги”ни кам баҳолаяпти, бу эса “нотўғри ҳисоб-китоблар”га олиб келмоқда.

Палата ГФР бизнесининг Россиядаги активларини 100 млрд евродан ортиқ деб баҳолайди. “Немис активлари ҳатто ошиб бормоқда, чунки Россия қонунлари мамлакатдан катта ҳажмда фойдани олиб чиқиб кетишга йўл қўймайди”, — деди Шепп. У бу активларни ҳимоя қилиш ва РФнинг уларни миллийлаштиришига йўл қўймаслик керак, деб ҳисоблайди.

Октябр ойида Шепп Европа ҳудудида музлатилган РФ активлари Украинага берилса, немис фирмалари 100 млрд евродан ортиқ маблағни йўқотиши мумкинлигини айтган эди. Унинг прогнозига кўра, бундай ҳолда Москва жавоб тариқасида Европа, хусусан немис активларини Россияда миллийлаштиради. “Бу маблағлар Кремл хазинасига тушиб қолиши Германия ва унинг солиқ тўловчилари манфаатига мос эмас”, — деган у.

Европа Иттифоқининг 19 декабрдаги саммитида Украинага “репарация кредити”ни музлатилган Россия активлари ҳисобидан эмас, балки ЕИнинг умумий қарз олиши орқали молиялаштириш эвазига беришга қарор қилинган. Украина бу кредитни фақат Москва Киевга уруш келтирган зарар учун товон тўлагандан кейин қайтариши керак бўлади.

“Германия-Россия ташқи савдо палатаси”да тахминан 750 та аъзо бор — бу РФдаги энг йирик хорижий иқтисодий уюшмалардан бири ҳисобланади. Палата баҳосига кўра, Россияда жами тахминан 2000 та немис фирмаси ишини давом эттирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид