Спорт | 21:25 / 05.01.2026
5453
16 дақиқада ўқилади

Аморимнинг кутилмаган истеъфоси. «МЮ» раҳбариятининг қарори қанчалик тўғри?

Унинг истеъфоси «Лидс» билан ўйингача ҳал қилинган бўлиши мумкин.

«Қайтараман, мен менежер бўлишни хоҳлайман, бош мураббий эмас. Тухел, Конте ёки Моуринио эмас исмим, лекин “Манчестер Юнайтед” менежериман ва ҳеч қаерга кетмоқчи эмасман. Шартномага кўра яна бир ярим йил шу ишни қиламан, кейин ҳамма ўз йўлида кетаверади. Спорт директори ҳам, скаутинг бўлими ҳам, мен ҳам ўз ишимизни қилcак кифоя. Агар Гари Невиллнинг танқидлари кимнидир хавотирга солса, клубни алмаштириши керак» – бу Рубен Аморим сўнгги матбуот анжуманида айтган гаплар.

«Бугунги даврда футбол реаллиги шунда – сен «Манчестер Юнайтед»дек клуб билан мавсумни 15-ўринда якунлашинг, «Гримбси Таун» деган жамоадан мағлуб бўлишинг, қатор антирекордларни янгилашинг мумкин, сенга ҳеч нарса бўлмайди, аксинча, Рэтклиф чиқиб яна уч йил ишлашинг мумкинлигини айтади. Аммо клуб раҳбариятига қарши гапириб қўйсанг, тамом, уч кун ҳам беришмайди, жамоанинг ҳолати, қандайдир таҳлилий кўрсаткичлар, аслида АПЛ ва жаҳон чемпиони бўлган клублар билан бир қаторда, кучли тўртликдан атиги уч очколик фарқда кетаётганинг ҳам қизиқтирмайди. Жейми Каррагер тўғри айтади – «Рубен Аморим айни пайтда клубга ўз шартларини қўя оладиган даражада кучли позицияда эмасди».

«Лидс»га қарши ўйиндаги дурангдан сўнг Рубен Аморим матбуот анжуманида «портлади». Анчадан бери давом этиб келаётган танқидларга дош бера олмай, танқидлар ўқини бошқа томонга, клуб раҳбарияти томон йўналтирди. Табиийки, бундан ҳам бадтар шартларда истеъфога чиқарилган, аммо ғинг дея олмайган аввалги мураббийлар олдида Рубен бундай йўл билан нимагадир эришишига ишониш қийин эди.

Албатта, Рубеннинг истеъфоси кечаги ёки аввалги кунги дуранглар билангина боғлиқ эмас. Бу истеъфога қадамлар анча илгари, ҳатто Аморим ҳали клубга келмасидан ҳам олдин бошланган. Келинг, воқеалар хронлогиясини кўриб чиқамиз.

Воқеалар ривожи

2024 йил, июн. Аввалги раҳбарият томонидан тайинланган Эрик тен Ҳаг мавсумдаги 8-ўриндан сўнг, истеъфо ёқасида турганида, май ойида Англия кубоги финалида ғалаба қозонди. INEOS («Манчестер Юнайтед»нинг янги раҳбарияти) ташқи босим остида нидерландиялик мутахассисга яна бир имконият беришга қарор қилади. Ёзги трансфер ойнаси айнан Эрик тен Ҳаг учун ташкил қилинади – Нуссайр Мазравий, Маттейс де Лиҳт, Жошуа Зиркзе ва Мануэл Угарте каби футболчилар сотиб олинади.

2024 йил, ноябр. Қатор муваффақиятсизликлардан сўнг жамоа турнир жадвалининг иккинчи ярмига тушиб кетади ва Эрик тен Ҳаг истеъфога чиқарилади. Сэр Жим Рэтклифф (INEOS) «МЮ»даги энг ишонган шахс – клуб бош директори Омар Беррада «Спортинг»да муваффақиятли ишлаётган Рубен Аморим вариантини илгари суради ва у билан келишади. Маълум бўлишича, клубнинг ўша пайтдаги спорт директори, ҳали иш бошлаганига кўп бўлмаган Дэн Эшфорт бу номзодга қарши бўлган ва айнан шу туфайли ишдан бўшатилган. Асосий зиддият Рубен Аморимнинг доим 3-4-3 схемасида ўйнаши ва бу «МЮ» таркибидаги футболчиларга мос келмаслиги хавфи билан боғлиқ эди.

Рубен Аморим уч йиллик шартномага имзо чекади. Шу билан бирга, Англияга келиши биланоқ жамоа унинг схемасида ҳаракат қилишини, барчаси шу йўналишда бўлишини айтади. Клуб ҳам бу ҳақида хабардор бўлгани ва Аморим тўлиқ қўлловга эга бўлишига кафолат берилгани тайин. Шу билан бирга, (бу муҳим), Рубен Аморим расман «бош мураббий» деб эълон қилинади, «менежер» деб эмас.

Фарқ шундаки, Англияда «менежер» жараён юзасидан тўлиқ назорат ўрнатади ва трансферларда ҳал қилувчи овоз эгаси бўлади. Эрик тен Ҳаг айнан «менежер» сифатида қайд этилган ва унинг давридаги бир қатор муваффақиятсиз трансферлардан сўнг клуб структураси ўзгариб, барчаси бир неча шахслар томонидан олиб бориладиган бўлган.

2025 йил, ёз. Жамоа таркиби Рубен Аморим тизими учун ҳам, талаб қилинадиган меҳнат этикаси учун ҳам умуман мос эмаслиги ойдинлашади. Айтиш мумкинки, клуб маълум вақт тўлиқ Рубен Аморим томонида турди ва Рэшфорд, Санчо ва Гарначо каби футболчилар таркибдан четлаштирилишида ҳам мураббийни қувватлади. Ёзда ҳужум чизиғидаги уч нафар футболчи учун жами 200 миллион фунтдан ортиқроқ пул сарфланди. Аммо май ойидан бери Рубен кўп бор талаб қилган интенсив марказий яримҳимоячи варианти амалга ошмади. Трансферлар ойнасининг сўнгги кунларида «Брайтон» яримҳимоячиси Карлос Балеба учун ҳаракат қилинган бўлса-да, уринишлар бесамар якунланди. Инсайдер Бен Жейкобснинг айтишича, Рубен Аморим олдинги чизиқдаги уч футболчини танларкан, марказий яримҳимоячи олинмаслигига ҳам рози бўлган.

Хуллас, ўтган икки транфер ойнасида жами 270 миллион фунтга яқин пул сарфланиб, Патрик Доргу (қишки трансферлар ойнасида), Бенжамин Шешко, Брайан Мбеумо, Матеус Куня ва дарвозабон Сенне Ламменс олиб келинди. Мураббийга тўғри келмаган Маркус Рэшфорд, Алехандро Гарначо, Расмус Ҳойлунд, Андре Онана каби футболчилар жамоани тарк этишди.

2025 йил, октябр. Жамоа мавсумни жуда ёмон бошлади. Дастлабки 6 турда 2 ғалаба, бир дуранг ва уч мағлубият қайд этилди. Энг ёмони, жамоа Лига кубогида қуйи лига вакили «Гримсби Таун»дан пеналтилар сериясида мағлубиятга учради. Босим ошиб, мураббийнинг истеъфоси учун кун саналаётган бир пайтда Жим Рэтклифф чиқиб, Рубенга тўлиқ ишонишини, у яна уч йил «МЮ» бош мураббийи сифатида қолишини таъкидлади.

Бу баёнотдан сўнг жамоадаги мавҳумликлар барҳам топди ва бу жамоа ўйинида ҳам намёон бўлди. «МЮ» «Сандерленд», «Ливерпул» ва «Брайтон» каби жамоаларни мағлуб этиб, сафарда «Ноттингҳэм» ва «Тоттенҳэм» билан дуранг ўйнади. Гўёки ҳаммаси ўз ўрнига тушган, прогресс аниқ кўрилаётган, жамоа йўлга тушиб олгандек эди.

Аммо кейинги ўйинларда ўйинда яна пасайиш бошланди ва жамоа бир ерда депсиниб тургандек тасаввур уйғотди. «Брайтон»га қарши баҳсдан кейинги 11 ўйинда атиги 3 ғалабага эришилди. Айниқса, турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётган «Эвертон», «Вест Ҳэм», «Бормунт» ва «Вулверҳэптон»га қарши «Олд Траффорд»даги дурангларни қабул қилиш жуда қийин эди. Тасаввур қилинг, мана шу ўйинларда ғалаба қозонилганида, айни пайтда жамоа ишонч билан кучли тўртликда бораётган бўларди. Бу йўқотишларга аниқ сабабни келтириш ҳам қийин, гўёки, жамоа ёмон ўйнамаётгандек, таркиб ҳам ёмон эмас, лекин мазкур ўйинлардаги муаммоларни ҳатто мураббий билмаганки, кейинги ўйинларда хатолар тузатилмади, айни шу муаммолар давом этаверди.

2025 йил, декабр. «Борнмут» футболчиси Антуан Семенёни 65 миллион фунтга қўлга киритиш варианти пайдо бўлганида «МЮ» ҳам харидорга айлангани ижобий воқеа эди – демак, керак бўлганда январ ойида трансферлар учун пул бор. Рубен Аморим ҳам кўп матбуот анжуманларида январдан фойдаланиш мумкинлигига ишора қила бошлади. Зеро, аслида яхши ҳаракат қилинса, январ ҳам кучайиш учун яхши имконият – ўтган мавсумда инқирозга тушган «Манчестер Сити» тўрт нафар футболчи учун 250 миллион евро пул сарфлаганди. «МЮ»нинг ўзи ўз вақтида Бруно Фернандешни айнан январ ойида сотиб олганини ва бу жамоа мавсумни кучли тўртликда якунлашига катта ҳисса қўшганини эслаш мумкин.

Аммо Семенё «Манчестер Сити»ни танлагач, клуб асосий трансферларни ёзга қолдирди ва январда фаол бўлмасликни танлади. Биринчи сабаб, асосий нишонлар бўлмиш Карлос Балеба, Эллиот Андерсон каби футболчиларни қўлга киритиш ёзда осонроқ бўлиши. Иккинчи сабаб, айни пайтда ишончсиз кўринаётган жамоага, аниқроғи, мураббийга қўшимча инвестиция қилмаслик ва мавсум қандай давом этишига қараб хулоса қилиш.

Фернандеш, Маунт, Майну, де Лиҳт, Магуайр каби футболчиларнинг жароҳати, яна уч футболчининг (Мбеумо, Амад, Мазравий) Африка кубогига кетиши муносабати билан деярли асосий таркиб футболчиларисиз қолган Рубен Аморим учун эса кўпроқ иккинчи сабаб ишончлидек кўринди ва клуб уни деярли ҳимоя қилмаётгандек туюла бошлади. Сўнгги турлардаги қониқарсиз натижалар, матбуотдаги танқидлар клуб раҳбариятига таъсир қилаётганини тахмин қилган Рубен Аморим омма олдида, матбуот анжуманида мақола бошида келтирилган сўзларни айтди ва расман клуб олдига ултиматум қўйди – ё мени тўлиқ қувватлайсиз ёки истеъфога чиқаринг. Қувватлаш деганда, айнан юқоридаги «менежер» ва «бош мураббий» атрофидаги мулоҳазалар тушунилади, яъни Рубен Аморим клуб доирасида кенгроқ ҳокимликни ўз қўлига олмоқчи, кимни ва қачон сотиб олинишига кўпроқ таъсир қилмоқчи эди.

Албатта, бундай талаблар ичкарида аввалроқ кузатилганига шубҳа йўқ, мураббийнинг клуб спорт директори Жейсон Уилкокс билан зиддияти ҳақидаги хабарлар бекорга чиқмаганди. Аммо курашнинг очиқ майдонга кўчиши – клуб раҳбариятида бошқа йўл қолдирмади ва ушбу матбуот анжуманидан бир кун ўтиб, португалиялик мутахассис истеъфога чиқарилди.

The Telegraph нашри ёзишича, Рубен Аморимнинг истеъфоси аслида «Лидс»га қарши ўйинидан олдин, яъни оловли матбуот анжуманидан олдинроқ ҳам кўриб чиқилганди. Манбанинг айтишича, Уилкокс Аморим билан жараённи ижобий руҳда муҳокама қилишга уринган, аммо гап 3-4-3 схемаси ҳақида борганда, португалиялик мураббий қаттиқ зиддиятга бориб, ўзини тута олмаган.

Рубен Аморим қандай ишлади?

Рубен Аморим ўз услубига эга бўлган, ўзига яраша харизмага эга иқтидорли мураббий. Аммо айтиш мумкинки, Манчестердаги бир йиллик фаолияти давомида асосан умид берди. Етарлича вақт ва баъзи трансферлардан кейин ҳам ўйиндаги баъзи муаммолар ҳал қилинмади.

2025 йил январида «Манчестер Юнайтед» «Энфилд»да пешқадам «Ливерпул» билан дуранг (2:2) ўйнаган, ўша ўйин ниҳоят Аморим тизими ишлашни бошлаганидан дарак бўлганди. Лекин орадан бир йил ўтди ҳамки, жамоа ҳали ҳам ўша нуқтада тургандек таассурот уйғотмоқда. Баъзи алоҳида ўйинларда жамоа жуда яхши ўйин кўрсатса-да, бу ишланмалар сақланган ҳолда бир неча ўйинда муваффақият қозониш, натижаларни барқарорлаштириш имкони бўлмади. «Манчестер Юнайтед» Аморим қўл остида фақат бир марта кетма-кет уч ғалабага эришгани, ҳали бирор марта қаторасига икки ўйинни гол ўтказмай якунлашни уддалай олмагани мана шу беқарорликни исботлайди.

Рубен Аморим таркиб тўлиқ шаклланмагани, яна бир қатор трансферлар қилиш лозимлигини ҳар қанча айтиши мумкин, аммо айни пайтдаги мавжуд таркиб билан «Вулверҳэмптон», «Вест Ҳэм» ва «Эвертон» каби жамоалар «Олд Траффорд»да мағлуб этилиши шарт эди. Еврокубокларсиз, ҳафтада бир ўйин режимида аслида Рубен Аморим учун етарлича таркиб ва ижрочилар бор эканини тан олиш керак.

Ҳар қандай догматик, ўз услубига эга бўлган мураббийлар ҳам ўз қўлида мавжуд таркиб билан, ҳар бир футболчининг энг яхши хусусиятлари ўртага чиқадиган, камчиликлари ёпиладиган тизим яратишга уриниши керак. «Манчестер Юнайтед»да эса аксинча, футболчиларнинг устун жиҳатлари намоён бўлиш ўрнига, доим камчиликлари юзага чиқа бошлади. Табиийки, ўзи учун ноқулай шартларда футболчи бахтсиз бўлади, бор имкониятини ишга солиш, вазиятлардан фойдаланишда совуққонлик йўқолади. Рубен Аморим қоғозда жуда яхши, якунда ишлаши мумкин бўлган тизимга эга бўлиши мумкин, лекин ўтган бир йил давомида футболчилар ўйиндан завқ олмагани, ўзини берилган вазифалар учун мос эмас деб ҳисобламагани ҳам факт.

Истеъфо ўринли эдими?

Аморим турмуш ўртоғи билан клуб базасини тарк этмоқда. Шартнома бир томонлама бекор қилингани учун унга 9 млн фунт миқдорида товон пули тўланади 

Одатда бош мураббийнинг истеъфоси учун сабаблар турлича бўлади. Биринчи вариант, жамоа натижалари мутлақо ёмонлашиб, мураббий бошқарувни бутунлай йўқотиб қўйиши. Ўтган мавсумнинг ҳар қандай даврида, ушбу мавсум бошида ҳам ушбу сабаб билан истеъфо рўй бериши мумкин бўлган пайтлар бўлди, аммо клуб ҳеч бирида бундай қарорга келмаганди. Ҳозирда жамоа жуда кўп йўқотишлар ва муаммолар билан ҳам кучли тўртликдан атиги 3 очко ортда бормоқда ва Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашишда давом этяпти. Мавсум бошида клуб асосий мақсад – кучли олтиликка кириш ва камида Европа Лигасига йўлланма олиш эканини маълум қилганидан келиб чиқилса, айни пайтда бу график бузилгани йўқ.

Иккинчи сабаб, аксарият футболчилар билан келишмовчиликлар. Ҳар қандай клуб барибир футболчилар учун кўпроқ пул тўлайди, улар асосий актив ҳисобланади. Шундай экан, баъзида етакчи футболчилар билан зиддиятларда бош мураббийдан воз кечилади. Рубен Аморимнинг таркибдаги баъзи футболчилар билан зиддияти бўлса-да, клуб доим мураббийнинг ёнида бўлган ва бугунги таркиб тўлиғича Аморимга қарши эмаслиги шубҳасиз.

Учинчи сабаб эса албатта, раҳбарият билан зиддиятлар. Аввалроқ «Ноттингҳэм Форест»да, яқинда «Челси»да бўлганидек, бош мураббийнинг клуб иерархияси билан зиддияти аксарият ҳолатларда кечирилмайди. Шу билан бирга, биз «Манчестер Сити» Пеп Гвардиолани қайсидир сўзи учун бўшатиб юборадиган вазиятда эмасмиз. Ҳатто ўтган мавсумдаги икки совриндан кейин «Челси» Марескани бўшатиб юборгани кўпроқ тушунарсиз эди. Яъни «Манчестер Юнайтед» Рубен Аморимни бўшатиб юборишида асосли сабаблар ҳам, мантиқ ҳам кўпроқ топилади.

Энг ёмони истеъфо мана шундай асосли сабаблар ортидан эмас, матбуот анжуманидаги фикрлар сабабли бўлаётганидир. Бу вазиятда табиийки, қандайдир таҳлилий кўрсаткичлар, асосли хулосалар эмас, Рэтклиффнинг жаҳли чиққани кўпроқ аҳамият касб этмоқда. Мавжуд муаммо ҳал қилиниши ўрнига кимдир жазоланди, холос.

Жамоани мавсум охиригача Даррен Флетчер бошқариши, номзодлар эса ёзгача кўриб чиқилиши айтилмоқда. Ниманидир эслатмаяптими? Бундан етти йил олдин бошқа бир португалиялик мутахассис ишдан бўшатилган, ўрнига эса клуб собиқ афсонаси вақтинча келиб, шу билан уч йил қолиб кетганди. Флетчер агар мавсумнинг қолган ярмида яхши ишласа, унда ҳам Сулшерникидақа имконият бўлармикин?

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид