Ўзбекистон | 13:03 / 05.01.2026
1784
3 дақиқада ўқилади

Ироқда Ўзбекистон корхоналарининг филиаллари очилади

Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси дипломатларидан иборат делегация Бағдодга ташриф доирасида Ироқ Божхона қўмитаси раҳбари Самир Қасим Давуд ҳамда Анбар провинцияси Савдо палатаси раиси Омир Алавий билан учрашувлар ўтказди. Музокараларда экспорт юклари бўйича тартиблар, ҚҚС ва божхона масалалари, шунингдек, “яшил коридор” ҳамда савдо инфратузилмасини ривожлантириш йўналишлари муҳокама қилинди.

Фото: Дунё

Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси дипломатларидан иборат делегациянинг Бағдодга ташрифи давомида Ироқ Божхона қўмитаси раҳбари Самир Қасим Давуд билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистондан экспорт юклари Ироққа келганда амалга ошириладиган тартиб-таомиллар, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳамда божхона тўловидан ташқари мавжуд эҳтимолий тўловлар масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар Ироққа маҳсулотлар экспорт қилинишида айрим давлатлар учун алоҳида божхона тарифлари мавжудлиги ҳақидаги масалани ҳам муҳокама қилди.

Ўз навбатида, Ироқ томони Ироқда фақат божхона ва ҚҚС тўловлари мавжуд экани, улар ҳам Ироқ Божхона қўмитаси томонидан назорат қилиниши, божхона тарифлари аксар давлатлар учун бир хил белгилангани ва фақат Иордания билан ўзига хос тарифлар мавжудлигини маълум қилди.

Музокараларда икки давлат божхона қўмиталари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу борада тегишли ҳужжатни ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди. Суҳбатдош аввалги босқичда Ўзбекистон ва Ироқ божхона қўмиталари ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистондан Ироққа озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотларини, Ироқдан Ўзбекистонга хурмо ва бошқа турдаги маҳсулотларни экспорт қилишда “яшил коридор” тизимини йўлга қўйиш, шунингдек Baghdad International Fair халқаро кўргазмасида Ўзбекистон павилони учун олиб келинадиган маҳсулотларни Бағдодга киритишда божхона текширувларини енгиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. “Яшил коридор” бўйича масала Ироқ Савдо вазирлиги масъул экани қайд этилди.

Ташриф доирасида делегация Анбар провинцияси Савдо палатаси раиси Омир Алавий билан ҳам учрашув ўтказди. Унда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва қўшма тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Музокараларда учта асосий йўналишга эътибор қаратилди: Ироқда Ўзбекистон корхоналарининг филиалларини очиш, ўзбек экспортёр компанияларининг савдо уйларини ташкил этиш ҳамда ўзбек маҳсулотлари учун Бағдодда омборхоналарни ижарага олиш тартиблари юзасидан фикрлар алмашилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид