Жаҳон | 11:10 / 07.01.2026
1997
3 дақиқада ўқилади

Оқ уй: Гренландия масаласида армиядан фойдаланиш — вариантлардан бири

Оқ уй баёнотига кўра, Гренландияни сотиб олиш масаласида АҚШ президенти Доналд Трамп учун Қуролли кучларни ишга солиш ҳам “вариантлардан бири” ҳисобланади.

Фото: Christian Klindt Soelbeck/Ritzau Scanpix/AP

Гренландияни сотиб олиш АҚШ миллий хавфсизлиги нуқтаи назаридан устувор масала бўлиб, Арктика минтақасида рақибларни тийиб туриш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг жамоаси мазкур ташқи сиёсий мақсадга эришиш учун “бир қатор вариантлар”ни муҳокама қилмоқда, шунингдек, Қуролли кучларни ишга солиш “олий бош қўмондон ихтиёрида доимо бўладиган вариантлардан бири” экани айтилди. Оқ уй сешанба, 6 январ куни шундай баёнот берди.

Бундан олдин бир қатор Европа давлатлари, жумладан Германия ҳам, Гренландияни аннексия қилиш эҳтимоли оқибатлари ҳақида АҚШни очиқ-ойдин огоҳлантирган эди. 6 январ куни Франция президенти Эммануэл Макрон, ГФР канцлери Фридрих Мерц, шунингдек Италия бош вазири Жоржа Мелони, Полша бош вазири Доналд Туск, Испания бош вазири Педро Санчес, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Дания бош вазири Метте Фредериксен номидан эълон қилинган баёнотда: “Гренландия унинг халқиники. Дания ва Гренландияга дахлдор масалалар бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқи фақат Дания ва Гренландияга тегишли”, — дейилади.

Европалик раҳбарлар таъкидлашича, Арктикадаги хавфсизликни АҚШни ҳам ўз ичига олган НАТО иттифоқчилари биргаликда таъминлаши керак. Дания бош вазири Метте Фредериксен АҚШ ҳарбий операцияси ёки Гренландия аннексияси содир бўлса, НАТОнинг хавфсизлик тизими — “демак, Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери таъминланиб келган хавфсизлик ҳам” барбод бўлишидан хавотир билдирди.

DW’га берган интервюсида Гренландия суверенитети учун курашаётган гренландиялик сиёсатчи Жуно Бертелсен “Гренландиядаги одамлар америкалик бўлишни истамайди” ва даниялик ҳам бўлишни истамайди, деб айтди. “Биз Гренландия мустақил бўлишини ва Дания қироллигига бўйсунувчи ҳозирги сиёсий мақомдан чиқишни истаймиз”, — дея таъкидлади у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид