Жаҳон | 14:28 / 09.01.2026
3285
18 дақиқада ўқилади

Телевидениедан мураббийликка ўтган, Рунига ёрдамчилик қилган – «Челси»даги янги «ноунейм» ҳақида

Фото: George Wood/Getty Images

Энцо Мареска ўрнига «Челси»нинг янги бош мураббийи этиб тайинланган Лиам Росениорни кўпчилик фақат бу лавозим учун номзодлар қаторида пайдо бўлганида таниган бўлса ажаб эмас. Лиам Боулига тегишли бўлган бошқа бир клуб «Страсбур»дан келгани туфайли бу шунчаки вақтинчалик келишув бўлишини тахмин қилганлар ҳам кўп эди. Аммо мураббий билан 6 йиллик шартнома тузилишини ҳеч ким кутмаганди. Бу қадар ишонч қаердан? Росениор ким ўзи? Ўз услубига эгами ва у қанақа?

Табиийки, бутун эътибор Лиамнинг сўнгги жамоаси «Страсбур»га қаратилди ва ҳаммаси биз ўйлагандек оддий эмаслигини пайқаш қийин бўлмади. Баъзи манбалар айтишича, «Челси»дагилар Лиам Росениорни Англиядаги фаолияти орқали яхши билган ва «Страсбур»даги иши аслида бир кун келиб «Челси»ни қўлга олишга бўлган тайёргарлик эди. Албатта, футболчилар билан ўн йиллик шартномалар тузадиган клуб бўлса ҳам, Боули жамоасининг бу қадар узоқ режалар қуришига ишониш қийин, лекин Лиамнинг «Страсбур»даги фаолияти алоҳида эътиборга арзийди.

Лиам Росениор 2024 йил 25 июлида французлар клуби билан уч йиллик шартнома имзолаганди. Лиам «Страсбур»га Патрик Виейранинг ўрнига келган ва янги мураббий билан жамоа жиддий ўсишга эришди. 2023/24 йиллар мавсумидаги 13-ўриндан кейин жамоа кейинги мавсумда Лиам билан 7-ўринни эгаллади ва Конференциялар Лигасига йўлланма олди. 2025 йилда мураббийга АПЛнинг турли жамоаларидан қизиқиш пайдо бўла бошлагач, шартнома янгиланди.

Тактик томондан Росениор Энцо Марескадан кескин фарқ қилмайди. Ҳар икки мураббий ҳам тўпга эгалик қилинганида уч ҳимоячи билан ҳаракат қилади, юқори прессинг ва қисқа паслар билан ўйнашни маъқул кўради. Лиамнинг севимли схемаси 3-4-2-1 (тўп билан 3-2-5, ҳимояда эса 4-3-3), аммо рақибга мослашган ҳолда кичик ўзгаришлар бўлиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси Маресканинг услубидан катта фарқ қилмайди ва балки бу ҳам «Челси» учун муҳим бўлган – у баъзи кичик ўзгаришларни амалга оширади ва шу билан бирга ишлаб турган тизим бузилмайди.

«Страсбур» таркиби Росениор футболига жуда мос эди – ёш ва жисмонан кучли. Янги мавсумнинг 1-турида «Метц»га қарши ўйиннинг бошланғич таркибида тушган футболчиларнинг барчаси 2000 йилдан кейин туғилган ёшлар эди. Бу кучли бешлик лигаларидаги илк мана шундай воқеа бўлганди. «Челси» бу борада Лиамга жуда мос.

Ўз вақтида «Челси»да ўйнаган, айни пайтда эса «Страсбур»да иккинчи ёшлигини бошдан кечираётган Бен Чиллуэл ёш мураббий ҳақида шундай деганди: «Ғалаба қозониш учун етарли тажрибага эга бўлмаган ёш футболчилар билан мураббий жуда яхши ишламоқда. У ушбу мавсумда совринлар ҳам ютмоқчи – Франция кубоги, Конферециялар Лигаси каби турнирларда ғалаба қозониш, Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашиш асосий мақсадимиз».

«Челси» бош мураббийи бўлиш – амалдаги жаҳон чемпиони бўлган клубда ишлаш ажойиб имконият. Мен уйга қайтишим, ўз болаларимни кўришим, буюк клуб билан шартнома тузишим мумкин. Бу имкониятни қўлдан бой бера олмасдим», – деди Лиам Росениорнинг ўзи.

Мураббийнинг ҳақиқий фаолияти бошлаганига кўп бўлмади, асосийси энди бошланади. Аммо бизда унинг мураббий ва шахсият сифатида шаклланиш йўли ҳақида маълумотлар бор. Қуйида The Coaches' Voice лойиҳасида Лиам Росениорнинг «Страсбур» билан шартнома имзолаган куни, яъни бир ярим йил олдин эълон қилинган фикрлари келтирилади.

Мураббий бу мақолада болалиги, отаси билан муносабатлари, мураббий бўлиб шаклланишида таъсир кўрсатган ва устозлик қилган шахслар ҳақида ҳикоя қилади. Бу матн мухлисларга «Челси»нинг янги мураббийини яқиндан танишга ёрдам бериши ва ҳатто унинг мухлисига айланиб қолишга сабаб бўлса ажаб эмас.

«Отам мен саккиз ёшимда чизган расмни ҳалигача сақлаб қўйган. Қачонки бу сурат ҳақиқатга айланса, менга қайтариб беришга ваъда берган. Мен эндигина туғилган 1984 йилда у “Фулҳэм”да ўйнарди. Чақалоқлигимда онам бу жамоа ўйинларига мени олиб борган экан.

Футбол оиламизнинг қонида бор. Эсимда, болалигимда мен ва укам Дарон учун ҳар шанба байрам эди – отамнинг футбол ўйнашини томоша қилардик. Тўрт ёшлигимда отам “Вест Ҳэм”га ўтди. Жамоа юқори лигада ўйнар, отам эса унинг энг яхши тўпурари эди. Бизни машғулотларга ҳам олиб борар, шунингдек, марказий ҳимояда ўйнайдиган Тони Гэйл ҳам ўз ўғли Энтони билан келарди.

“Алтон Парк”да мўъжазгина тренажёр зали бўлиб, ўйиндан олдин футболчилар ўша ерда шуғулланишарди. Биз – болалар, ўйин бошланишига атиги 15 дақиқа қолганда улар билан бирга шуғулланардик. Ажойиб адреналин. Ўша пайтлардан кийим алмаштириш хонаси иккинчи уйимга айланган. Уйимизга кўпинча отамнинг дўстлари келар, футбол ҳақида, турли тактикалар ҳақида суҳбат бошланиб кетар, мен эса ўзимни диванда ухлаганга солиб, уларни тинглашни яхши кўрардим. Менга меҳмон болалар билан ўйнашдан кўра мана шу суҳбатлар қизиқроқ эди-да.

Айтишим керакки, отам мени ҳеч қачон футболга тортмаган. Истак ўзимдан келарди. Қолгани оиламиз менталитети – “нимадир билан шуғулланмоқчимисан, бор кучингни бера олишингга ишончинг комил бўлсин”

Вақт ўтиб отам билан футболни муҳокама қилишни бошладик. Қизиғи, у доим мени болалар ўйинларига олиб борар, аммо худди бирор иши чиқиб қолгандек йўқолиб қоларди. Аслида менга кўринмайдиган жойда туриб олиб кузатар экан, шу тариқа, босим қилишни истамаган. Мураббийларга мен билан қийин бўлган, деб ўйлайман. Тўққиз ёшимдаёқ Чарлз Ҳюзнинг техника ва тактикани бошқариш ҳақидаги китобини ўқиб бўлгандим. Жуда ёққан. Эслайман, ўн бир ёшимдаёқ мактаб жамоасининг ўйновчи мураббийи эдим – турли машқлар ташкил қилар, ўйин картинасини яратишга уринардим.

Ўша даврларда “Аякс” зўр эди. Жамоа ўйинларини отам билан бирга томоша қилардик. Шунингдек, Пеп Гвардиола тўп сурадиган “Барселона”ни ҳам кузатганмиз. Ўша пайтлардаёқ мен мураббий бўлишни ўйлардим, балки шунинг учун жуда қайсар футболчи бўлганман. Доим жамоа ўйини мени қониқтирмас, ўзимники бўлган нимадир яратишни орзу қилардим.

Эсимда, 17 ёшда “Бристол”да ўйнаб юрганимда мураббий билан баҳслашиб, саволларга кўмиб юборардим. Йўқ, муаммо яратиш учун эмас, шунчаки, унинг ғоясини тушунишга уринардим. Доим футболга мураббий нуқтайи назари билан қараганман. Профессионалликка ўтганимдаёқ отамнинг мактабида мураббийлик ҳам қилганман, ўттиз икки ёшимдаёқ, футболчи бўлиб юриб Pro лицензиясини олдим. Ўйинлардан сўнг, шерикларим билан қарта ўйнаш ўрнига кўпинча рақиб ўйинларини томоша қилиб ўрганишга уринардим. Ҳамма нарсани таҳлил қилишни яхши кўрганман.

Фаолиятим давомида доим нималарнидир ёзиб юрганман. Кейинроқ уларни тўплаб, турли слайдлар ясаганман, ҳозир 350 га яқини турибди. Ичида турли хулосалар, рақибга қараб туриб жамоани қандай ўзгартиришга доир турли қарашлар. Илк йилларда британ футболи яккакурашларга асосланган 4-4-2 схемасида эди, лекин шахсан менга футбол аслида кенгроқ, чуқурроқдек туюларди.

Шундан бери футбол тактик томондан жиддий ривожланди, шу қатори Англия ҳам ўсди. Айни пайтда мураббий ғоясини савол остига қўйиш футболчилар учун нормал ҳолат. Футбол ўйнашни бошлаган йилларимда мураббийлар биздан улар учун ҳар қандай деворни бузишимизни кутишарди. Бу деворни нега бузиш керак ўзи, тушунтириб ўтиришмаган. Ҳозир эса футболчиларга ғояни сингдириш, нега бундай футбол ўйнаётганимизни тушунтириш энг муҳими – футбол шу томонга анча тараққийлашди.

2003 йилда “Бристол”дан “Фулҳэм”га ўтдим. Бу трансфер ўсишим учун катта пойдевор яратди. Лондонликларга у пайтда Крис Коулмен мураббий эди, аммо Жан Тигананинг мероси катта бўлган, сабаби Криснинг ўзи ҳам унинг штабида ишлаган. Айнан “Фулҳэм”да мен билан футбол деталлари ва техникаси ҳақида гаплашишни бошлашди. Крис ва унинг ёрдамчиси Стив Кин тактика ва ғояларга мафтун эди, зеро Жан Тигананинг таъсири шу, чунки француз мураббий ўша пайтлардаги аксарият британ мураббийларидан олдинда эди. Тигана даврида “Фулҳэм” АПЛга қайтган бўлса, Коулмен даврида мустаҳкам ўрнашиб олди. “Манчестер Юнайтед”га қарши ўйинда дебют қилган бўлсам, жами юзга яқин ўйинларда қатнашдим. Биз ҳужумларни пастдан ташкил қиладиган илк британ жамоаларидан эдик ва бу менга жуда ёқарди.

Тўрт йил ўтиб асосан эски футболга таянадиган Стив Коппеллнинг “Рединг”ига ўтдим. Бундай услуб менга тўғри келмасди. Футболдан завқ олмай қўйдим, лекин Стивдан ҳам кўп нарсани, айниқса, жамоани жипс ҳолда бошқариш ва ишонч уйғотишни ўргандим.

2008 йил сентябрида уйда “Суонси”га қарши ўйнадик. Рақиб мураббийи Роберто Мартинес позицион футбол қурганди. Эсимда, улар ҳужумларни ҳимоядан бошлаб, майда паслар билан чиқишга уринишар, биз кўп ҳолларда тўпни олиб қўярдик. Жисмонан кучли бўлган “Рединг” 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди, мухлислар эса “Англияда бундай футбол билан юта олмайсан” деб бақиришганди.

Жавоб ўйинини эслайман, биз улардан шунчаки тўпни олиб қўя олмаганмиз. Мен асабийлашиб қизил карточка ҳам олдим. “Суонси” Мартинес структурасини мукаммал ўзлаштирган ҳолда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Буни ўзим учун сақлаб олдим – жамоа муаммолар остида ҳам ўз жараёнида давом этди ва кучайди.

Кейинроқ “Рединг”га Брендан Роджерс келди. У тўп назоратига асосланган ташаббускор футбол қуришга интилди. Бренданнинг ғоялари Чемпионшипдаги ҳамманикидан олдинда бўлган. У менга машғулотларни қандай ташкил қилиш ва ўйин моделини яратиш бўйича устоз бўлди. Афсуски, Роджерс қўл остида атиги икки ой тўп сурдим холос, кейин “Ипсвич”га ўтишимга тўғри келди.

Мен яна Крис Ҳютоннинг муваффақиятларидан қувонардим. У “Брайтон”да ишлар, отамнинг собиқ жамоадоши, у ҳам қора танли эди. Мен ҳатто унинг АПЛга қайтишига ўз ҳиссамни қўшдим ҳам – 2017 йилда у ерда ўйнадим. Крис хотиржам ва мувозанат билан ишлар, жамоа қандай ўйнаши кераклигини сабр билан тушунтирарди. Унинг камтарлиги, инсонларга бўлган муносабатига ҳавас қилганман. Мен ундан ўрганган фазилатлардан бири – бошланғич таркибни ўйин олдидан эълон қилиш. Шу билан бирга, у асосий таркибга кирмаган ҳар бир футболчи билан шахсан гаплашиб чиқарди. Худди Крис каби мен ҳам асосий таркибни ўйин арафасида маълум қиламан. Мен учун футболчилар билан очиқ ва ҳаққоний бўлиш жуда муҳим – шу орқали ишонч ва ҳурмат пайдо бўлади. Бу эса нафақат футболда, балки ҳаётда ҳам мен учун энг муҳим жиҳатлар. “Брайтон”да Ҳютон натижалардан қатъи назар ўзини бир хил тутарди – хотиржам. У душанбадан жумагача бўлган иш жараёнидан оғишмас, у туфайли биз энг тартибли жамоалардан бири бўлгандик.

“Брайтон”да менинг мураббий бўлиш истагим ҳақида билишарди, шунинг учун 2018 йилда фаолиятимни тугатгач, ўринбосарлар жамоаси мураббий штабига таклиф олдим. Бизда ажойиб таркиб бор эди. У ерда катта тажрибага эга бўлдим. Шу билан бирга, катта жамоалардан менга таклиф бўлмаслигини ҳам тушуниб турардим. Ҳа, мен АПЛда ўйнаганман, лекин топ-даражага чиқа олмадим. Орзум томон ўз йўлимни қуришим керак эди. Хуллас, телевидениега ишга ўтдим, Sky Sports учун ўйинларни таҳлил қила бошладим.

Режа иш берди. 2018/19 йиллар мавсуми охирида “Дерби Каунти” эгаси мен билан алоқага чиқди. У Sky’даги гапларимни эшитгач, Филипп Кокунинг штабига таклиф қилди. Мен жуда бахтли эдим. Болалигимда айтдимку, “Барселона”ни ўрганганман ва Филипп Кокуни жуда ёқтирардим. У жамоа таркибида 300 дан ортиқ ўйинда қатнашган, аҳамиятлиси, турли позицияларда тўп сура олган. Энди эса мураббий сифатида ундан ўрганиш имконияти пайдо бўлди.

Кокуни четдан кузатиш бошқа, жараён ичида у билан бирга ишлаш бутунлай бошқа. Асосий фарқ, Кокунинг ҳужум ташкил қилишга кўпроқ эътибор бериши эди. Аксарият британиялик мураббийлар 80 га 20 фоиз ҳимояга аҳамият беришади. Тони Пулис, масалан, “Бристол”да ажойиб ҳимоя қурган, Ҳютоннинг “Брайтон”даги иши ҳам шунақа. Филипп эса 80 га 20 фоиз ҳужум фойдасига эътибор қаратарди ва айтиш мумкинки, жуда кўп қизиқ ғояларни илгари сурган. Менинг вазифам, унинг ғояларини футболчиларга етказиш эди. То “Дерби” ташқи бошқарувга ўтказилгунча жуда яхши даврлар эди, кейин эса муҳим кадрлар, ҳатто йигирма йиллаб клубда ишлаган инсонлар ҳам ишдан бўшатилди. Бу ҳам бир дарс бўлди – футбол клуби молиявий ресурсларни ҳам ақл билан бошқариши керак, зеро асосий жамоанинг муваффақиятлари етарли эмас.

Кокунинг “Дерби”сига ўйинчи ва сардор сифатида Уэйн Руни келганди. Коку кетгач, биз Руни билан мураббийликни қўлимизга олдик. Жамоага етакчи кераклиги аниқ эди, Руни эса жуда катта ҳурматга эга шахс – ундан яхшисини топишнинг иложи йўқ. Ўзаро келишувимизга кўра, мен машғулотларнинг бир қисмида Уэйнга ёрдам бераман, у эса менга тўлиқ ишонч билдиради. Ўйин услуби, жамоа қандай ўйнаши борасида ҳам келишиб олдик. Машғулотларда худди бош мураббий каби ишлардим, аммо Руни асосий шахс, доим асосий таркибни у белгиларди.

Ўз фалсафасига эга жамоа қуриш, ёш таркиб билан бир бош баланд сакраш – “Дерби”да олган тажрибам жуда катта бўлган. Биз жамоани Чемпионшипда сақлаб қолдик, кейинги йили эса ҳатто ҳаваскор жамоалар ҳам чақириши қийин бўлган йигитлар билан 55 очко олишга муваффақ бўлдик. Ҳеч ким биздан ғалабаларни кутмаган пайтда биз тўп назоратига асосланган позицион футбол кўрсатардик. Бу мен учун ҳам, Уэйн учун ҳам жуда муҳим эди. Ўша “Дерби” анча дадил, ҳужумкор ўйин кўрсатарди, аммо афсуски бизни 21 очкодан маҳрум қилишди ва жамоа қуйи лигага тушириб юборилди. Бизга узоқ вақт муваффақиятли ишлайдиган жамоа қуриш насиб қилмаган бўлса-да, бир нарсани тушундим – менинг фалсафам футболда ишлаши мумкин.

Руни клубни тарк этди. Қуйи лигага тушгач, мен вақтинчалик бош мураббий этиб тайинландим. Мавсумолди йиғинлар бошланишида бизда шартномага эга бўлган атиги 5 футболчи бор эди. Ҳаммасини нолдан бошлашга тўғри келади. “Дерби”да мураббийлар штаби ҳам шакллантирилмаганди. Биз эрта-ю кеч ишлар, турли футболчилар билан боғланиб, жамоа йиғишга уринардик. Мавсумолди йиғинларга U18 ва U21 жамоаларидан одам қўшдик ва шу тариқа жамоа ўзаги пайдо бўлди.

Футболда муваффақият асосан совринлар ва ғалабалар билан ўлчанади, аммо баъзида шундай шартлар бўладики, бошқа томонларга ҳам эътибор бериш лозим. Мен “Дерби”даги ишимдан фахрланаман – янги жамоа тузиб, унга ўз услубимга кирита олдим. Қандайдир натижалар ҳам бўлди – Лига кубоги учинчи раундига қадар бордик, лигада плей-офф зонасида юрдик. Мен илк бор клубни тўлиқ бошқариш, қисқа вақтда таркибни тузиш тажрибасига эга бўлдим.

Энг бошида айтганим, отамда сақланаётган суратда эса мен жаҳон чемпионатида Англия миллий жамоаси мураббийи сифатида майдон четида турибман. Ҳа, мен бутун умр нимани хоҳлашимни билардим – мураббийлик. Айни пайтда орзуларимда яшаяпман ва ҳар бир лаҳзадан завқ олишга интиляпман. Футбол менинг бутун ҳаётим эди, кейин ҳам шундай бўлиб қолади».

Тайёрлаган:  Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид