Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Кубани АҚШ билан “кеч бўлмасдан олдин” келишув тузишга чақирди
Венесуэладан Кубага энди на нефт, на пул келади, шунинг учун Ҳавана “кеч бўлмасдан олдин” Вашингтон билан келишув тузиши керак, деди АҚШ президенти. Куба ҳокимияти бу баёнотга ғазаб билан жавоб қайтарди.
Фото: Mandel Ngan/AFP/Getty Images
Куба АҚШ билан “кеч бўлмасдан олдин” “келишув тузиши” керак. АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба, 11 январ куни Truth Social ижтимоий тармоғида шундай баёнот берди.
Унинг айтишича, “кўп йиллар Куба Венесуэладан катта ҳажмда нефт ва пул ҳисобидан яшаб келган”, бунинг эвазига эса 1999–2013 йилларда Жанубий Америка давлати президенти бўлган Уго Чавесга ва Венесуэла раҳбари Николас Мадурога “хавфсизлик хизматлари”ни кўрсатган. Трамп таъкидлашича, Николас Мадурони АҚШ армиясининг махсус бўлинмалари 3 январ куни қўлга олган.
Бироқ эндиликда вазият ўзгаради, деб ёзади Трамп: “Энди Кубага на нефт, на пул келади — нол”. “Мен уларга (Куба ҳокимиятига — таҳр.) кеч бўлмасидан олдин келишув тузишни (АҚШ билан — таҳр.) қатъий тавсия қиламан”, — дея таҳдид қилди Оқ уй раҳбари. АҚШ президенти айнан қайси келишувни назарда тутаётганини аниқ айтмади ва Ҳавана учун оқибатлар моҳиятини ҳам очиқламади.
Куба ҳокимияти Доналд Трампнинг баёнотларига ғазаб билан жавоб қайтарди. “Куба ҳеч қайси мамлакатга кўрсатган хавфсизлик хизматлари учун пул ёки моддий мукофот олмаган ва ҳеч қачон олмайди”, — деб таъкидлади Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригес 11 январ куни X тармоғидаги микроблогида.
“АҚШдан фарқли ўлароқ, бизда бошқа давлатларга нисбатан ёлланмачилик, шантаж ёки ҳарбий босим билан шуғулланадиган ҳукумат йўқ, — дейилади ушбу постда. — Бошқа ҳар қандай мамлакат каби, Куба ҳам ёнилғини экспорт қилишга тайёр бўлган ва АҚШнинг бир томонлама мажбурловчи чораларига аралашувсиз ёки бўйсундирилмасдан, тижорий муносабатларни ривожлантириш ҳуқуқини амалга ошираётган бозорлардан ёнилғи импорт қилишга мутлақ ҳуқуққа эга”.
“АҚШ ўзини жиноий ва назоратсиз гегемон сифатида тутмоқда, у тинчлик ва хавфсизликка нафақат Кубада ва бу яримшарда, балки бутун дунёда таҳдид солмоқда”, — деди Куба ТИВ раҳбари.
Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес 3 январ куни “Делта” АҚШ махсус бўлинмаси томонидан “Мутлақ қатъият” номли ҳарбий операция доирасида қўлга олинган. Уларни аввал АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Гуантанамодаги базасига, кейин эса Ню-Йоркка олиб кетишган; 5 январ куни у ерда ағдарилган раҳбар иштирокида илк суд мажлиси бўлиб ўтган.
АҚШ ҳокимияти Мадурога расман “наркотерроризм”, қурол сақлаш ва Венесуэла дипломатик паспортлари савдоси бўйича айбловлар қўйган. Хусусан, сиёсатчига АҚШда аввал террорчи деб эълон қилинган Cartel de los Soles жиноий гуруҳини бошқаргани, шунингдек, рафиқаси, ўғли ва сафдошлари билан кокаин ишлаб чиқариш ва ташиш билан шуғулланадиган Колумбия гуруҳлари билан тил бириктириш айби қўйилди. Мадуро бу айбловларни инкор қилиб, уларни мамлакатининг нефт захираларига кириш учун “ниқоб” деб атаган.
Доналд Трамп 11 январдаги постида даъво қилишича, Николас Мадуронинг хавфсизлигини таъминлаган кубаликларнинг кўпчилиги АҚШ ҳарбий операцияси натижасида ҳалок бўлган. “Венесуэлага энди уни қанча йиллар гаровда ушлаб турган бандитлар ва товламачилардан ҳимоя керак эмас. Энди Венесуэлани ҳимоя қилиш учун дунёдаги энг қудратли (анча устун!) Қўшма Штатлар Қуролли кучлари бор, ва биз уларни ҳимоя қиламиз!” — деб ёзди АҚШ раҳбари.
Мавзуга оид
14:09
Трамп ўзи Венесуэла президенти сифатида кўрсатилган фотони эълон қилди
09:51
Куба раҳбари Трампнинг “келишув” бўйича чақириғини кескин рад этди
17:20 / 11.01.2026
ОАВ: Европа давлатлари Гренландияга НАТО қўшинини жойлаштирмоқчи
16:48 / 11.01.2026